بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Капитализм ҳазорати меваларидан: нархларни кўтариш, товламачилик ва тиббий ниқоблар уруши
«Франс 24» веб-сайти (ҳижрий 1441 йил 11 шаъбон, милодий 2020 йил 4 апрел шанба куни) нашр қилган мақолада бундай дейилади:
«Етарли миқдорда тиббий ниқоблар ишлаб чиқишдан ожиз бўлган давлатлар коронавирус тарқалиши сабабли бундай ниқоблардан миллиардлабини қидириб, асосан Осиёга юзланмоқдалар. Рақобат шиддатли тус олгани сабабли жаҳон иқтисодий алмашинувини бошқариши керак бўлган яхлитлик қоидалари бузилди.
Бир томонда америкаликлар кўпроқ пул таклиф қилиб, Франция учун мўлжалланган тиббий ниқобларни Хитой аэропортининг учиш-қўниш йўлагидаёқ «ўғирлаб олишган» бўлса, бошқа томонда, францияликлар ёки чехлар ҳам худди шундай қимматбаҳо молларни «эгаллаб олишди»… Коронавирус тарқалишини олдини олиш учун барча даражаларда кураш авж олаётган бир пайтда, тиббий ниқоблар учун аёвсиз мусобақа кетмоқда.
Канада бош вазири Жастин Трюдо «Канада радиоси» хабарида айтилган маълумотлар борасида «қаттиқ хавотир» билдириб, бу борада тергов-суриштирув олиб борилишини талаб қилди. Хабарда айтилишича, Хитойдан Канаданинг Квебек провинцияси учун сотиб олинган тиббий ниқоблар савдо келишувида кўрсатилган миқдордан жуда кам бўлган ва унинг аксар қисми «юқори талабгор» бўлмиш АҚШ томонидан сотиб олинган.
Март ойида жўнатмаларга кузатувчилик қилиш учун Хитойга борган Украина депутати Андрей Мотовиловець ўзининг фейсбук саҳифасида «тиббий ашёлар устида даҳшатли рақобат»га гувоҳ бўлгани ҳақида ёзади. «Хитой фабрикасига борган бизнинг консуллик вакиллари у ерда Россия, АҚШ ва Франциядаги ҳамкасбларига дуч келишди, улар фабрикага биз буюртма берган молларни олгани боришган экан. Аммо Хитой билан битим имзолаб, буюртмаларимиз учун олдиндан пул ўтказмаларни амалга ошириб қўйгандик. Бироқ улар нақд пул тўлаб, молларнинг аксар қисмига эга чиқиб олишди. Биз ҳар бир жўнатмалар учун ўзаро талашиб-тортишяпмиз», дейди ўз саҳифасида.
Франциянинг Иль-де-Франс региони мэри Валери Пекресс хонимнинг таъкидлашича, «Америкаликлар ўйланиб ўтирмасдан нақд пул тўлаб қўйишяпти. Бу эса, аслида, маълум томонларни бир-бирига ёвлаштириш ҳисобланади ва ҳар бир томоннинг савдо битимини бутун дунёга зиён-заҳмат етадиган тарзда имзолашига олиб бормоқда».
Словакия собиқ бош вазири Петер Пеллегрини 15 март куни «ТА-3» телеканалига берган интервьюсида ўз мамлакати Украина билан нақд пулга миллионлаб тиббий ниқоб сотиб олишга келишиб олганини айтар экан, бундай дейди: «Биз 1.2 миллион евро солинган чемоданни тайёрлаб қўйгандик. Тиббий ниқоблар олиш учун махсус ҳукумат сафарини амалга оширишимиз керак эди. Бироқ биздан олдин немис воситачилари етиб бориб, молни кимошди савдоси билан сотиб олиб қўйишди».
Бунга ўхшаш воқеалар Европа Иттифоқида тез-тез кузатилмоқда. Масалан, Франция каби бир қатор Иттифоққа аъзо давлатлар тиббий молларни экспорт қилишни тақиқлашди ёки мусодара қилишни талаб қилишди.
«L’Express» журналида айтилишича, «Франция 5 март куни ўз ерларида Швециянинг тиббий моллар билан шуғулланувчи «Мёльнлюкке» компаниясининг тиббий ниқобларини мусодара қилган. Бу моллар Испания ва Италияга кетаётган бўлган. Чехия Республикаси ҳам ниқоблар партиясини мусодара қилди, уларнинг бир қисми Италияга топширилиши керак бўлган».
Роя газетасининг 2020 йил 22 апрел чоршанба кунги 283-сонидан