بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ливия устидаги кураш регионал уруш келтириб чиқарадими?!
Яқин Шарқ минтақаси ва Шимолий Африкадаги энг хавфли курашлардан бири, бугун Ливияда бўлаётган курашдир. Унинг энг хавфлилигига сабаб, аввало айни минтақа стратегик аҳамият касб этади ҳамда Мисрга яқин бўлиб, Шимолий Африкадаги бир неча давлатларнинг ўртасида жойлашган. Бу давлатлардан бири Жазоир. Шу билан бирга, Ливия кўплаб табиий бойликларга, асосан, нефтга бой давлат ҳисобланади. Иккинчидан, бу минтақада, айниқса, 2011 йил қўзғолонидан сўнг давлатлараро сиёсий кураш кетмоқда ва бу курашда халқаро позицияда фаол давлатлар қатнашяпти, асосан АҚШ ва Европа давлатлари. Бу кураш хавфини янада орттираётган нарса унга регионал океандан бир неча давлатлар билан бирга Форс Кўрфази давлатлари ҳам ҳарбий жиҳатдан аралашяпти. Ҳали бу кураш янада кучайиб, келажакда айни давлатлар ўртасида регионал урушга айланиши мумкин.
Дарҳақиқат, бир неча расмийлар Ливия низолашаётган гуруҳлар ўртасидаги бу курашнинг хавфли регионал курашга айланишидан, унинг олови бир неча қўшни давлатларга ҳам туташиб кетишидан огоҳлантирди. Масалан, 2019 йил 23 декабрда «Вашингтон пост»да нашр қилинган «Регионал урушни Россиянинг Ливияга аралашуви келтириб чиқаради», номли мақолада бундай дейилган: « Рус ёлланма аскарларининг Ливия шарқини назорат қилаётган армия қўмондони Халифа Ҳафтарга бераётган ёрдами қатор ҳодисаларни келтириб чиқарди. Масалан, руслар ёрдами пойтахт Триполини эгаллашга қаратилган уруш оловини алангалатиб, минтақада географик ва идеологик ҳамда нефть ва газ захиралари билан боғлиқ урушни қўзғатиши мумкин». 2020 йил 4 январда Ливия парламенти депутати Саид Имғиб ўз баёнотида Туркиянинг аралашувидан ва бунинг турк парламенти томонидан маъқулланганлигидан огоҳликка чақириб, бундай деди: «Энди бу масала фақат Ливия халқига тегишли эмас. Зеро, турк парламенти буни маъқуллар экан, бу масала бутун оламга алоқали ишга айланди. Чунки уларнинг бу иши қўшни давлатларнинг ва Ўрта ер денгизига туташ бошқа давлатларнинг миллий хавфсизлигига таҳдид ҳисобланади». Араб давлатлари Лигасига келсак, у ҳам турк парламенти қарори ортидан чиқарган баёнотида «бундай жанговар кескинлик у ердаги танг вазиятни янада кучайтирмоқда ҳамда Ливия қўшинлари ва умуман минтақага, шу жумладан, Ўрта ер денгизи хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солмоқда», деди. Сўнг «Ливияга хавфсизлик ва барқарорликни қайтаришнинг ягона ечими сиёсий ечим бўлиб қолаётгани»га эътибор қаратди.
Ливиядаги курашни ҳал этиш масаласи, фақат Ливиянинг масаласи эмас. Мақсад фақат Ливияга ҳукмрон бўлиш ҳам эмас. Бу ерда халқаро сиёсатда фаол йирик давлатлар, айниқса, АҚШнинг кўзлаган мақсадлари бор. Жумладан: Бутун Шимолий Африкага ҳукмрон бўлиш ҳамда Ливиядан у ерга киришда дарвоза сифатида фойдаланиш. Бинобарин, айни минтақада узоқ йиллардан бери ҳукмрон бўлиб келаётган Европанинг, хусусан, Британия ва Франциянинг нуфузини пасайтириш.
Миср билан Жазоир ҳам бу кураш хавфидан огоҳликка чақиришди. Бевосита бўлмаса ҳам, аралашишди. Жазоир можарони ҳал этиш йўлида томонлар иштирокида бир конференцияга мезбонлик қилди.
Жазоир президенти Абдулмажид Таббун 2020 йил 19 январда Берлинда ўтказилган Ливияга оид конференцияда бундай деди: «Ливия инқирозига ажнабий давлатларнинг аралашиши ҳамда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоганнинг Суриядан Ливияга террорист ва жангариларни юбориши, буларнинг барчаси юрт инқирозини янада мураккаблашишига ҳисса қўшди. Зотан, Жазоирни Ливан билан минг километрга яқин чегаралар боғлаб туради. Шу боис мен номаълум томонга адашмаслик учун йўл харитасини белгилашга чақираман». Жазоир Ташқи ишлар вазири Сабрий Буқадим ҳам 2020 йил 17 февралда «Билад» газетасига берган интервьюсида Ливиядаги хорижий аралашувлар бу юртда давом этаётган «вакиллик уруши»ни кучайтираётганини таъкидлади. Жазоир ҳукумати ливиялик биродарлар ўртасида яна бир мулоқот ва ярашув йиғинига мезбонлик қилиш ташаббуси билан чиқди, деди».
Миср Ташқи ишлар вазирлиги 2020 йил 2 январда чиқарган баёнотида бундай дейилди: «Миср Араб Республикаси Туркиянинг Ливияга бўлган ҳар қандай аралашуви ва унинг оқибатларидан огоҳлантиради. Бундай аралашув Ўрта ер денгизи минтақасининг барқарорлигига салбий таъсир қилади, бунинг жавобгарлиги эса, тўлиқ Туркия зиммасига тушади. Туркиянинг Ливияга ҳарбий аралашуви эҳтимоли, умуман араб миллий хавфсизлигига, хусусан, Миср миллий хавфсизлигига таҳдид солади. Бу эса, бизни араб манфаатларини айни таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришга ундайди».
Маълумки, Файз Саррож бош вазирлик қилаётган Ливия Вифоқ ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган. Шу боис, Америка ҳам, бошқа давлатлар ҳам унга ўз душманлигини очиқ-ошкор қилолмаяпти. Шунингдек, Америка ўз малайи Ҳафтарни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлолмаяпти, балки Сисий ва Эрдоган сингари бошқа малайлари орқали қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Туркиянинг Ливияга аралашуви, худди Сурияга аралашувига ўхшайди, яъни, Ҳафтар фойдасига келажакдаги сиёсий ечимларни таъминлаяпти. Бу ҳақда АҚШ элчихонасининг Маваққат ишлар вакили Жошуа Харрис 2020 йил 4 мартда Ливиядаги Вифоқ ҳукумати ички ишлари вазири Фатҳий Бошоға билан учрашиб, бундай деди: «Элчихонамиз Ливиядаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солувчи шахсларга нисбатан жазо қўллашга ваъда беради». Харрис Қўшма Штатларнинг ўт очишни тўхтатишга қаратилган Ливия хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини ҳамда юртдаги барча томонлар ўртасида тинчлик диалоглари уюштиришини таъкидлади. Шунингдек, элчихонамиз АҚШнинг 13726 сонли фармонини тўлиқ бажаришни таъминлаш учун вазир Фатҳий Бошоға билан биргаликда ҳаракат қилишини таъкидлади. Бу фармонда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи шахсларга жазо қўллаш айтилган.
Хўш, Европа ўзининг юрт ичкарисию ташқарисидаги тобелари билан Ливиядаги «қонуний» Вифоқ ҳукуматининг АҚШ ҳукмронлиги ва сиёсий фитналари қаршисида йиқилаётганини кўриб туриб, бу ҳолга жим турадими?! Қўшни давлатлар, айниқса Жазоир Ҳафтар билан уни қўллаб-қувватловчи қўшни давлатларнинг Ливияга ҳукмронлик қилишаётганини ва юрт келажагига нисбатан таҳдид солаётганини кўриб, бунга сукут қилишадими?!
Гап шундаки, Ливиядаги кураш энг хавфли курашлардан бири бўлиб, Шом ва Ямандаги курашлардан хавф-хатар жиҳатидан кам эмас, ҳатто ундан ҳам хавфлироқ. Ички томондан ҳам, халқаро ва регионал жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватланаётган бу курашнинг жуда хавфли регионал курашга олов ёқиши, олов хусусан Миср билан Жазоирга туташиб кетиши, унинг алангасидан Тунис ва Марокаш ҳам зарар кўриши эҳтимолдан холи эмас.
Аммо таассуф қўзғатаётган ва юракларимизни оғритаётган нарса шуки, мусулмон ўлкалардаги бу каби қонли курашлар Ғарбнинг, айниқса, кофир насроний давлатларнинг сиёсатига ва мустамлакачилик мақсадларига, хизмат қилмоқда. Бир вақтда эса, яҳудийлар Фаластиннинг чор атрофида бемалол изғиб, экинзору наслларни вайрон қилиб, кечаю кундуз фасод тарқатиб, муборак Ақсо масжидини топташяпти-ю, бироқ Туркиянинг Фаластинга ёрдам бериш учун аралашаётганини эшитмаяпмиз.
Қачонгача халқлар бу рувайбизаларга қул бўлиб сукут қилаверадилар. Наҳотки, Уммат учун ўз елкасидан бундай ифлос ҳукмдорларни йиқитиш ва ўзлари ўртасида Аллоҳ Азза ва Жалланинг ҳукмини жорий қилиш вақти келмаган бўлса?! Аллоҳ Азза ва Жалланинг ушбу каломида айтилганидек, Уммат қайта инсонлар учун чиқарилган энг яхши Умматга айланмайдими?!
كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ
«(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро, маъруфга буюрасиз, мункардан қайтарасиз ва Аллоҳга имон келтирасиз» [Оли Имрон 110]
Роя газетасининг 2020 йил 18 март чоршанба кунги 278-сонидан