ХВФ Ўзбекистонга 375 миллион доллар ажратди

887
0

ХВФ Ўзбекистонга 375 миллион доллар ажратди

 Халқаро валюта фонди директорлар кенгаши жорий йилнинг 18 май куни Коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш учун Ўзбекистон Республикасига 375 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги имтиёзли қарз маблағлари ажратилишини тасдиқлади. 

 Мазкур маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тўлдиришга йўналтирилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг Twitter аккаунтида хабар қилган. 

 “ХВФ томонидан имтиёзли қарз маблағларини ажратишда анъанавий равишда мамлакатдаги макроиқтисодий вазият ва давлат қарзи билан боғлиқ хатарлар таҳлил қилинди”, – деб ёзган вазир. 

 ХВФ томонидан эълон қилинган ҳисоботда коронавирус пандемиясининг республика иқтисодиётига салбий таъсири натижасида ЯИМнинг ўсиш суръатлари 1,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинган. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг давлат қарзига хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори даражада сақлаб қолинаётгани таъкидлаб ўтилган.

 Изоҳ: Бутун дунёни саросимага солган коронавирусдан ҳар бир давлар ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолиш пайига тушди. Ўзбекистон,  Қирғизистон каби иқтисодий қолоқ давлатлар пандемия баҳонасида халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлардан мумкин қадар кўпроқ қарз ундириб олишни мақсад қилишади. Пандемия оқибатида оламга ёки мамлакат фуқароларига етиши мумкин бўлган салбий, балки ҳалокатли асоратлар бу мамлакат раҳбарларини қизиқтирмайди.

 Марказий банк ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2019 йил бошидан 40,9 фоизга ёки 7,1 млрд. долларга ошган ҳолда, 2020 йил 1 январ ҳолатига 24,4 млрд. долларни ташкил қилди. Ўзбек ҳукумати эса пандемияга қарши кураш деган иддао билан яна қарз устига қарз олмоқда.

 Қирғизистон молия вазирлигининг ҳабар қилишича, 2020-йил 31 январ ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 4 млрд. 616 млн. долларни ташкил этган. Ўтган вақт мобайнида қирғизи ҳукумати коронавирусга қарши кураш баҳонаси билан деярли барча халқаро ташкилотлардан қарз сўраб чиқди. Бугунги кунга қадар расмий ҳукумат олишни режалаштирган  500 млн.долларлик қарзни 243 млн. долларини олиб бўлди.

 Аммо бизнинг ҳукуматлар олаётган бу қарзлар беғараз берилмаяпти. Эрта бир кун келиб бу қарзларнинг фоизлари билан тўлаш керак. Ана шунда булар авалги қарзларни ёпиш учун яна янги қарз олишга мажбур бўлади. Бунинг бадалини эса оддий халқ тўлайди.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here