Хитой қарзни тўлов муддатини кечиктириш учун шарт қўйди

0
660

Хитой қарзни тўлов муддатини кечиктириш учун шарт қўйди

 Хитой томони Қирғизистонга қарзларни тўлашни кейинга қолдиришга рози бўлди, аммо шу билан бирга маълум бир шарт қўйди. Бу ҳақда Молия вазирилиги давлат қарзлари бошқармаси бошлиғи Руслан Татиков маълум қилди.

 Татиковнинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон Хитой билан музокаралар олиб бормоқда.

 “Музокаралар давом этаётгани сабабли батафсил маълумот бермайман. ОАВ Хитой томони тўловни кечиктиришга рози бўлмади деб ёзишмоқда, аммо бундай эмас. Хитой тўлов муддатини кечиктирди, бироқ алоҳида шарт қўйди, биз ҳозир бун муҳокама қиляпмиз. Музокаралар якунига етса, тўлов муддати 2020-йилнинг 1-майидан 31-декабрига қолдирилади. Бу 35 миллион долларни ташкил этади”, – деди Татиков.

 Шунингдек, у музокаралар натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказилишини ва барча шартлар тўғрисида очиқ айтилишини билдирди.

 Изоҳ: Аввалроқ, Хитой чегараларни тўлиқ очиш учун Қирғизистонга бир қатор шартлар, хусусан, Хитой компаниялари хавфсизлигини таъминлаш шартларини қўйган эди. Бугунга келиб қарзнинг тўлов муддатини узайтириш эвазига яна бир шарт қўйди. Гарчи Молия вазирилиги вакили Хитой қандай шарт қўйганига ойдинлик киритмаган бўлсада, президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг 12-ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтган гаплари Хитой шарти нимадан иборат эканлигига ойдинлик киритди. Жапаров матубот анжуманида “Нориндаги Жетим-Тоо темир кони хорижий давлатларга берилмайди”, деди.

 У ташқи қарздан қутулиш учун конни хорижий давлатга сотилиши тўғрисидаги гапларни “миш-миш” деб атади ва Хитойнинг қарзидан қутулиш йўли бор эканлигини айтди:

 “Жетим-Тоонинг бир фоизи эмас, бир дона қуми ҳам берилмайди. Ўзимиз ишлатамиз, Жетим-Тоо биланми ёки бошқа ресурслар биланми… Хитойнинг қарзидан қутулиш йўлларини излаяпмиз. Қутулиш йўли бор. Буни топамиз”.

 Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда Жетим-Тоода темирнинг беш миллиард тоннадан зиёд захираси мавжуд. Бу таҳминан 50 миллиард долларлик хом-ашё.

Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS