بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Нефть нархлари уруши ортида Америка турибди
2016 йил Саудия билан Россия ўртасида нефть қазиб олиш бўйича келишув имзолангандан бери нефть нархи етмиш доллар атрофида барқарор ҳолда турди. Ушбу келишув бўйича ишлаб чиқариш қариб 1.8 миллион баррелга камайтирилди. 1.8 миллион баррелнинг 1.2 миллионини ОПЕКка аъзо давлатлар, қолганини эса Россия камайтирадиган бўлди.
Ушбу келишув амалга оширилгач, нефть нархи 2020 йил март ойи бошига қадар нисбатан барқарор турди. Шундан сўнг нефть нархи пасайиб кетди ва бунга бозорларда нефть кўпайиб кетганлиги ҳамда ОПЕКдан ташқарида янги нефть ишлаб чиқарувчиларнинг пайдо бўлиши ва ниҳоят Коронавирус сабаб бўлди. Натижада, ОПЕКдан вакил бўлган Саудия билан нефть ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллаган Россия ўртасида янги келишув керак бўлиб қолди.
Яъни, Саудия қўполлик билан ва ҳеч қандай огоҳлантириш ёки музокарасиз Россиядан нефть ишлаб чиқаришини кунига бир миллион баррелга камайтиришини талаб қилди. Бундай кутилмаган талаб Россияга ёқмади ва уни рад этди. Чунки у Саудия талабини ўзига нисбатан буйруқ ўлароқ тушунди. Шунда Саудия Россиянинг ушбу эътирозини ўзига тайёр баҳона қилиб олиб, руслар билан ҳеч қандай келишувга эриша олмайдиган ҳаддан зиёд юқори даражада нефть ишлаб чиқаришни бошлаб юборди ва бу билан 2016 йилда улар билан эришилган келишув бекор бўлди. Кейин Саудия бу билан ҳам кифояланмай, ўзининг нефть экспорти нархларини ҳам пасайтириб юборди, шу даражадаки, бир баррел нархини Осиё бозорларига тўрт долларга, АҚШ бозорларига етти долларга ва Европа бозорларига ўн долларга туширди. Шу орқали бозорнинг энг катта улушини, яъни кунига тақрибан ўн уч миллион баррел улушни тортиб олди.
Саудиянинг ҳеч бир изоҳ ва сабабсиз бундай қадами, бир баррел нефть нархи ўттиз доллардан пастлаб кетишига олиб келди. Бу ўттиз йилдан бери юз бермаган ҳол бўлди.
Натижада, ҳамма зиён кўрди. Масалан, Саудия фонд индекслари 15 % йўқотди ва Арамко аксциялари пастлаб кетди. Зиён дунёнинг барча нефть экспорт қилувчи давлатларига етиб борди, Россия, Эрон, Ироқ, Жазоир, Ливия, Нигерия, Уганда ва бошқалар каби. Шунингдек, нефть биржалари ҳам ўз қийматларининг 50 %дан 40 %гача йўқотди. Шу билан бирга, нефть хизматлари компанияларининг ҳам инвестициялари озайиб кетди.
Россия Саудиянинг бундай қадамига итоатсизлик ва ўжарлик билан жавоб қилди. Россия президенти Путин «Биз бундай нархлар билан муомала қила оламиз, ҳатто ўн йилгача бир баррели 30 доллар бўлиб турса ҳам», деди.
Россияда рублнинг қиймати 20 %га пастлади ва Россиядаги бир баррел нефть ишлаб чиқариш қиймати Саудиядаги нархга яқинлашиб, бир баррел учун 2.5 долларни ташкил қилди. Россиянинг бундай кураш олиб бораётгани шуни кўрсатмоқдаки, бу давлат нефть нархларини белгилаш ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳамкорлик қилувчи давлатлар сафидаги ўз фаоллигини сақлаб қолишга қаттиқ ҳаракат қилмоқда.
Бироқ, аслида, Россиянинг бундай кураши Саудияга эмас, АҚШга қарши қаратилган. Бу гаплар – Россия нефть дунёсига таъсир ўтказа оладиган давлатлигини ҳамиша сақлаб қолади ва ўзининг четга чиқариб қўйишларига асло йўл қўймайди, деган маънони англатади.
Ҳамма далил ва ишоралар Саудиянинг бу иши ортида, яъни, нефть нархини кутилмаганда қасддан пасайтириш ва илгари кузатилмаган даражада унинг ишлаб чиқарилишини ошириш иши ортида Америка турганини кўрсатмоқда. Бу далиллардан айримларини келтириб ўтамиз:
- АҚШ энергетика вазири ўз баёнотида – АҚШ-Саудия нефть алянсининг ташкил этилиши айни дамда АҚШ сиёсатини белгилайдиганлар томонидан илгари сурилаётганини таъкидлади. Бу баёнотни тасдиқлаётган яна бир нарса шуки, ҳозирда АҚШ конгресси аъзоларидан босим қилувчи сиёсий гуруҳ тузилган, улар нефть ишлаб чиқариш ва унга нарх белгилаш режасини тузишда Саудиядан АҚШ билан ҳамкорликда иш олиб боришини талаб қилишяпти.
- Ҳозирда АҚШ Энергетика вазирлиги Саудияга вакил тайёрламоқда, унинг Саудияда камида бир ой туриб, нефтга оид икки давлат ўртасидаги сиёсатларни батафсил келишиб олиши айтилмоқда.
- АҚШ президенти – мен қулай пайт келганда халқаро нефть низосига албатта аралашаман, ҳозирда Саудия билан Россия ўртасидаги нефть кураши Россияни мағлубиятга учратади, чунки унинг иқтисодиёти нефтга асосланган, шу билан бирга Саудияга ҳам ёмон бўлади, деди.
Демак, Америка ушбу нефть курашида Россияни ўйиндан чиқариб юбормоқчи ва нефть ишлаб чиқариш, унга нарх белгилаш ва бозорга етказиб бериш ишига ёлғиз ўзи Саудия орқали эгалик қилмоқчи. Бу кузатувчи одам учун сир эмас. Чунки қирол Салмон ва ўғли Муҳаммад даврида бу мамлакат Америкага тайёр минадиган уловга айланиб қолди, ўзининг ташқи сиёсати ва нефтга оид сиёсатларида Америка қаёқни кўрсатса ўша ёққа юрмоқда. Яқин вақт ичида мамлакатдаги барча вазирларни ва нефть вазирлари командасини ишдан олиб, ўрнига Американинг режаларини ҳеч эътирозсиз бажаришга тайёр командани олиб келди. Мисол учун, Америка ўзининг стратегик нефть захирасини тўлдириш учун бу мамлакатдан 77 миллион баррел нефтни арзон нархда сотиб олганини эълон қилди. Кўриниб турибдики, ҳозирда нефть нархини тушириш сабабларидан яна бири мана шу бўлган ва келажакда кўп ўтмай яна ўзининг баланд нархига чиқиб олади.
Бугунги кунда саудиялик ҳукмдорлар Уммат бойликларини мутлақо масъулиятсизлик билан совуришяпти, улар учун Америка манфаати бўлса, шуни ўзи етарли. Улар ўзлари пешона тери билан топмаган пулларни унга аяшмай беришяпти… америкалик очкўз мустамлакачилар режаларини шу орқали татбиқ қилишяпти.
Роя газетасининг 2020 йил 1 апрел чоршанба кунги 280-сонидан