بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Коронавирус пандемияси капитализм билан Ислом ўртасида
Устоза Ровла Иброҳим – Шом замини
Бугунги кунда коронавирус касаллигига чалинишни олдини олиш ёки ўлим ҳолатларини тўхтатиб қолишда ҳатто дунёдаги илм-фан соҳасида ривожланган илғор давлатлар ҳам аянчли тарзда муваффақиятсизликка учрашяпти… Бу борада бутун дунёга ҳукмронлик қилиб, ҳарбий арсеналлари ва улкан молиявий захиралари билан мақтанган капиталистик тузумнинг айни касаллик билан хасталанганларга тиббий ёрдам кўрсатиш қўлидан келмаётганини ёки кўз билан кўриб бўлмайдиган шу майда вирусга ҳам етарли даво-вакцина яратишга ожизлик қилаётганини танимиз билан ҳис этяпмиз. Йўлларни ёпиш ва оммавий карантинга олиш каби азоб-уқубат дунёдаги миллиардлаб инсонни қамраб олганига ва бутун дунё даҳшат ичида қолганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ва бошқа ҳолатлар қаршисида биз айни пандемиянинг пайдо бўлишига олиб келган сабаблар ҳақида ҳамда глобал муваффақиятсизлик ва оммавий мағлубиятлар тўғрисида фикрламоғимиз даркор. Зотан, мағлубиятга мана шу манфур капитализм ҳукмронлиги даврида йирик давлатлар ҳам, кичик давлатлар ҳам баробар дуч келишмоқда.
Биринчи:
Коронавирус пандемияси келиб чиқишига олиб келган сабаблар:
- Глобал озиқ-овқатнинг бузилиши. Зеро, бугунги кунда озиқ-овқат инсоннинг соғлом табиатидан ҳамда Аллоҳ белгилаб қўйган ернинг табиий озуқаларидан узоқлаштирилди.
- Ишлаб чиқаришнинг ортиқча кўпайиши ҳамда уни ёмон сақланиши ва ёмон тақсимланиши.
- Дунёдаги аксар аҳолининг – хоҳ таналарида бўлсин, хоҳ уй-жойларида бўлсин – тозалик меъёрларига риоя қилмаслиги, чиқинди ва ювиндилардан халос бўлиш йўлларини билмаслиги, глобал экологияни ҳимоя қилиш ва завод-фабрикаларнинг ифлос чиқиндилари ҳақида кўп гапирилишига қарамай, шундай давом этаётгани.
- Соғлом табиатга тескари бўлган ҳамда номус, ҳомила ва чақалоққа салбий таъсир қилаётган жинсий алоқалардаги сон-саноқсиз бузилишлар. Зотан, бу ҳаром қилинган фаҳш ишлар ва инсон наслига қарши даҳшатли жиноят саналади.
- Моддий қийматнинг бошқа қийматлардан устун келиши, заминнинг само билан бўлган алоқасидан кўз юмилаётгани, ҳатто Аллоҳни инкор қилиб, Унинг бандалари устидан қаҳр қилишга эътибор бермаслик.
Иккинчи:
Буюк Аллоҳнинг қўшинларидан майда бир қўшинига бутун дунёнинг мағлуб бўлиши:
- Капиталистик тузумнинг инсонлар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ожизлиги, балки омадсизлигининг фош бўлиши.
- Инсониятнинг ортиқча даражада қўрқувга тушиши ва бунинг натижасида сон-саноқсиз инсон ҳуқуқларининг бузилиши.
- Йирик капиталист компанияларнинг керакли даво устида изланиш лойиҳаларига манфаат назари билан қараши.
- Одамлар жонига нисбатан, айниқса, «коллектив иммунитет», дейилаётган нарса орқали кексалар жонига нисбатан бузуқ муносабатда бўлиш.
- Халқлар билан уларнинг ҳукмдорлари ўртасида – бу ҳукмдорлар ўзларини халқ томонидан сайланганларини иддао қилишса-да – ишончсизлик мавжуд бўлиши.
Очкўз йиртқич капитализм мана шу. Шу тарзда унинг эътиқод ва қонунларининг айби очилиб, биринчи реал тарсаки қаршисида, яъни, коронавирус пандемияси зарбасида шундай мағлуб бўлди. Унинг улкан ҳарбий потенцияллари ҳам, йирик молиявий ғазналари ҳам бу вабо олдида мутлақо ишга ярамади. Ўзининг ҳақ китобида мана бу сўзларни айтган Аллоҳ нақадар ҳақдир:
إِن نَّشَأْ نُنَزِّلْ عَلَيْهِم مِّنَ السَّمَاءِ آيَةً فَظَلَّتْ أَعْنَاقُهُمْ لَهَا خَاضِعِينَ
«Агар Биз хоҳласак, уларга осмондан оят-мўъжиза нозил ташлаймиз-да, шу билан бўйинлари эгилиб қолади» [Шуаро 4]
Аммо Ислом эса, илоҳий бўлиб, ақида ва шариат жиҳатидан комил тузумдир. Ислом ақида ва ундан балқиб чиққан тузум учун пок мусаффо асосни яратган. Инсоният ва наботот ҳаёти борасида ғоят диққат ва эҳтиёткорлик билан иш олиб боради. Яъни, инсонларни икки дунё бахт-саодатига ноил қилиш йўлида қуйидагича иш олиб боради:
- Пок нарсаларни ҳалол, ифлос нарсаларни ҳаром қилади:
وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ
«Пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, ифлос нарсаларни уларга ҳаром қилади» [Анфол 157]
- Ишлаб чиқаришни тартибга солади, сақлаш ва тиқсимлашни тўғри қилади, монополияни тақиқлайди.
- Покликка буюриб, тарғиб этади ва инсонларнинг ер юзига тарқалишини соғлом тарзда бўлишини таъминлайди.
- Жинсий алоқаларни пок тоза равишда тартибга солади, касаллик ва эпидемияларга сабаб бўлувчи фаҳш ишларни ҳаром қилади.
- Турли қийматларни бошқа қийматлардан устун қўймаган ҳолда тенг мувозанат яратади.
- Ислом давлати фуқароларига максимал қувватда ишловчи мукаммал тиббий хизмат кўрсатади.
- Пандемия ва офатларга қарши курашиш учун шаръий ва тиббий стандартлар ўрнатади, бу каби ҳолатларда, одамлар қалбига Аллоҳга чиройли таваккал қилиш ва қазо-қадарига рози бўлиш орқали хотиржамлик бахш этади.
- Инсонлар соғлиғини сақлашга қаттиқ эътибор бериб, ёши, жинси, ранги, дини ва миллатидан қатъий назар, ажратмаган ҳолда парваришлайди.
- Инсонларни само билан муносабатларини мустаҳкамлаб, хусусан, табиат ҳодисалари, офатлар ва пандемиялар пайтида, Аллоҳга ибодат, истиғфор, тавба, дуо ва тазарру этишда ғайрат қилишга чақиради. Чунки бу Аллоҳ ўз бандаларига раҳм ва шафқат билан қараб, улардан балони кўтариши учун энг зарурий ишдир.
- Байъат қилинган ҳукмдорга қулоқ солиб, итоат этишга чақиради. Бу халқлар билан ҳукмдор ўртасини пайвандлайди ҳамда ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Капитализм эса, биринчи кескин синовдаёқ йиқилди. Ундан олдин социализм биринчи силкинишдаёқ қулаган эди. Бу икки тузум ҳам ер юзида бузғунчилик келтириб чиқарди:
ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُمْ بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ
«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» [Рум 41]
Зеро, бугун дунёдаги ҳукмдорлар барча инсониятнинг бахтсизлигига сабабчи бўлишди.
Бу уларнинг коронавирус тарқалишини қандай олдини олишни билишмаганидан ҳам очиқ намоён бўлиб турибди. Масалан, Хитой яширди, ҳолбуки яширмаслиги керак эди. Европа ва АҚШ эса, қилиши керак бўлган ишни қилмасдан пайсалга солди. Улар ҳам пайсалга солмасликлари керак эди. Уларнинг манфур капитализми ҳар қандай соғлом чора-тадбирни четга улоқтириб, йўқ қилди… Масалан, дунё ҳаётида ёши кексалардан қутулиш ва қолганларни яшаш учун имкон бериш билан ҳайвонлар йўлини тутишди!
Шунинг учун ҳам Аллоҳ Субҳанаҳунинг шариатида кўрсатилган чоралар айни касалликнинг тўғри муолажасидир. Яъни, давлат касалликни пайдо бўлгандан бошлаб назоратга олади ҳамда касалликни илк кунидан бошлаб, пайдо бўлган жойида изоляция қилишга ҳаракат қилади. Бошқа ҳудудлардаги соғлом одамлар эса, ўз ишларида ва ишлаб чиқаришларида давом этадилар.
Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ»ида Усома ибн Зайддан ривоят қилган ҳадисда Набий ﷺ марҳамат қиладилар:
«إِذَا سَمِعْتُمْ بِالطَّاعُونِ بِأَرْضٍ فَلَا تَدْخُلُوهَا وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا»
«Агар бирор ерда тоун-ўлат тарқалганини эшитсангиз, у ерга кирманг. Агар ўзингиз турган ерда тарқалса, у ердан чиқманг». Бухорий ва Муслим ривоят қилган ва лафзи Муслимники бўлган яна бир ҳадисда ҳам Усома ибн Зайд Росулуллоҳ ﷺнинг бундай деганларини ривоят қилади:
«الطَّاعُونُ رِجْزٌ أَوْ عَذَابٌ أُرْسِلَ عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَوْ عَلَى مَنْ كَانَ قَبْلَكُمْ فَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ بِأَرْضٍ فَلَا تَقْدَمُوا عَلَيْهِ وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا فِرَاراً مِنْهُ»
«Ўлат жазо ёки азоб бўлиб, Бану Исроилга ёки сизлардан олдинги кимсаларга юборилган. Бас, бирор ерда унинг чиққанини эшитсангиз у ерга борманглар. Агар у ўзингиз турган ерда чиқса, ушбу ўлатдан қочиб, турган жойинглардан чиқиб кетманглар». Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган яна бир ҳадисда Оиша онамиз бундай деганлар: мен Росулуллоҳ ﷺдан тоун ҳақида сўраганимда, бундай жавоб берганлар:
«أَنَّهُ عَذَابٌ يَبْعَثُهُ اللَّهُ عَلَى مَنْ يَشَاءُ وَأَنَّ اللَّهَ جَعَلَهُ رَحْمَةً لِلْمُؤْمِنِينَ لَيْسَ مِنْ أَحَدٍ يَقَعُ الطَّاعُونُ فَيَمْكُثُ فِي بَلَدِهِ صَابِراً مُحْتَسِباً يَعْلَمُ أَنَّهُ لَا يُصِيبُهُ إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَهُ إِلَّا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ شَهِيدٍ»
«Тоун азоб бўлиб, Аллоҳ уни истаган кимсага юборади. Мўминларга эса, уни раҳмат қилган. Зеро, қайсидир бандага ўлат етса, у Аллоҳ пешонага ёзган нарсадан бошқа нарса бўлмайди, деб билган ҳолида ўша юртидан чиқмай сабр қилиб ўтирса, албатта битта шаҳид оладиган ажрга эга бўлади».
Ушбу шариатда кўрсатилган карантин барча давлатлардан пешқадам бўлган ва биринчи даражада цивилизациялашган бир давлатда, яъни, Аллоҳдан ваҳи олиб, Исломни чиройли суратда татбиқ қилиш билан барчага ўрнак бўлувчи Росул ﷺ етакчиси бўлган давлатда жорий қилинган эди. Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да ривоят қилади: Умар розияллоҳу анҳу Шомга сафар қилди. Сарғ деган жойга етиб борганда, Шомда вабо чиққани тўғрисида хабар келди. Ўшанда унга Абдурраҳмон ибн Авф Росулуллоҳ ﷺнинг
«إِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ بِأَرْضٍ فَلَا تَقْدَمُوا عَلَيْهِ، وَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ وَأَنْتُمْ بِهَا فَلَا تَخْرُجُوا فِرَارًا مِنْهُ»
«Агар бирор ерда чиққанини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган ерда чиқса, у ердан қочиб чиқманглар», деган ҳадисларини эслатди. Шунда Умар ибн Хаттоб орқага қайтди. Яъни, ўлат тарқалгани ҳақида хабар эшитиши билан мусулмонларни орқага қайтариб кетди.
Демак, Исломда давлат касалликни ўша чиққан ерида изоляция қилиб, аҳолисини ўша ердан чиқармайди, у ерга бошқаларни киритмайди… Давлат ўзининг барча шаръий вазифаларини адо этади. Чунки у ғамхўр ва омонатгўй давлатдир. Шунга ўхшаш юқумли касалликлар тарқалган пайтда турли хил чора-тадбирларни кўрар экан, ўзининг барча фуқароларига тиббий ёрдамни, дори-дармонларни бепул тақдим этади. Касалхоналар ва тиббий лабораторияларни бино қилиб, таълим ва хавфсизликни сақлаш каби давлат фуқароларининг асосий эҳтиёжлари саналган барча нарсаларни муҳайё қилиб беради.
Шундай қилиб, тўғри муолажа – касалликни чиққан ерида изоляция қилиш, беморларни карантинга олиш, уларни ғамхўрлик билан парваришлаб, бепул даволашдан иборат бўлиб, соғлом одамлар ўз ишларини давом эттирадилар. Ижтимоий ва иқтисодий ҳаёт худди касаллик келиб чиқишидан олдин қандай бўлган бўлса, ўшандай давом этади. Одамларнинг умумий ижтимоий ҳаёти тўхтатиб қўйилиб, ўзлари уйларга изоляция қилиб қўйилмайди. Иқтисодий ҳаёт фалаж аҳволга келишига, ёки инқироз янада мураккаб тус олиб, қўшимча муаммолар пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.
Роя газетасининг 2020 йил 15 апрел чоршанба кунги 282-сонидан