Москвада қирғиз-ўзбек чегараси масаласи муҳокама қилинди
Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков 9 сентябрда Москвада ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, икки давлат вазирлари Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини демилитация ва демаркация ишларини якунлаш масаласини муҳокама қилди.
Учрашувда чегарадаги муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш ва иқтисодий муносабатлар истиқболи ҳақида ҳам сўз бўлган. Учрашув Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги йиғилиши доирасида ўтказилди.
27 августда ҳам Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаров Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари мақомидаги маслаҳатчи Меҳриддин Ҳайриддинов билан чегарани демилитация қилиш масаласида музокара ўтказган эди.
1378 километрли Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасининг 1170 километри, яъни 85 фоизи аниқланган. Чегаранинг яна 10 фоизи юзасидан келишувга эришилгани хабар қилинган. Чегаранинг 5 фоиз ҳудуди эса ҳозирча икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолмоқда.
Таҳлил: “чегаралар муаммоси”, халқаро сиёсатда мустамлака давлатлар ўртасида доимий кескин вазиятни ушлаб туриш мақсадида фойдаланилади.
Вазиятга кўра, яъни бирор томонга босим бериш мақсадида йирик мустамлакачи давлатлар, бу давлатлар ўртасидаги чегараларда атайин кескинликлар пайдо қилишади. Кескинлик оқибатида пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ички ишларимизга аралашишга, ҳарбий экспансия ёки ўрталаримизда ҳарбий базалар ўрнатиб олишга ҳаракат қилишади.
Ҳозирда Россия Ўзбекистонни Евроосиё иттифоқига киришига мажбурлаш мақсадида ҳар томондан унга босим ўтказиб келяпти. Охирги йилларда Ўзбекистон Ғарбга яқинлаштирадиган бир қанча ҳаракатларни қила бошлаган эди. АҚШнинг Афғонистон орқали транзит йўли очиб беришига қаттиқ ишониб, Россия билан алоқаларини совутиб олди. АҚШ олдида Афғонистон инфраструктурасини яхшилаш мажбуриятини олиб, мамлакатга миллиардлаган харажатлар сарфлади. Лекин Афғон ҳукумати билан Толибон ҳаракати иттифоқи туза олмагач, Ўзбекистон давлат иқтисоди ноаниқ, мубҳам ҳолда қолмоқда.
Ўзбекистон Хитойдан ва АҚШга қарашли халқаро банклардан улкан қарзлар олиб кераксиз тармоқларга сарфлаб боряпти. Россия карантин баҳонасида Ўзбекистоннинг деярли ягона ташқи миллий маҳсулоти бўлган ишчи мигрантларини чиқариб юбориб, уларни қайта киришларига қаттиқ чекловлар қўя бошлади. Россияга мустамлака давлатлар ўртасида қолган Ўзбекистоннинг аҳволи қўшни давлатлар билан чегараларнинг ёпилиши, шунингдек Қозоғистон ва Россия орқали транзит йўлидан маҳрум бўлиш билан кризис ҳолатига тушади.
Шунинг учун Россия Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқага аралашиб, Ўзбекистонни, минтақадаги таъсир қуввати, нуфузидан огоҳлантириб қўймоқчи бўлаяпти.
Абдураззоқ Мўъмин.