АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистонга ташриф буюради
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Покистон, Қатар ва Ўзбекистонга ташриф буюриб, Афғонистондаги “тинчлик жараёни”ни муҳокама қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабарида айтилган.
Афғонистон масаласи Россия ва АҚШ ўртасидаги асосий стратегик нуқта хисобланади. Чунки, АҚШнинг Марказий Осиёдаги манфаатларни қўлга киритишида, Россиянинг бўлса ўз таъсирини ушлаб қолишида Афғонистон муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон эса хозирда икки йирик халқаро сиёсий ўйинчилар ўртасида қолди. Ўзбекистон стратегик жиҳатдан муҳим нуқтада жойлашган бўлиб, Марказий Осиёнинг асосий стратегик йўналишига таъсир кўрсата оладиган ва табиий ресурсларга бой давлатдир. АҚШ, Россия ва Хитой ўртасида бораётган халқаро сиёсатдаги геосиёсий кураши Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон устида тўқнаш келмоқда.
АҚШ Марказий Осиёни Афғонистон орқали оламий бозорларга олиб чиқиш билан, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатларни қўлга киритмоқчи. Бу лойиҳа амалга ошса, АҚШ бутун минтақани Россиянинг иқтисодий таъсири остидан олиб чиқа олади. Чунки бу бутун оламга айнан фақат Россия орқали чиқиш мумкин бўлган йўналишлар учун алтернатив йўл бўлиб, Марказий Осиёни Россия ва Хитойнинг иқтисодий мустамлакаси остидан чиқариб юбориши мумкин. Бу АҚШ учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаат олиб келиши мумкин бўлган муҳим лойиҳалардан ҳисобланади. Бунинг учун эса Афғонистонда тинчлик ҳукм суриши зарур. Шу сабабли ҳам Америка Толибон билан тинчлик музокараларига киришиб, минглаб толибларни озод қилинишига рози бўлди. Ўзбекистонни эса шу тинчлик музокараларида воситачилардан бири қилиб танлади.
Абудраҳмон Одилов