Фавқулодда ҳолат 30-апрелга қадар узайтирилди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатнинг айрим шаҳар ва қишлоқларида фавқулодда ҳолатни 30 апрелга қадар узайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Фармонга кўра Бишкек ва Ўш шаҳарларида, Ўш вилоятининг Новқат ва Қорасув туманларида, Жалолобод шаҳрида ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида аввал жорий этилган фавқулодда ҳолат узайтирилади.
Фармон имзоланган пайтдан бошлаб кучга кирди ва тасдиқлаш учун Жогорку Кенешга юборилди.
Изоҳ: Коронавирус пандемияси Қирғизистон иқтисоди нақадар ночор аҳволда эканлигини фош қилиб қўйди. Ҳукумат етакчи давлатларга тақлид қилиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган кундан бери ўтган 20 кунга яқин вақт давомида президент Жээнбеков дунёдаги деярли барча халқаро молиявий ташкилотларга пандемияга қарши кураш ва қирғиз иқтисодини сақлаб қолиш учун молиявий кўмак кўрсатишлари сўраб мурожаат қилиб чиқди.
Аммо Қирғизистонда чуқур илдиз отган яна бир иллат – коррупция балоси олинаётган бу қарзлар ва кўрсатилаётган инмонпарварлик ёрдамлари ўз ўрнига, ҳақдорларга етиб боришини савол остида қолдиради. Ҳукумат халқни оммавий уйга қамаб, уларни тирикчилик востиаларидан маҳрум қилди. Бироқ, халққа кўрсатиладиган ёрдам, ишсиз қолганлиги учун эваз тўлаш тизими эса йўлга қўйилмади. Халқнинг эса турмуш даражаси кундан кунга ночорлашиб бормоқда. Ўзи ўтган 20 кун мобайнида ҳам кунлик тирикчилиги учун кунда пул топадиган оилалар қийин вазиятга тушиб қолган ва асосан халқ ичидаги саҳоватли одамлар кўрсатаётган моддий ёрдам ортидан кун ўтказиб келишаётган эди. Эндиги икки ҳафталик фавқулодда ҳолат оддий халқ учун яна қўшимча муаммоларни пайдо қилиш шубҳасиз. Шу сабабли ҳам расмий ҳукумат фуқароларнинг ўз ҳолига ташлаб қўймай уларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўриши зарур. Фуқаролар ҳукумат қарорига итоат қилиб уйларида ўтиришибдими, демак ҳукумат ҳам ўз зиммасидаги мажбурият – уларнинг асосий эҳтиёжларини таъминлаб бериш вазифасини адо этиши шарт.
Абдураҳмон Одилов