بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳизб ут-Таҳрирнинг марказий матбуот бўлими аёллар қаноти: «Синовлар ортидан туҳфалар келади» номли рамазон кампанияси
Бу йилги рамазон ўтган рамазонлар каби бўлмаяпти. Яъни, бир неча ака-ука ва опа-сингилларимиз ўтган бир неча ҳафтада коронавирус туфайли суйганлари ва яқинларидан жудо бўлдилар, қолганлари касалхоналарда қолмоқдалар. Буларнинг барчаси, Умматимиз Сурия, Яман, Кашмир, Ғазо сектори, Аракан (Мьянма), Шарқий Туркистон ва бошқа мусулмон юртларида бомбалар ва ўқлар ёмғири остида нобуд бўлаётган ёки босқинчилик зулмидан ёхуд қочқинлар жамлоқлари (ўлим лагерлари)да азоб-уқубатлар чекаётган бир пайтда содир бўлмоқда. Бундан ташқари, дунёнинг аксар юртларида карантин сабабли ака-ука ва опа-сингилларимиз оғир иқтисодий қийинчиликларга учрадилар ҳамда аҳллари, оилалари ва қариндошларидан узоқда қолдилар. Бизнинг кўпчилигимиз жума намозлари, жамоат ва таровиҳ намозларини адо этишдан, ифторлик дастурхонида биргаликда ўтиришдан маҳрум қолмоқдамиз.
Мана шундай салбий ҳолатлар ва қора кунлар манзарасида, баъзан умид чироғини ёки шуъласини кўришимиз қийинлашиб қолиши мумкин. Бироқ биз мусулмонлармиз, шу боис буюк динимиз бизга синовлар, балолар, мусибат ва қийинчиликларнинг мақтовга лойиқ Ҳақ Таолога юзланиш ва ундан ёрдам сўраш фурсати эканини ўргатган. Аллоҳ Таоло бундай дейди:
الم * أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لاَ يُفْتَنُونَ * وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ
«Алиф, Лом, Мим. Одамлар – имон келтирдик, дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (имон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ (имон келтирдик, деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» [Анкабут 1-3]
Шунинг учун синовлар ва қийинчиликлар бизга имонимизда холис ва динимизга вафодор эканимизни Холиқимиз Субҳанаҳу ва Таолога исботлаш имкониятини беради. Бунинг учун шу синовлардан Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога яқин бўлиш ва унга тиз чўкишда самарали фойдаланмоғимиз даркор. Чунки – хоҳ шахсий ҳолатда, хоҳ Уммат сифатида бўлайлик – бу синовлар Аллоҳ Таолога итоат қилиш ва барча амрларига амал қилишдаги заиф ва чала нуқталаримизни тўғрилаб олишимиз учун шундай бир қулай фурсатдирки, ушбу қийинчиликларнинг барчасидан ғолиб келайлик, карами кенг, қудрати улуғ Роббимизга кўпроқ ибодат қилиб олайлик.
Шу билан бирга, ушбу синов ва қийинчиликлар ўзимиз яшаётган оламдаги вазият ҳақида ҳамда тузумлар, қонун ва қоидалар тўғрисида тафаккур қилишимиз учун ҳам қулай фурсатдир. Зеро, бу тузум ва қонунлар юртлар устидан ҳукм юритиб, ҳозирги (COVID-19) эпидемияси каби, Умматга салбий таъсир ўтказаётган кризисларни кучайтиряпти. Шу билан бирга, бу тузум ва қонунларнинг инсоният учун тоғ-тоғ муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз… Демакки, бугун буларнинг барчасини қандай қилиб ўзгартириш тўғрисида фикрлаш учун зарур фурсат туғилди. Шу боисдан, ўзимизда, юртимизда ва бутун оламда ижобий ҳақиқий ўзгаришни пайдо қилишимиз учун ушбу синов ва машаққатлар тайёр имкониятдир.
Хўш, фалокатлардан азият чекаётган, мусибат ва машаққатларга дучор бўлаётган бир пайтимизда, ўзимизни энг кучли эканимизни намоён қилиш учун Рамазондан қандай фойдаланамиз?! Зотан, биз фикрлашда ва динимизни тушунишда кучли бўлсаккина Аллоҳ Таоло бу дунёда биз учун хоҳлаган олий мартабага, юксак мақомга кўтарила оламиз. Аллоҳнинг дини йўлида инсонлар устида гувоҳ бўладиган Уммат даражасига кўтарилсаккина дунёю охиратда ютуққа эришамиз.
Ҳизб ут-Таҳрир марказий матбуот бўлими аёллар қаноти 1441 ҳижрий санадаги муборак Рамазон ойи давомида «Балога қарши туришда ютуқ сари ҳаракат қилиш» масаласини муҳокама қиладилар.
Кампанияни қуйидаги электрон манзилимиз орқали кузатишингиз мумкин:
Роя газетасининг 2020 йил 29 апрел чоршанба кунги 284-сонидан