بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
ТАКЛИФ ШАРТЛАРИ
(Сайтнинг мақола бўлимидаги бундан аввалги “Таклиф ҳитоби”мақоласига мурожаат қилишингиз мумкин)
Бандаларга таклиф қилинган (зиммаларига юклаган) ҳукмларнинг баъзиларида Ислом шарт қилинган, яъни баъзи ҳукмлар фақат Исломни қабул қилганлардан-мусулмонлардан талаб қилинади.
Таклифнинг мусулмонларга хос эканлиги икки жиҳатдан бўлади: Биринчиси, нусусларда очиқ бўлади, масалан: “Оли Имрон” сурасининг 102 – Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар– оятидаги “Аллоҳдан қўрқиш” ва “Таҳрим” сурасининг 9 – кофирларга қарши курашинг – оятидаги “кофирларга қарши жанг қилиш”, ҳамда “Нисо” сурасининг 141- Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай – оятидаги “кофирларни мўминлар устидан ҳукумрон қилиб қўядиган битимларни тузиш мусулмонларга ҳаромлиги” очиқ келгани каби.
Иккинчи, нусусларнинг маъно-мазмунида далолатан бўлади, масалан: Росулуллоҳ (с.а.в) ва хулафои рошидинлар намозни фақат мусулмонлардан талаб қилишгани каби. Кофирлардан намоз каби аҳкомлар талаб қилинмайди, демак бундан бу каби ҳукмлар мусулмонларга хослигига далолат қилаётгани аён бўлади.
Лекин “Ислом” таклиф шартларидан бири эканини очиқ ёки далолатан ифодаланган бу каби мусулмонларга хос эканлигига насс келмаган фаръий аҳкомларни таклиф қилишда “Ислом” шарт эмас. Бу каби ҳукмлар мусулмондан ҳам, кофирдан ҳам бирдек талаб қилинади. Яъни таклифнинг умумий шартлари бор бўлиб, уларда мусулмон билан кофир орасида фарқ йўқ. Банда (мусулмон ёки кофир бўлсин, унинг) зиммасига таклиф юклатилаётганда ушбу шартлар бирдек эътиборга олинади. Бу шартлар – болиғлик, оқиллик ва қодирликдир. Демак, мукаллафни шартилари: болиғ, оқил ва таклиф қилинган нарсани бажаришга қодир бўлишдир. Али (р.а) дан ривоят қилинади, Росулуллоҳ (с.а.в) деди:
رُفِع القَلمُ عن ثلاثةٍ: عن النَّائمِ حتَّى يستيقظَ، وعن الصَّبي حتَّى يحتلِمَ، وعن المجنونِ حتَّى يَعقِلَ
“Уч кишидан қалам кўтарилган: ухловчидан то уйғонгунча, ёш боладан то балоғатга етгунча, мажнундан то ақлини топгунча”. Имоми Зайд муснади. Аллоҳ Таоло деди:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. [2:286]
Юқорида келтирилган ҳадисдаги “қалам кўтарилди” деганининг маъноси – таклиф кўтарилди – деганидир. Демак, у мукаллаф эмас, аҳкомлар билан хитоб қилинмаган. Кейинги оятдаги لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ (Аллоҳ … таклиф қилмайди)нинг маъноси, гарчи нафий (инкор) маъносида бўлсада, лекин наҳий (қайтирув) маъносини ифодалайди. Буни Набий (с.а.в)нинг ушбу сўзи қувватлайди:
اإذا أمرتكم بشيء فأتوا منه ما استطعتم
“Агар сизларга бирор ишни буюрсам, тоқатингиз етганча уни бажаринг”. Муслим ва Бухорий ривоятлари.
Шу ўринда: – “Аллоҳ ёш болага ва мажнунга (бойлиги бўлса) закот, (зиммасидаги) нафақалар ва кафолатларни вожиб қилган. Демак, улар мукаллафдир, чунки уларга баъзи ҳукмлар таклиф қилинган”- деб айтилмайди. Чунки бу вожиботлар ёш бола ва мажнуннинг феълига таъаллуқли эмас. Балки, уларнинг моли ва зиммасига таъаллуқлидир. Унинг моли ва зиммаси эса, таклиф ўрнидир, яъни айнан ўша ўринларнинг ўзлари ҳақида шаръий талаблар бор. Бироқ, қаламни кўтарилиши(нинг ниҳояси) очиқ ғоя билан: “то балоғатга етгунча”, “то ақлини топгунча” деб белгиланган. Бу иллатлашни ифодалайди. Иллат эса, ёшлик ва ақлни йўқлигидир. Буни молга ва зиммага даҳли йўқ.
Яна “таклиф қилиш”да: – “Аллоҳ маҳол нарсани таклиф қилган. Чунки бажаришга қудрати йўқ бўлган кишига таклиф қилган. Масалан: Абу Лаҳабни, Росул (с.а.в) олиб келган нарсага иймон келтиришга буюрган ва уни иймон келтирмаслиги ҳақида хабар берган. Бу бир-бирига зид бўлган икки нарсани жамлашдир. Демак Аллоҳ маҳол нарсага таклиф қилган. Яъни кишига қудрати етмаган нарсани таклиф қилган”- деб айтилмайди. Чунки Аллоҳ нозил қилган нарсаги иймон келтиришни талаб қилган ваҳий, Абу лаҳаб иймон келтирмаганидан кейин нозил бўлмаган, балки ушбу нозил қилинган нарсага иймон келтиришга уни аввал таклиф қилган. Шундан кейин, яъни таклифни тушуниб туриб қабул қилмагандан кейин Аллоҳ уни иймон келтирмаслиги ҳақида хабар берди. Уни иймон келтирмаслиги ҳақида хабар бериши, иймон келтиришга таклиф қилиш билан бирга бўлмаган. Чунки (Абу Лаҳабнинг иймон келтирмаслиги тўғрисидаги) хабар, иймонни вожиблигига далолат қилувчи далилдан кейин келган.
Бу гаплар ҳукмларни даставвал таклиф қилиш шартлари жиҳитидандир. Аммо таклифдан кейин аҳкомларни мукаллафдан кўтарилиши эса, таклиф шартларидан эмас. Балки, мажбурланган, хато қилувчи ва унутувчи кабилар, таклиф қилинган ҳукмни тарк этишни рухсат қилувчи узрлардир. Бундай кишилар аввалдан мукаллаф бўлмаганликларини эмас, балки уларга аввалдан таклиф қилинган нарсани бажармасликларида ҳараж (безовталаниш) кўтарилишини ифодалайди. Демак, улар таклиф шартларидан эмас. Росулуллоҳ (с.а.в) деди:
إن الله تجاوز عن أمتي الخطأ والنسيان وما استكرهوا عليه
“Аллоҳ, умматимдан хатони, унутишни ва мажбур қилинган нарсани олиб ташлади” Ибн Можжаҳ ривояти.
Шу ўринда эътиборли нарса шуки, “қалам кўтарилди” деган билан “Умматимдан олиб ташлади” деган сўзлар орасида фарқ бор. “Қалам кўтарилди” дегани – таклиф кўтарилди, мукаллаф эмас – деганидир. “Умматимдан олиб ташлади” дегани эса – умматимдан азоб билан ушлашни олиб ташлади – дегани бўлиб, бу эса, таклифни кўтарилишини (таклиф қилинмаганлигини) лозим қилиб қўймайди.
Ҳадисда келган мажбурлик – яъни шаръан эътиборли бўлган мажбурлик – тарк этишга имкони йўқ даражадаги ишга боғлаб қўювчи мажбурликдир. Агар бундай бўлмаса, эътиборли эмас. Агар мажбурлик шундай даражага етса, унга зарари йўқ. Агар бундай даражага етмаса, у ихтиёрли бўлиб, тарк этганига кўра жавобгар бўлади.
Ғариб Муслим