ЕОИК кенгаши Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи–давлат мақомини бериш масаласини кўриб чиқди

0
399

ЕОИК кенгаши Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи–давлат мақомини бериш масаласини кўриб чиқди

 Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгашининг йиғилишида Ўзбекистонга ЕОИИда кузатувчи–давлат мақомини бериш бўйича қарор лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЕОИК сайтида хабар берилди.

 Хабарда айтилишича, якуний қарорни иттифоқ давлатлари раҳбарлари қабул қилади.

 Май ойида Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИда “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллаганди.

 ЕОИИ тўғрисидаги шартноманинг 109-моддасига мувофиқ, кузатувчи-давлат вакиллари таклифга кўра Иттифоқ органлари йиғилишида қарор қабул қилишда қатнашиш ҳуқуқисиз иштирок этиши мумкин.

 Изоҳ: Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилиш масаласи мамлакат ичида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўзбек сиёсатчилари ва зиёлилари икки гуруҳга бўлиниб, иттифоққа аъзо бўлиш тарафдорлари бўлган биринчи гуруҳ аъзоликнинг ижобий томонларини бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилган бўлса, иккинчи гуруҳ ушбу иттифоқ мамлакат мустақиллигига таҳдид туғдиришига урғу беришди.

 Маълумки, Каримов президентлиги даврида ўз ҳокимиятига хавф пайдо қилиши мумкин деган қўрқув билан Ўзбекистонни бу каби иқтисодий иттифоқ ва ҳарбий блоклар билан масофа сақлаб муносабат қилар ва унинг даврида бу борасида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Каримовдан кейин ҳокимият тепасига келган Мирзиёев ундан фарқли равишда очиқроқ сиёсат олиб бора бошлади. Қўшни давлатлар билан муносабатларни қайта тиклагани каби, АҚШ босими остида Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига олиб кириш ҳаракатини бошлаган бўлса, бошва томондан Россия босимларидан қутулиш учун ЕОИИга кузатувчи давлат сифатида киришга рози бўлди. Аммо Ўзбекистонни кузатувчи мақоми Россияни қаноатлантирмади. Шу сабабли ҳам Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орқали босим ўтказишни давом эттирмоқда. Ҳатто Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бундай босимлар мавжуд эканлигига иқрор бўлди.

 “Фуқароларимиз тақдирини енгиллаштирадиган қатор ҳужжатларни тайёрлаган эдик. Россия билан бир-иккита ҳужжатларни имзоламоқчи бўлган эдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буниям, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак. Улар айтяптики, “Тўғри ёзилган, яхши шартнома. Шартномани нима қиласиз? Мана, Евросиё иқтисодий иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади”, – деди Комилов. Демак, Россия Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо қилиб олиб кирмагунча босимларини тўхтатмайди.

 ЕОИИ иқтисодий иттифоқдан кўра кўпроқ сиёсий мақсадларни кўзлаган ташкилот бўлиб, асосан рус ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилиш ва ўзини СССРнинг меросхўри сифатида кўрувчи Россиянинг империя даъволарини рўёбга чиқариш йўлида хизмат қилади. Бугунги кунга қадар мазкур иттифоқдан фойда кўрган фақат Россия бўлмоқда. Аммо бу иттифоқнинг келажаги йўқ. Россиянинг Белорус ва Қозоғистон билан келишмовчиликлари кучайиб бориши, Арманистонни иттифоқ доирасида фойда кўрмаётгани, иттифоққа аъзо бўлиш эвазига Россия ваъда қилинган газ нархлари бўйича эътирозлари, қирғиз сиёсий доирасида иттифоққа қарши муҳитни кучайиб бориши яқин келажакда ЕОИИ завол топишидан дарак беряпти.

 Абдураҳмон Одилов

NO COMMENTS