Қирғизистон халқаро ташкилотларга умид кўзини тикмоқда
Қирғизистон ҳукумати Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Осиё тарақиёт банки, Европа тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан 456 миллион доллар қарз олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиевнинг 17-апрел куни маълум қилди. Бундан ташқари Хитой, Туркия, Япония, Корея, Цвейцария, Россия ва бошқа қўшни давлатлардан молиявий ва инсонпарварлик ёрдами қатори озиқ-овқат ва тиббий асбоб ускуналар кўринишида олинган ёрдамлар бор.
“31-мартда ХВФдан 120 миллион доллар келиб тушди. Қолган сумма келганича йўқ. ХВФдан олинган маблағ бюджет ҳаражатлари: ойлик иш ҳақи, нафақа, пенсия ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаражатларига сарфланмоқда”, – деди Эркин Асрандиев.
Изоҳ: Коронавирус пандемияси қишлоқ хўжалигига асосланган, шундоқ ҳам қашшоқ давлатларни янада кўпроқ қарзга ботириш қуролига айланиб бормоқда. Хусусан, Қирғизистон ҳам ўз имкониятларини ҳисобга олмаган ҳолда бутун халқни мажбурий тарзда карантинга олди. Иқтисод деярли тўхтаб қолди. Жээнбеков пандемияга қарши кураш ва унинг иқтисодга етказадиган салбий оқибатларини бартараф этиш учун деярли барча халқаро молиявий ташкилотлардан қарз сўраш йўлига ўтиб олди. Ҳукумат оқибатини ўйламай, ким қандай шартлар асосида бўлмасин қарз беришга рози бўлса ҳеч бирини қайтармай олмоқда. Аммо бир кун келиб бу қарзларни қайтариш зарур бўлади. Шунда ҳукумат аввалги қарзларни тўлаш учун яна янги қарз олишга мажбур бўлади. Масалан, жорий йилда Қирғизистон ташқи қарзни тўлаш учун 28 миллиард сом (350 миллион доллар) ажратиши зарур. Бироқ, бюджетда шусиз ҳам мавжуд бўлган камомад сабабли ҳукумат бу қарзни адо қила олмайди. Шу сабабли ҳам Жээнбеков ҳақдор давлатлардан, хусусан Хитойдан қарз муддатини кечиктиришни сўраб мурожаат қилди. Аммо ҳозирча Хитой ҳукумати президентнинг бу илтимосига жавоб қайтармади. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг Халқаро валюта фондидан бўлган қарзи 139 миллион долларни ташкил этади (янги олинган 120 миллион доллардан ташқари). ХВФ ва бошқа судхўр ташкилотлар 25 давлат учун қарз тўлаш муддатини 6 ойга кечиктирди. Бироқ бу давлатлар сафига Қирғизистон киритилмади. Демак, қирғиз ҳукумати жорий йилда ҳам қарзини тўлаши, ҳам бюджетдаги 30 миллиард сомлик камомадни ёпиши зарур бўлади. Бунинг учун эса яна янги қарз олади ва қарз ботқоғига ботиб бораверади. Мустамлакачи давлатлар манфаати йўлида хизмат қилувчи бу ташкилотларни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам айни ўзидир.
Абдураҳмон Одилов