بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳукмдорларнинг ўз партиявий манфаатларини ўйлаб, халқ қийинчиликларини эътиборсиз қолдиришлари Ироқнинг хонавайрон бўлишига сабабдир
Устоз Абдураҳмон Восиқ – Ироқ
Мана, тўрт ой бўлдики, намойишчи йигитлар коррупциячи режимни ҳимоячи кучларининг бостиришига парво қилмай, пойтахт Бағдод ва юрт жанубидаги бошқа вилоятлар майдонларида ўз талабларида қатъий, мустаҳкам турибдилар. Шу вақт ичида коррупциячи режимнинг нафақат илдизи мустаҳкамланиб, пихи қайрилди, ҳатто улар учун ўз хўжайинлари ёрдамида ҳокимиятда сақланиб қолиш ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолди. Бундан очиқ кўриниб турибдики, ҳукумат ишларни атайин пайсалга соляпти, туллаклик билан думини тутқазмаяпти, намойишчилар совуқнинг қаттиқлигидан ва озиқ-овқат етишмаслигидан қийналиб, намойишларини давом эттиришдан воз кечишга мажбур бўлади, дея қасддан вақтни чўзяпти. Шунинг учун биз намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар кучаяётганига, намойишни қўллаб-қувватловчилар кўпайгани сари, хавфсизлик кучларининг зулми ҳам кучаяётганига, шу орқали уларни намойишдан воз кечишга мажбурлашаётганига гувоҳи бўляпмиз.
Масалан, январ ойининг ўрталаридаги асосий ҳодиса, Зи-Қор муҳофазадаги намойишчиларнинг ҳукуматга халқ талабларига жавоб қилишлари учун 2020 йил 19 январ якшанба кунгача муҳлат беришгани бўлди. Буни қолган муҳофазадаги, жумладан, Бағдоддаги намойишчилар ҳам қўллаб-қувватлашди. Барчалари агар белгиланган муддатда ҳукумат уларнинг талабларини қабул қилмаса, вазиятни кескинлаштиражакларини маълум қилишди. Вазиятни кескинлаштириш, марказий муҳофазаларни жанубий муҳофазалар билан боғловчи йўлларни ҳамда Бағдодга олиб борувчи халқаро трассани тўсиб олиб, нефть маҳсулотлари транспортини тўхтатиб қўйиш ва товарларнинг Басра портидан юрт маркази ва шимолига келтирмасликдан иборат. Бундан ташқари, илгари очилган ҳукумат идораларини ёпиб, парламент биноси олдида норозилик намойишлари уюштиришдан ҳам иборат.
Намойишчиларнинг ўз позицияларида маҳкам туришлари оқибатида талай қурбонлар берилганини ҳамда унда ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар 27 мингни ташкил қилганини ҳам эсламоқ лозим. Бунинг устига, намойиш майдонларидан юзлаб фаоллар ўғирлаб кетилди, ҳукумат бунга мутлақ кўз юмиб келди. Намойишчи йигитларнинг Муҳаммад Қосим номли халқаро трассани ёпишларидан бир кун ўтиб, хавфсизлик кучларининг зўравонлиги ва шафқатсизлиги кучайди… Жанговар ўқ қўллашлари оқибатида ўнлаб ёшлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди, кўздан ёш оқизувчи газдан қаттиқ бўғилиш ҳолатлари бўлди. Бу ҳодисалар халқаро Амнистия ташкилоти томонидан таъкидланиб, бунга гувоҳлар келтирилди, видеолавҳалар тарқатилди. (Ал-Жазира).
Айни зўравонликни адвокатлар ва ҳуқуқбонлар режимнинг норозилик намойишларини йўқ қилиш учун ташлаган навбатдаги қадами, дея баҳоладилар. Чунки режим намойишчилар эълон қилган «ватан муҳлати»ни уларнинг ўзларига қарши ҳаддан зиёд зўравонлик сиёсати билан қаршилади. «Намойишчиларни ўлдиришни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, фақат максимал зарурат туғилиб, ўзни ҳимоя қилишга мажбур бўлгандагина ўлдириш мумкин, холос. Бундан ташқари, илгаритдан огоҳлантирувчи чоралар сифатида ҳам кўрилиши мумкин», деди Ироқ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси аъзоси Али Баётий. У қўшимча қилиб бундай деди: «Ҳар қандай давлатнинг суверенитети масаласи унинг фуқароларни ҳимоя қилишни таъминлашга боғлиқлигини ҳисобга олсак, намойишчилар ўлдирилишини тергов қилиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш билан шуғулланувчи ҳақиқий ироқлик ички ҳаракатнинг йўқлиги халқаро доираларнинг кўпроқ аралашишига йўл очмоқда». (Ал-Жазира нет).
Биз жорий йил 24 январ жума куни Муқтадо ас-Садр тарафдорлари даъват қилган «миллионлар намойиши»ни ҳам айтмасдан ўтолмаймиз. Бу намойишда Ироқдан ажнабий кучларнинг чиқиб кетилиши зарурлиги ва Америка билан имзоланган хавфсизлик битимларининг бекор қилиниши, акс ҳолда, масала Ироқни ишғол этилган давлат, деган эътиборда ҳал этилажаги айтилди! Ас-Садрнинг кўнглида ҳукуматга қарши бўлаётган намойишларга нисбатан нималарни яширгани сир эмас. Чунки у намойишчиларни ҳокимиятни қуролли гуруҳлар бошқармоқчи, дея ёритишга уринди. Бу кимса ўзининг Эрон билан алоқа қилишини ва унинг режаларини бажаришини яширишга қаттиқ ҳаракат қилиб, ўзини қўзғолоннинг халқ манфаатларини ўйловчи етакчиси қилиб кўрсатишга уринади. Бироқ ас-Садрнинг сохта «миллионлар намойиши» тамом бўлгач, айниқса, кутилмаганда ўз тарафдорларига намойиш майдонларини тарк этишни буюрганидан кейин қаллоблиги, айби очилиб қолди. Чунки буни у халқ ҳаракатини заифлаштириш ва Эрон билан унинг иттифоқчи жангариларига бебаҳо хизмат тақдим этиш мақсадида қилди. Чунки бу жангарилар коррупциячи раҳбарлардан холи янги Ироқ ҳукумати тузилишини талаб қилаётган намойишларни тўхтатишга ожизлик қилаётганди.
Афтидан, ас-Садрнинг бундай ҳаддан ошишлари карами кенг Аллоҳнинг бир макри бўлди, яъни, бунга ўхшаш мунофиқ ва малай кимсаларнинг асл башараларини фош этди. Аллоҳ Таоло бундай дейди:
مَّا كَانَ اللّهُ لِيَذَرَ الْمُؤْمِنِينَ عَلَى مَآ أَنتُمْ عَلَيْهِ حَتَّىَ يَمِيزَ الْخَبِيثَ مِنَ الطَّيِّبِ
«Аллоҳ мўминларни сизлар бўлган мана шу ҳолатда (яъни ким мўмин-у, ким мунофиқлиги маълум бўлмаган ҳолатда) ташлаб қўювчи эмас. Ҳали У нопокни покдан ажратади» [Оли Имрон 179]
Шундан кейин Бағдод, Басра ва бошқа шаҳарлардаги намойиш етакчилари олдида ҳамма ғазабларини Муқтадо ас-Садрга сочишдан, ас-Садр келаси Бағдод ҳукуматига раис бўлишга Теҳрондан ваъда олгани учун хоинлик қилди, дейишдан бошқа чоралари қолмади. Бу намойишчиларнинг «координацион комиссияси» нашр қилган баёнотда очиқ бундай дейилди: «Биз диний фатволар билан чиқмадик, ас-Садрнинг твитлари билан ҳам чиқмадик, у бизни сабримизни тугатолмайди, қўзғолонимизни йўқ қилолмайди. Тўлқинимизни жиловлаганди, биз унинг ўзини жиловлаб қўйдик, биздан ўз манфаатида фойдаланмоқчи эди, биз уни доғда қолдирдик. То қўзғолондаги мақсадларимизга етмагунимизча майдонларни асло тарк этмаймиз, шаҳидларимиз қонини ҳаргиз беҳуда кетказмаймиз, ас-Садр каби сиёсий савдогарчилик столига ҳеч қачон ўтирмаймиз».
Хавфсизлик кучлари январ ойининг охирида, аниқроғи 25 январ куни эрталаб, Бағдоддаги асосий намойиш майдонлари бўлган Хуллоний билан Таҳрирга ҳужум қилиб, намойишчиларни тарқатишга уринди. Жанубий шаҳарлар майдонларида жанговар ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади… Оқибатда ўттиздан зиёд одам жароҳатланди. Бу ас-Садрнинг ўз тарафдорларимни ҳукуматга қарши намойишларда қатнашишларига чек қўяман, деган баёноти ортидан бир неча соат ўтиб содир этилди. Бироқ намойишчилар тош ва «Молотов коктейли»ни отиш билан хавфсизлик кучларини чекинишга мажбур қилишди. (Анбо ахборот агентлиги).
Нима бўлганда ҳам, Ироқ президенти Барҳам Солиҳ икки ой олдин истеъфо берган бош вазир Абдулҳодий ўрнига бирор шахсни тайинлашга муваффақ бўлолмади. Бунга у ҳокимиятдаги мавжуд партиялар билан ғазабнок халқ ўртасидаги зиддият сабабли муваффақ бўлолмади. Парламентдаги гуруҳлар етакчиларидан бири – Солиҳ Али вазирлик тайинланиш арафасида турганини, у айни партиялар билан намойишчилар шартлари ўртасида келишиб олганини даъво қилди. Бироқ ҳалигача ҳеч ким тайинлангани йўқ. (Холиж онлайн).
Шу ерда Америка юртдаги мавжуд инқирозни ҳал қилишга ва бу ердаги курашдан қутулиш учун унга якун ясаб, бошқа фронтлардан янги низо оловини ёқиши мумкин-ку, чунки у ҳеч қачон халқнинг азоб-уқубатига қайғурган эмас, деган савол туғилиши табиий. Вариантлар қандай бўлмасин, инсонлар бошига тушаётган бахтсизликларга ва азоб-уқубатларга кофирлар сабабчи. Буни даф қилишга эса, раббоний ҳукмдоргина қодир. Ҳукмдорки, у инсонлар иши борасида Аллоҳ Таолонинг шариатини татбиқ қилишни ҳамда Ироқни мустамлакачи кофирларнинг моддий ва маънавий асоратларидан тозалашни, кофирга малай бу ҳукмдорларга қарши курашиб, улардан юртни халос этиш масаласини ўз олдига асосий мақсад қилиб олган бўлади.
Роя газетасидан олинди