Байрутдаги портлаш мамлакат миқёсидаги фалокатдир!

363
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Байрутдаги портлаш мамлакат миқёсидаги фалокатдир!

2020 йил 4 августда Ливан тарихида унутилмас кун бўлди. Ўша тунни одамлар пойтахт Байрутдаги вайроналар устида ўтказдилар. Бир қарашда шаҳар аҳли буни зилзила зарбаси, деб ўйлади. Ҳатто Иордания Рихтер шкаласи бўйича 4.5 балл ер силкинганини эълон қилди. Бироқ бу зилзила эмас эди, бу Байрут портидаги омборлардан 12 рақамли омборда юз берган портлаш эди! Биринчи ҳодиса ёнғин билан бошланди. Уни табиий равишда фуқаро мудофааси ҳал этишга уринди. Бироқ кутилмаганда бир нечта видеокамераларда худди атом бомбасида бўлганидек қўзиқорин шаклидаги йирик портлаш ва тўқ қизил рангдаги улкан булут кўринди… Портлаш тўлқини деярли бутун шаҳаргача чўзилиб, уй-жойлар ойналари парчаланиб кетди… Атроф хонавайрон бўлди, ҳатто уйлари ва машиналари ичида бўлган одамлар ҳам жароҳатландилар, булар диаметри камида 7 километр бўлган доирада юз берди.

Портлаш булути самога улкан вайронагарчиликдан эмас, балки даҳшатли реал воқеликдан, 12 рақамли омборхонадан чиқиб кўтарилди. Омборда портловчи моддалар ясашда ишлатиладиган 2750 тонна аммиакли селитра бўлганлиги, бу модда 2014 йилдан бери эътиборсизлик ва лоқайдлик билан сақланиб келгани айтилди. Бунга келтирилган дастак шуки, айни модда Байрут портидан транзит бўлиб ўтаётганда контрабанда юк бўлгани сабабли мусодара қилиниб, айни омборхонага жойланган эмиш!

Ўшандан бери модда портда ғарам бўлиб турган, расмий ва хавфсизлик доиралари бунинг қанчалик хавфли эканини билишган, била туриб, масалага жавобгарлик билан ёндашишмаган. Аксинча, масала Эрон Ҳизбининг (Ҳизбуллоҳнинг) қўли узун бўлган бир ерда лоқайд қолдирилган. Зотан, глобал даражада олди-сотди қилиш тақиқланган ва фақат давлатларгина муомала қиладиган бу каби модда ҳаммадан ҳам шу Ҳизбга керак. Айниқса, бугун Эрон Ҳизби Асад режимини мудофаа қилиб, уни барча керакли нарсалар билан таъминлаётган бир вақтда айни моддага жуда муҳтож. Бу каби моддаларнинг катта қисми Шомдаги инсонлар бошига ёғдирилаётган портловчи бочкаларни тайёрлашда ишлатилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас!! Ахир, омборхонадаги айни моддаларнинг шунча вақтдан бери турганини, у 2750 тоннадан кўп бўлмаганини ким ҳам ҳисоблаб бера олади?! Чунки айрим ҳисоботларда портлаш ҳажмининг 300-800 тонна аммиакли селитрага тўғри келгани айтилди. Агар омборда бу моддадан 2750 тоннанинг ҳаммаси сақланиб турганда эди, унинг портлаши билан Байрут шаҳри Ливан харитасидан ўчиб кетган бўлар эди!

Омборда Эрон Ҳизбининг қурол-яроғлари сақлангани учун яҳудийлар самолёти омборга зарба берган, дегувчилар кўп бўлди. Улар бу ҳодисани ҳам яҳудийларнинг Эрон Ҳизбига ва Суриядаги Эронга бериб келаётган қатор зарбалари туркумига қўшишди. Ҳатто мана шундай катта портлашга ёнғин сабабчи бўлди, дегувчилар ҳам бўлди. Агар ҳозиргача иккинчи вариантнинг, яъни, ёнғиннинг эҳтимоли кўпроқ деб ҳисобланадиган бўлса, у ҳолда, бу масалада диққат-эътиборни қаратиш лозим бўлган асосий масала бор: Аммиакли селитра қурол ҳисобланадими ёки қурол ҳисобланмайдими, бундан қатъий назар, катта портлаш кучига эга бир модда нима учун портда бор эди, бунга нега йўл қўйилди, ахир, бу порт шаҳарга туташ бўлиб, шаҳарнинг ҳаётий бир тармоғи ҳамда аҳоли гавжум яшовчи райони ҳисобланади-ку?! Ушбу модда Эрон Ҳизбига тегишли қуроллардан бўлиб, уни яҳудийлар самолёти нишонга олган бўладими, ёки портда жуда катта ҳажмда ва юқори даражада портловчи моддаларнинг ҳуда-беҳуда сақланганлиги сабабли портлаш келиб чиққан бўладими, бундан қатъий назар, бу ерда факт шуки, айни омборхоналарда нега бу даражада кўп миқдорда портловчи моддалар бор бўлган.

Бу савол бир ҳақиқатга янада ойдинлик киритади. Ҳақиқат шуки, Ливан режими оёғидан бошигача коррупция ботқоғига ботиб кетди, бу эса, давлатга ҳукмронлик қилаётганларнинг, айниқса, Ливандаги Эрон Ҳизбининг қўлини узун бўлишига сабаб бўлди… Улар коррупция хавфи қанчалар катта бўлишига қарамай, қўллари узунлигидан фойдаланиб, коррупция масаласини узоқ йиллар яшириб келишди, Аун ва унинг оқими каби уларнинг иттифоқчилари ҳам бу вазиятга рози бўлишди. Улар бу ҳолга ўзларининг ва хўжайинлари Американинг Ливандаги ҳукмронликларини сақлаб қолиш учун рози бўлишди. Ҳатто Ливан аҳлининг хавфсизлиги ва саломатлигига зарар етса ҳам, ўзлари қонхўр Асад оиласи режимига ҳаёт бағишловчи жон томир вазифасини ўтаб келишди! Шунинг учун портлаш ишида юртдаги Эрон Ҳизби ва унинг иттифоқчиларини оқлаб бўлмайди, айниқса, модда шу Ҳизбга мансубдир. Ҳа, Эрон Ҳизби мана шундай сиёсий ҳолокостга дуч келди. Шу сабабли унинг бошини қашиб, гангиб қолгани яққол намоён бўлди ва оқибатда, бу Ҳизбнинг Ливан парламентида «Кутла вафо лил-муқовама» (Қаршилик ҳаракатининг вафо фракцияси), дея танилган фракцияси раиси Муҳаммад Раъд қабиҳ қилмиш содир этди, яъни, Шайтонлар билан ваъдалашган Макрон ва бошқа душманлар билан учрашди, улар билан бир столда ўтирди, учрашувда Эрон Ҳизби етакчилари ҳам қатнашишди!! Ҳатто Раъд Макрон билан ёнма-ён туриб гаплашди, сўнг – Ливан газеталаридан бирида айтилишича – У Макронга «ўзаро суҳбатлашишимиз масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ, муаммо ўзаро келишиб олиб, сўнг келишувни бажармаслигимизда, бунга Тоиф келишувини имзолаб, сўнг уни бажармаганимиз далилдир», деган сўзларни айтди!

Портлаш ортиданоқ чопиб етиб келган Макрон айни сафари билан ҳодисадан Франция манфаати учун нисбий тарзда бўлса ҳам фойдаланиб қолишга уринди. Франциянинг Ливанга асосий раҳнамолик қилишга ваъда бераётгани очиқ кўриниб турди ва бу манзара 2005 йил ҳодисаси манзарасига жуда ўхшади. Ўшанда Рафиқ Ҳаририйга суиқасд қилиш ҳодисасида Франция ўз одамлари билан шошилинч ҳаракат қилиб, ҳодисадан Сурия режими ва унинг разведка ходимларини юртдан олиб чиқиб кетишда фойдаланган. Ҳақиқатдан ҳам буни уддасидан чиққан, АҚШнинг Ливандаги ҳукмронлигига зиён етмаган. Ҳатто ўша пайтда Ауннинг Ливанга қайтиши Европанинг одамлари учун кутилмаган ҳол бўлган. Гап шундаки, улар Аун Франциядан бизнинг сафимизга қайтди, деб ўйлашганди, қарашса, у келибоқ Сурия одамлари сафига ўтди ва кейинроқ Эрон Ҳизби билан иттифоқ тузди!

Афтидан, французларнинг бу ҳаракати бирёқлама бўлмаган кўринади. Чунки АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Морган Ортгус 2020 йил 7 июлда «Ҳурра» телеканалига берган интервьюсида бундай деганди: «Ливанлик раҳбарлар олдида оғир танлов турибди. Биз Ливаннинг яхши келажаги бўлиши учун французлар ва бошқалар билан биргаликда қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз». Илгари ҳам, 2017 йил ноябрда Америка Саудиядаги Саъд Ҳаририйни қамоққа олиш масаласида Франциядан ёрдам сўраган. Ҳатто Макроннинг ўзи айни Ливан сафари чоғида бу масалада Вашингтон билан ҳамкорлик қилаётганини очиқлаб, бундай деди: «Франция Ливанга халқаро ёрдамни Жаҳон банки ва АҚШ билан мувофиқлашган ҳолда олиб боришга тайёр. Биз Ливанни қўллаб-қувватлаш учун халқаро конференцияда албатта қатнашамиз». Бу баёнот ортидан 2020 йил 8 август шанба кунги хабарларда Трампнинг Аун билан боғлангани, унга Ливанни қўллаб-қувватлаш бўйича Париж конференциясида иштирок этажагини, конференцияга Макронни ҳам таклиф қилажагини айтгани хабар қилинди. Кейин Араб давлатлари Лигасининг баёноти янгради. Унда Лига бош котиби Аҳмад Абу Гейт Ливанни қўллаб-қувватлашини ва шаффоф тергов олиб борилишига ёрдам беришини таъкидлади.

Аммо нега Франция, Америка бевосита ўзи эмас? Чунки Франция Ливандаги фракцияларни тўплашга қодирроқ. Америка эса, айни манзарада кўриниб, ҳамма билан тўғридан-тўғри учраша олмайди, айниқса, у ерда Эрон Ҳизби бор. Шу сабабдан бу масалани ҳал этишда вакилликка энг лойиқ Францияни танлади. Шубҳасиз, Франция бу ҳаракатда маълум ютуқларни қўлга киритади ҳамда АҚШ ўзининг сиёсий ишларида қўллаётган ўртача ечим сиёсатига биноан, унинг ютуқларга эришишига монелик қилмайди ва буни албатта Ливанда бўғинларига солган чангалини бўш қўймаган ҳолда бажаради.

Роя газетасининг 2020 йил 12 июл чоршанба кунги 299-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here