Қирғизистон халқига коронавирус бўйича исломий ақида ва шаръий ҳукмларга боғланиш тўғрисида

776
0

بِاِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَانِ الرَّحِيمِ

Қирғизистон халқига коронавирус бўйича исломий ақида ва шаръий ҳукмларга боғланиш тўғрисида

МУРОЖААТ

 Барчага маълумки, коронавирус дастлаб Хитойда қайд этилиб, кейинчалик дунёнинг 167 давлатига тарқалди. Айни вақтда Европада кучаймоқда. Бу грипп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия деб эълон қилинди ва давлатлар буни қабул қилди. Қирғизистонда 18-мартда вирус билан касалланганлар аниқлангани маълум қилинди. Коронавирус сунъий йўл билан олиниб, атайин юрқатилдими ёки табиий бўлдими бу алоҳида мавзу. Ундан кимлар қандай фойдаланмоқда, бу ҳам ўз навбатига қолдирилади. Мурожаат қилишмиздан мақсад мамлакатимизда вирус қайд этилгандан кейинги ҳаётимиз ва уни Исломга боғлашдан иборат.

 Ислом ақида ва шаръий ҳукмлардан иборат. Ақида бобига ишониш талаб қилинган нарсалар, шаръий ҳукмлар бобига эса бандаларнинг амлларига тааллуқли буйруқ-қайтарувлар киради. Энди ҳозир оламий ваҳимага сабаб бўлаётган коронавирус ходисасида Исломий ақида ва шаръий ҳукмларга боғланишнинг айрим жиҳатларини эслатиб ўтоқчимиз.

  1. Ақида жиҳатидан: 

 Коронавирус Аллоҳнинг синовими?

 Ақида бўйича ҳар бир касаллик Аллоҳдан деб эътиқод қиламиз. Шу сабабли бу вирус ҳам бошқа касалликлар каби Аллоҳнинг бандаларига юборган синови сифатида қабул қилинади. Одам уни ўзига атайлаб юқтирмаса-ю, аммо, бу касалликка чалинса бу – Аллоҳнинг қазоси бўлиб ҳисобланади. Хитойдан юқтирадими, Кореяданми – буни фарқи йўқ. Банда бундан жавобгар бўлмайди.

 Коронавирус юқумлими?

 Аллоҳ унга юқишлик хусусиятини берганидан кейин, демак, унда шундай хусусият бўлади. Бироқ, Аллоҳ хоҳлаган бандасига юқади, хоҳламаган бандасига юқмайди. Аллоҳ юқишини ирода қилган банда ундан қочиб қутула олмайди, Аллоҳ юқмаслигини хоҳласа, ҳеч ким уни юқтира олмайди. Шу сабабли банда Аллоҳгагина суяниши лозим. Юқмаса Аллоҳга шукр қилинади, юқса сабр қилинади.

 Коронавирусдан одам ўладими?

 Ақида бўйича, ўлимнинг ягона сабаби – ажал. Ажали етмаган одам ўлмайди. Ажал етган вақтда ўлимга сабаб бўлиб кўринадиган вазиятлар кўп. Масалан, авирия, уруш, касаллик, қарилик ва бошқалар. Бироқ, булар ўлимнинг ҳақиқий сабаблари эмас, балки ўлимни вужудга келтирувчи ҳолатлар холос. Демак, ажали етган одам коронавирус юқтирмаса ҳам ўлади. Ажали етмаган бўлса юқтирган бўлса ҳам ўлмайди.

 Юқоридаги эътиқод бўйича кўплаб жазмий нусуслар келган. Излаганлар буларни осонлик билан топа олишади.

 2. Амалларга тааллуқли жиҳатидан:

 – Агар биров вирусни бошқаларга қасддан юқтирса, икки дунёда жазога гирифтор бўлади. Чунки, буни ўз ихтиёри билан қилади.  

 – Бутун дунё давлатлари бу касалликни пандемия деб эътироф этди. Шунингдек, бизнинг соғлиқни сақлаш вазирилиги ҳам буни қабул қилди. Демак, биз ҳам унга пандемия деб қараймиз.

 – Бунга нисбатан, пандемия шароитида бандалар томонидан қилиниш зарур бўлган эҳтиёт чораларини бажаришимиз зарур.

 Бандаларнинг амалларига тааллуқли шаръий ҳукмларнинг якка шахсга ва давлатга тегишлилари бор. Ушбу ходиса бўйича якка шахсга тааллуқли ишлар:

 – Тиббий кўрсатмаларга амал қилиш керак. Масалан, стерилизация, қўлларни ювиш, шунингдек, касалланганлардан ёки шу касаллик белгилари сезилган одамлардан, ёки йўталаётган ёки тана харорати юқори бўлган одамлардан узоқроқ бўлиш каби эҳтиёт чораларини кўриш зарур. Ёш болалар ва ёши улуғ одамлар уйдан чиқмаслиги ва одамлар билан аралашишни тор доирада чеклаши шарт. Кимдир эҳтиёж сабабли ташқарига чиқмоқчи бўлса, касалликни юқтириб олмаслик, бу иллатни оиласи ва қарамоғидагиларга олиб келмасликка ҳаракат қилсин. У оила аъзолари билан яқинлашишдан олдин стерилизация қилиб, қўлларини ювсин. Сабаби, бу оиласи олдидаги жавобгарликдир.

– Одамлар билан аралашишдан имкон қадар узоқ бўлиш, одамлар билан муносабатларни имкон қадар камайтириш ёки тўхатиш керак.

– Ўпишиш ва қўл бериб кўришишдан имкон қадар сақланиш шарт.

– Шу касалликка учраганлар карантин талабларига амал қилишлари зарур, сабаби, унга амал қилиш – шаръий масъулият.

– Сафарга чиқмаслик ёки саёҳатга бориш керак эмас. Агар фавқулодда сафарга чиқиш зарурати туғилса, профлактика чоралари кўрилсин.

– Коронавирусга қарши кураш ва уни тарқалишини олдини олишда соғлиқни сақлаш тартиби ва кўрсатмаларига амал қилиниши шарт.

– Миш-миш ва тасдиқланмаган маълумотларни таркатмаслик керак. Сабаби, қўрқув ва ваҳима одамлар иммунитетига салбий таъсир қилади.

– Мутахассислар ва бойлар – Аллоҳ сақласин – касаллик тарқаса халққа ёрдам беришга тайёр туришсин.

– Давлат профилактика ва даволаш учун шариятга зид бўлмаган чораларни қабул қилса, уларга ўла риоя қилиш керак.

 Давлатга тааллуқли ишлар қуйидагилар:

– Юқоридаги кўрсатмалар тўлиқ ижро қилинишини жиддий назорат остига олиш

– Бу ходисани Исломий ақида ва шаръий ҳукмларга боғлаш орқали одамларга тушунтириш ишларини олиб бориш

– Ҳозирги вазиятда барча одамларнинг асосий эҳтиёжлари қондирилишига алоҳида эътибор қаратиш керак. Асосий эҳиёжларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой киради. Шунингдек, булар жумласига, шу касаллик учун зарур бўлган тиббий жиҳозлар ҳам киради. 

– Ҳозир капитализм ҳукмронлик қилаётгани сабабли барча корхоналар монополист тадбиркорлар қўлида. Айрим тадбиркорларни вазиятдан фойдаланиб, монополия (эҳтикор) орқали фойда топишларига йўл қўймаслик керак. Агар бирорта хусусий компания бир соҳани тўлиқ эгаллаб, махсулот нархини назорат қилса, давлат унга рақобатчи корхона очиб нархни ўз ўринга қўйиши зарур. Бу ўринда “маҳаллий тадбиркорни қўллаб-қувватлаш” деган баҳона ўтмайди. Бу бойларнинг бойлигини ҳимоя қилишни мўлжаллаган капиталистик режадир.

 Қадрли мусулмонлар, агар шу ишлар бажарилаётган бўлса, бу қўллаб-қувватланади. Агар бажарилмаса давлатдан бажариш талаб қилинади.

 Қадрли Қирғизистон мусулмонлари! Бизнинг мусулмон юртларда узоқ вақтдан буён демократия ниқобини ёпинган капиталистик тузум татбиқ қилинаётгани сабабли одамларда динимизга тааллуқли бўлмаган, очкўз ва худбин капиталистик тушунчалар ҳукмрон бўлиб қолган. Бунга куни кеча бўлган озиқ-овқат саросимасида гувоҳ бўлдик. Бундай бузуқ тушунчани исломий саҳийлик тушунчаси билан ўзгартириш керак.

 Қадрли мусулмонлар! Бу вирус ортидан оламий иқтисодий инқироз, унинг ортидан умумий инқироз бўй кўрсатмоқда. Бундай вазиятда капиталистик тушунчадаги одамлар бир бурда нон учун бир-бирини ўлдиришга ҳам тайёр бўлиб қолишади. Биз уларга эргашмайлик, Исломга, динимизга қайтайлик! Ўзимизни бир қатор мухосаба қилиб олайлик. Бугун кўриб турганимиздек, оддий одамларда “жон қайғуси” бўлаётган бўлса, капиталистларда “ёғ қайғуси” бўлмоқда. Буларнинг бари капиталистик тузум татбиқ қилиниб, унинг тушунчалари кириб келгани сабаблидир. Бизлар эса мусулмонмиз, сизлар Аллоҳ йўлида эҳсон қилувчилардан бўлинглар!

 Аллоҳ Таоло айтади:

 مَثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِائَةُ حَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ,

“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”. [2:261]

 Абу Мусо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

إِنَّ الأَشْعَرِيِّينَ إِذَا أَرْمَلُوا فِي الْغَزْوِ, أَوْ قَلَّ طَعَامُ عِيَالِهِمْ بِالْمَدِينَةِ, جَمَعُوا مَا كَانَ عِنْدَهُمْ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ, ثُمَّ اقْتَسَمُوهُ بَيْنَهُمْ فِي إِنَاءٍ وَاحِدٍ بِالسَّوِيَّةِ, فَهُمْ مِنِّي وَأَنَا مِنْهُمْ

“Ашъарийлар ғазотда тул қолсалар ёки шаҳардаги оилаларининг озиқ-овқати камайиб кетса, ўзларидаги бор нарсани бир кийимга тўплайдилар-да, кейин ўз ораларида битта идишда ҳаммага баб-баробар қилиб тақсимлайдилар. Бас, улар мендандир ва мен уларданман (Муттафақун алайҳ).

 Ибн Асокир Анасдан ривоят қилишича: “Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ҳутбаларида минбарга чиқиб, Аллоҳга ҳамд айтганларидан сўнг шундай дедилар:

«يَا أَيُّهَا النَّاسُ، إِنَّ اللهَ قَدِ اخْتَارَ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِيناً، فَأَحْسِنُوا صَحْبَةَ الْإِسْلَامِ بِالسَّخَاءِ وَحُسْنِ الْخُلُقِ. أَلَا إِنَّ السَخَاءَ شَجَرَةٌ مِنَ الْجَنَّةِ وَأَغْصَانُهَا فِي الدُّنْيَا، فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ سَخِيًّا لا يَزَالُ مُتَعَلِّقاً بِغُصْنٍ مِنْهَا حَتَّى يُورِدَهُ اللهُ الْجَنَّةَ. أَلا إِنَ اللُّؤْمَ شَجَرَةٌ فِي النَّارِ وَأِغْصَانُهَا فِي الدُّنْيَا، فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ لَئِيماً لا يَزَالُ مُتَعَلِّقاً بِغُصْنٍ مِنْهَا حَتَّى يُورِدَهُ اللهُ فِي النَّارِ. قَالَ مَرَّتَيْنِ: السَّخَاءَ فِي اللهِ، السَّخَاءِ فِي اللهِ»

 “Эй инсонлар, Аллоҳ сизларга Исломни дин қилиб танлади, Ислом биродарлигини саҳийлик ва яхши хулқ билан кўзланглар. Ёдингизда бўлсин, саҳийлик жаннатдаги бир дарахт бўлиб, шохлари бу дунёда. Сизлардан ким саҳий бўлса, саҳийлик дарахти шохини ушлапти ва Аллоҳ уни жаннатга киритади. Аммо, лаимлик (бахиллик) дўзахдаги дарахт бўлиб, шохлари бу дунёда. Кимки лаим бўлса, шу дарахт шохига осилипти. Аллоҳ уни дўзахга киритади”. Шундан сўнг, “Аллоҳ йўлида саҳий бўлинглар”, деб икки марта такрорладилар.

 Яна бир бор эслатиб ўтамиз: Исломга озиқ тишларинг билан маҳкам ёпишинглар ва ҳаётингларни Исломга мувофиқ давом эттиринглар.

 Анас ибн Малик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:

إِنْ قَامَتْ السَّاعَةُ وَبِيَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ فَإِنْ اسْتَطَاعَ أَنْ لا يَقُومَ حَتَّى يَغْرِسَهَا فَلْيَفْعَلْ

“Агар қиёмат бошланса ва бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлмасдан уни экишга улгурса, экиб қолсин”, деганлар. (Имом Бухорий).

 Ҳизб ут-Таҳрир – Қирғизистон

19. 03. 2020

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here