بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Коронавирус капиталистик тузумни ўз домига тортиб, унинг қанчалар заиф эканини кўрсатиб қўймоқда
«Investing.com» веб-сайти (ҳижрий 1441 йил 23 ражаб, милодий 2020 йил 18 март чоршанба куни) нашр қилган хабарда шундай келади:
«Америка фонд биржасидаги Доу Жонс саноат индекси бугун кескин зиёнга кирганини, бу зиён Қоҳира вақти билан соат олтида 7.27 %га етганини кўрсатди.
Бу билан айни индекс 3 йилда эришган фойдаларининг ҳаммасини йўқотди. У 19 минг 688 баллга тушиб кетди. Бу амалдаги АҚШ президенти қудратга келгандагига нисбатан энг паст кўрсаткич ҳисобланади.
Доу Жонс бугунги савдо бошланганидан бери ҳозирга қадар ўртача 1548 балл йўқотди. «Standard & Poor’s» компанияси индексидаги йўқотишлар 7 %ни ташкил этиб, 2359 баллни кўрсатди. «NASDAQ» компанияси индексидаги йўқотишлар 5.9 %ни ташкил этиб, 7030 баллни кўрсатди.
Ушбу улкан пасайишлар АҚШ молия вазири Стивен Тёрнер Мнучин томонидан АҚШ маъмурияти коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини бартараф этиш учун бир триллион доллар сарфлашга тайёр, деб айтилганига қарамай юз берди».
Роя газетаси шарҳи:
Доу Жонс дунёдаги энг қадимий индекс ҳисобланади. У 1896 йил Нью-Йоркдаги биржада ташкил топган бўлиб, бугунги кунда АҚШнинг ўттизта энг йирик саноат компанияларининг саноат индекси ҳамда дунёдаги энг кучли индекслардан бири ҳисобланади. Уолл-стрит дунёдаги энг кучли фонд биржасидир. Ундан Америкадаги иқтисодий вазиятни ва коронавируснинг тарқалиши бўйича ҳозирда кўрилаётган зиёнларни кўриш мумкин.
Бугун дунё бўйича, айниқса, йирик давлатларда, хусусан, дунёнинг биринчи давлати АҚШдаги молиявий бозорлар ва фонд биржалари суръат билан пастлаб кетди, яъни, фонд биржалари қизилда қайд этилмоқда ҳамда 6 триллион доллар йўқотишди. Бу эса, капиталистик тузумнинг ўргимчак тўридан ҳам мўрт эканини, бу хаёлий сонлар бўлган триллионлар бир неча лаҳзанинг ўзида ҳавога учиб-парланиб кетиши мумкинлигини тасдиқламоқда.
Ҳозирда дунёда бўлаётган ишлар жадал суръат билан кучайиб, мураккаблашиб бораётган кризисдир. Биржада бир баррел нефт нархи (Texas Crude маркаси нархи)нинг 20 долларга пастлаб кетиши, валюта курслари ўзгариши, ишчиларни ишдан бўшатиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга берилган кредитларнинг айланмай-тўпланиб қолиши ҳоллари юз берди. Масалан, биргина Хитойнинг ўзида бундай кредитлар триллион долларни ташкил этади. Буларнинг барчасидан дунё бўйлаб коронавирус тарқалиб, унга чалинганлар ва ундан ўлганлар сонининг ортиб бориши жуда мураккаб кризисни юзага келтиргани кўриниб турибди. Лекин бу инсон организми билан боғлиқ тиббий кризис эмас. Йўқ, бу чайқовчилик, қимор, сохта бозорлар, олтин ва кумуш билан ҳимояланмаган қоғоз пуллар билан боғлиқ иқтисодий кризисдир, сон-саноқсиз пул йиғиш, халқларни қашшоқлаштириш, бойликларни талаш ва қасддан кризислар келтириб чиқариш бўҳронидир.
Дунёда рўй бераётган бу ҳодисалар барча инсонлар учун капиталистик тузумдан қутулишга бир туртки бўлмоғи даркор. Акс ҳолда, бу тузум уларни иқтисодий таназзул, молиявий абгорлик ва юз миллионлаб одамларни ишсиз қолиши сари етакламоқда. Бу иқтисод экспертларининг башоратлари бўлиш билан бирга, капиталистларнинг ўзлари ҳам бу ҳақда гапиришмоқда. Улар 2008 йилгига қараганда шиддатли ва қаттиқ инқироз, ҳатто 1929даги буюк депрессия бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Муфаккирлар ва иқтисодчилар ақлларини ишлатсинлар ва яратган Роббилари нозил қилган Ислом мабдаи ҳақида чуқур фикр қилсинлар. Роббимиз ушбу мабдада шундай иқтисод низомини муфассал баён қилиб берганки, унда бойликлар адолат билан тақсимланади ва уларнинг ғарам бўлишини олди олинади, ишлаб чиқаришга ва ҳақиқий иқтисодга тарғиб этилади, судхўрлик, биржа ва сохта иқтисодий бозорлар бўлмайди, такаббурлик ва зўравонлик билан ҳимояланган қоғоз пул эмас, балки олтин ва кумуш билан ҳимояланган валюта бўлади ҳамда барқарорлик ҳолати таъминланади.
Роя газетасининг 2020 йил 25 март чоршанба кунги 279-сонидан