Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди

487
0

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олди

 11 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларус президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг видеоанжуман шаклидаги саммитида иштирок этмоқда.

 Тадбирда Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этди.

 Шу йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

 Изоҳ: Россия Ўзбекистонни ЕОИИга олиб кириш учун турли йўллар билан босимлар ўтказиб келди. Дастлаб, Ўзбекистоннинг асосий “заиф нуқтаси” – меҳнат муҳожирлари масаласини кўтарди. Ҳатто Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бундай босимлар мавжуд эканлигига иқрор бўлди.

 “Фуқароларимиз тақдирини енгиллаштирадиган қатор ҳужжатларни тайёрлаган эдик. Россия билан бир-иккита ҳужжатларни имзоламоқчи бўлган эдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буниям, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак. Улар айтяптики, Тўғри ёзилган, яхши шартнома. Шартномани нима қиласиз? Мана, Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади”,- деган эди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири  Комилов.

 Бироқ, АҚШ Ўзбекистонни ЕОИИ аъзолиги оқибатларидан “огоҳлантирди”. АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жонатан Хеник: “Мен ушбу музокаралар ҳақида изоҳ беролмайман, чунки Қўшма Штатлар ЕОИИ аъзоси эмас. Ўзбекистон иштирокида муҳокамалар давом этмоқда. Шуни биламанки, бу масала Ўзбекистон халқини жуда ўйлантирмоқда. Биз Ўзбекистон фуқароларининг дунё бозорлари ва инвестицияларидан фойдаланишга интилишини қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон аҳолиси барча мавжуд маҳаллий блок ва савдо алоқаларини ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласини синчковлик билан ўрганиб чиқишади. Қайси бири фойдали эканлигидан келиб чиқиб, танловни амалга оширади”, – деди америкалик дипломат.

 Шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари билан қилган жонли мулоқотида Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласига муносабат билдирди.

 “Аввало, биз ҳамиша Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашимизни таъкидлашни истар эдим. Суверенитет эса ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва хавфсизлик масалаларини мустақил ҳал этмоғини англатади. Шу боис ҳам биз Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзолик масаласида қабул қилган ҳар қандай қарорини ҳурмат қиламиз. Айни чоқда, биз Ўзбекистон бу каби қарорларни қабул қилишда барча мусбат ва манфий жиҳатларни инобатга олишига хайрихоҳмиз. Негаки, бундай қарорлар келгусида суверенитет ва мустақилликка таъсир этиши мумкин. Бу борада очиқ баҳс-мунозара бўлгани маъқул.

Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) келсак, тўғри, айрим мамлакатлар икки тузилма (ҳам ЕОИИ, ҳам ЖСТ) аъзолигини кўзлаган. Аммо  ЕОИИга аъзолик Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини мураккаблаштириши ва узайтириши айни ҳақиқат. Қозоғистон ҳам, гарчи кейинчалик ЖСТга аъзо бўлган эса-да, айни шундай воқеликка рўбарў келди. Энг муҳими, Ўзбекистон ўз иқтисодий тараққиёти истиқболи борасида аниқ тўхтамга келмоғи зарур –  мамлакат глобал ЯИМнинг 2 фоизига эгалик қилаётган, юқори ташқи тарифлар ўрнатилган иттифоқ таркибида бўладими ёки жаҳон иқтисодиётиннг 98 фоиз қисми билан бирга бўлишни маъқул кўрадими…”, – деди Дэниел Розенблюм.

 Ушбу “огоҳлантиришлар” ортидан Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи давлат бўлишга қарор қилди. Аммо бу қарор Россияни қаноатлантирмади. Шу сабабли ҳам навбатдаги қадам – қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тақиқлаш йўлига ўтди.

 Ўзбекистон ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида кириши арафасида “Росселхознадзор” 26 ноябр куни Фарғона вилояти, 4 декабр куни Навоий вилоятидан Россияга олиб келинадиган помидор ва қалампирларда вирус аниқлангани сабабли тақиқ қўйди. Кейинчалик қуритилган ўрик партиясида хавфли зараркунанда – капр қўнғизи аниқланганини сабаб қилиб Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан барча ўсимлик маҳсулотларини олиб киришга тақиқ жорий этди. 11 декабрдан бошлаб эса Қашқадарёдан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйди…

 Демак, икки мустамлакачи давлат – Америка ва Россиянинг Марказий Осиёдаги геосиёсий кураши Ўзбекистон устида тўқнаш келмоқда. Чунки, Ўзбекистон аҳолиси сони катталиги, табиий бойликлари ва географик жойлашуви жиҳатидан муҳим ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча республикалар билан умумий чегарага эга бўлганлиги сабабли Ўзбекистонда нуфузга эга бўлган давлат қолган барча мамлакатларга ўз таъсирни ўтказиш имконини қўлга киритади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here