Қирғизистонликларга давлат қарзини узиш учун пул тўплаб бериш таклиф этилди
Айни вақтда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,8 млрд долларни ташкил қилиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 56 фоизидан кўпроғини ташкил қилади. Қирғизистон бу суммадан 40 фоизини Хитойга тўлаши керак. Аввалроқ мамлакат раҳбарияти пандемия сабабли юз берган қийинчиликларни сабаб қилиб кўрсатиб, Пекиндан қарзни реструктуризация қилишни илтимос қилган. Бироқ ушбу масала очиқ қолган. Президент истеъфосига олиб келган сиёсий инқироз эса муаммони янада чуқурлаштириб юборди.
Парламент депутати, Қирғизистондаги аёллар ташкилотларидан бирининг раҳбари Айнура Алтибаеванинг таъкидлашича, давлат банкларидан бирида қарзни тўлаш учун аҳолидан жалб қилинадиган пуллар йиғиладиган махсус ҳисобрақам очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Қирғизистонда олтин қазиб олишни назорат қилувчи давлат концерни билан музокаралар олиб борилмоқда. Фаолларнинг таъкидлашича, бу республикада нафақат пул, балки заргарлик буюмларини хайрия қилмоқчи бўлган одамлар борлиги учун зарур.
“Биз жамиятда ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланишига умид билдирамиз. Албатта, қарзни мамлакатга ажратилган пулларни талон-тарож қилганлар узиши керак, деган фикр бор, бироқ биз ҳам бирдамлигимизни кўрсатиб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Бу ерда ҳеч қандай сиёсат йўқ”, – деб таъкидлаб ўтган Республика аскарлар оналари қўмитаси раиси Уулкан Байгубатова.
Маълумки, Қирғизистонда бундай уринишлар аввал ҳам икки маротаба – 2007 ва 2018 йилларда амалга оширилган. Бироқ қарзни тўлашда ёрдам беришга чақириқлар аҳоли томонидан қўллаб-қувватланмаган. Одамлар бунга жавобан лавозимий жиноятларга қарши курашни кучайтиришни ва қарзни коррупциячилар мол-мулки ҳисобига узишни таклиф қилишган эди. Бунга сабаб, халқнинг ҳукуматга нисбатан ишончи қолмаган. Агар бу ташаббус қўллов топиб, пул йиғилган тақдирда ҳам, бу маблағларнинг мақсадли ишлатилиши савол остида қолади.
Шу сабабли ҳам бу сафарги ташаббус ҳам ҳеч қандай ижобий натижа бермайди. Бу ташаббус ҳам янги ҳукуматга ёқмоқчи бўлаётганларнинг навбатдаги популистик чақурувдан бошқа нарса эмас.
Абдураҳмон Одилов