Песков: КХШТнинг бир аъзосига бўладиган таҳдид барча иштирокчилар учун хатарлидир

0
532

Песков: КХШТнинг бир аъзосига бўладиган таҳдид барча иштирокчилар учун хатарлидир

 Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо исталган давлатга бўладиган ташқи таҳдид барча иштирокчи давлатлар учун хавф туғдиради, деб хабар қилди РФ президенти матбуот-котиби Дмитрий Песков.

 Беларус президенти Александр Лукашенко агар Иттифоқ давлатнинг ғарбий чегарасида “қимирлашса”, Минск ва Москва қўшма қуролли кучлар уюшмасини ишга солишлари ҳақида баёнот қилган.

 Беларусда Россия ўз ҳарбий базасини жойлаштирадими, деган саволга жавоб берар экан, Песков бу масала кун тартибидан ўрин олмаганини таъкидлаган.

 Сал олдин РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров, нега Россияни Беларусдаги воқеалар ташвишга солаётгани ҳақида тўхталар экан, “Минск – РФнинг стратегик шериги” эканлигини қайд этиб ўтган эди.

 Изоҳ: 9-август куни Беларусда бўлиб ўтган навбатдаги президнтлик сайловида мамлакатни 1994-йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко (80,08% овоз билан) ғалаба қозониши ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари бугунга қадар тўхтагани йўқ.

 Александр Лукашенкони ғалаба билан биринчи бўлиб Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзинпин табриклади. Унинг ортидан Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Александр Лукашенкони ғалабаси билан табриклади. Аммо Лукашенконинг “ғалабаси” АҚШ ва Европа давлатларини қонатлантирмади. Шу сабабли ҳам ғарб давлатлари сайлов натижаларини тан олмаслик йўлини тутишди. Бу йўлда улар ўзларининг ишончили қуроли “демократик” ҳуқуқларни рўкач қилишди.

 Украина раҳбари Владимир Зеленский Беларус ҳукумати ва намойишчиларни очиқ мулоқот қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, зўравонликнинг авж олиши “ўта оғир оқибатларга олиб келади”.

 БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакат расмийларини “тинчликни сақлашга ва одамларнинг тинч йиғилишларга бўлган ҳуқуқларини ҳурмат қилишга” чақирмоқда. Шунингдек, у фуқаролар бу ҳуқуқдан тинчлик ва қонунни бузмасдан фойдаланишнинг муҳимлигини таъкидлади.

 АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Беларусдаги сайловларни эркин ва адолатли эмас деб атади. АҚШ ҳукумати Беларус ҳукуматини тинч йиғилишлар ҳуқуқини ҳурмат қилишга ва куч ишлатмасликка чақирди.

 Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Хендрик Дамс Беларус сайловларининг ҳаққонийлигини шубҳа остига қўйди. У, шунингдек, “тинч намойишчилар, фаоллар ва журналистларни кенг қамоқда ушлаб турилиши”га эътибор қаратиб, “муддатидан олдин сайлов ўтказишнинг барча тартиби” ни шубҳа остига қўйди.

 Германия Вазирлар Маҳкамасининг таъкидлашича, президент сайловлари пайтида демократик сайловлар учун минимал стандартларга риоя қилинмаган. “Шу муносабат билан, Беларусь ЕХҲТ кузатувчиларининг ишлаши учун ҳеч қандай имконият бермаганидан жуда афсусдамиз. Мамлакат сиёсий раҳбарияти халқнинг хоҳиш-иродасини қабул қилиши керак”, – деди Германия Вазирлар Маҳкамасининг расмий вакили Штефен Зайберт…

 Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, эндиликда АҚШ ва Россия манфаатлари белорус халқи устида тўқнаш келмоқда. АҚШ Беларусдаги сайлов натижаларини тан олмаслик ва қайта сайлов ўтказиш ва шу йўл билан ҳукумат тепасига ўзига қарашли одамни олиб келиш орқали имкон қадар Россиянинг “тумшуғи остига қадар” кириб келишга ҳаракат қилаётган бўлса, Россия гарчи ўртадаги айрим келишмовчиликлар бўлса ҳам Лукашенкони сақлаб қолиш орқали ўзининг “ҳимоя буферини” сақлаб қолмоқчи.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS