بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Фаластинга хиёнат қилган кимсанинг ўзи қандай қилиб Амирликларни Фаластинга хиёнат қилганини қоралайди?!
Онадўли ахборот агентлиги веб-сайтининг (ҳижрий 1441 йил 24 зулҳижжа, милодий 2020 йил 14 август жума куни) нашр қилган хабарида бундай дейилади:
«Амирликлар «Исроил» билан муносабатларини нормаллаштирганини эълон қилгандан сўнг Ражаб Тоййиб Эрдоган Туркиянинг Амирликлар билан дипломатик алоқаларни тўхтатиши ёки Абу-Дабидаги элчисини чақириб олиши мумкинлигини айтди.
«Афтидан, Фаластин Абу Дабидаги элчихонасини ёпиш ёки элчисини чақириб олиш арафасида. Худди шу нарса бизга ҳам тегишли», деди Истанбулда жума намозини адо этиши ортидан Эрдоган.
У яна қўшимча қилди: «Мен ҳам Ташқи ишлар вазирим (Мавлуд Човушўғли)га кўрсатма бериб, унга биз Абу Даби билан хусусан дипломатик муносабатларимизни тўхтатиш ёки элчимизни чақириб олиш каби қадамни ташлашимиз мумкинлигини айтдим».
«Чунки биз Фаластин халқи томонидамиз ва Фаластинни ҳеч кимга бермаганмиз ва бермаймиз ҳам», деди Эрдоган».
Роя газетаси шарҳи:
Эрдоганнинг бу баёнотлари ғоят юзсизлик эмасми?! Ахир, Фаластинга хиёнат қилган бир кимса қандай қилиб Амирликларнинг хиёнатини қоралаши мумкин. Туркиянинг хиёнатини айтадиган бўлсак, биринчи бўлиб яҳудий вужудини давлат сифатида тан олган ва у билан муносабатлар ўрнатган давлатлардан бири Туркиядир. Унинг Тел-Авивда элчихонаси бор, икки давлат ўртасида узилмас ҳарбий ҳамкорлик ришталари мавжуд.
Эрдоган одамларни бундан ҳам кўпроқ адаштириш мақсадида «Чунки биз Фаластин халқи томонидамиз ва Фаластинни ҳеч кимга бермаганмиз ва бермаймиз ҳам», деди. Ваҳоланки, у ҳам, бошқа мусулмон юртлари ҳукмдорлари ҳам ўнлаб йиллардан буён Фаластинни босқинчиларга ем қилиб бериб келишяпти. Ҳатто бу Эрдоган Туркияси Ғазо қамалини бузиб ўтишга уринган Мармара кемаси бортидаги олти туркнинг яҳудийлар томонидан ўлдирилганига ҳеч қандай жавоб қайтаргани йўқ.
Роя газетасининг 2020 йил 19 август чоршанба кунги 300-сонидан