بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Коронавирус ва унинг жаҳон иқтисодига таъсири
Ҳамд Тобиб қаламига мансуб
Капиталистик бузуқ тузум ҳукмрон экан, жаҳон иқтисоди ўргимчак тўридан ҳам мўрт бўлади ва ҳар қандай кучли ёки заиф силкиниш, унга ижобий ёки салбий таъсир қилади. Бу нарса биржа нархларига, нефт, олтин каби муҳим товарлар нархларига ҳамда халқаро авиакомпаниялар каби хизматлар нархларига таъсир қилмай қолмайди. Ушбу иқтисоднинг бундай салбий ва ёмон сифатларни ўз ичига олганининг бир қанча сабаблари бор:
- Савдо ва валюта айирбошлашда, дунё давлатларидаги аксар жамғармалар қопламаси сифатида, заиф сохта глобал қопламага таянишда. Бу қоплама АҚШ долларидир. Чунки доллар олтин ёки кумуш ёхуд ўз қийматини ўзида сақлаган табиий буюмлар каби барқарор асосга таянмаган. Биз бундай глобал бузилиш таъсирини кўтарилиш ёки тушиш каби жаҳон иқтисодида юз берган силкинишларда кўп марта гувоҳ бўляпмиз. Шунингдек, Американинг ҳукмронлигидан дунё давлатларининг, айниқса, йирик давлатларнинг қийналаётганларини, доллар ҳукмронлигидан қутулиш учун турли уринишлар олиб бораётганларини, аммо бу айтарли натижа бермаётганини кўряпмиз.
- Жаҳон молиявий бозорининг ўзаро боғлиқлиги. Яъни, ушбу бозорларда бирор силкиниш юз берса, бу ҳодиса чақмоқ тезлигида бутун оламга кўчади. Бундай носозлик сабаби шуки, айни бозорлар қўлидаги мол барқарор валюта билан қопланган эмас. Улардаги акция ва қимматли қоғозларнинг аксари рақамлардан, кўпроқ сохта рақамлардан иборат. Айрим йирик ва кичик давлатларда шундай қаттиқ силкинишлар бўлдики, бутун дунёни ларзага солиб, ҳатто баъзи давлатларни сиёсий харитадан ўчириб ташлашига бир баҳя қолди.
- Американинг иқтисодий жиҳатдан ҳукмронлик ва зўравонлик қилаётгани. Маълумки, савдо баланси ва давлат бюджетидаги мавжуд камомад оқибатида бу давлатнинг иқтисоди оғир қийинчиликни бошдан кечирмоқда. Бунинг қатор сабаблари бор: Америка ўзининг иқтисодий ҳажмига нисбатан жуда катта миқдорда сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлар билан шуғулланади… Олтин ёки кумуш ёхуд ўз қийматини ўзида сақлаган табиий буюмлар каби барқарор ҳақиқий қоплама билан қопламаган ҳолда катта миқдорда қимматбаҳо қоғозларни босиб чиқаради… Ички харажати ялпи миллий маҳсулотидан икки баробар кўп… Мана шулар сабабли унинг иқтисоди оғир қийинчиликни бошдан кечирмоқда. У ўзининг иқтисодий ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун хонавайрон қилувчи урушлар, таҳдидлар, шантажлар каби нопок услабларни тап тортмай қўллаб келмоқда. Чунки шундай қилмаса, унинг ўлиши муқаррар.
- Америка нефть каби ҳаётий муҳим товарларни назорат қилади ҳамда жаҳон бозорларини бошқариб келади. Саноатлашган дунёнинг ушбу ҳаётий муҳим нарсаларга эҳтиёжи катта бўлган бир пайтда, Американинг мана шундай ҳукмронлиги саноатлашган давлатлар ва истеъмолчи давлатларга салбий таъсир қилиб, барчаси ушбу зўравон давлатнинг раҳм-шафқатига қарам бўлиб қолган.
- Бугунги кунда бутун жаҳоннинг қирғинбарот савдо урушларидан азият чекаётгани сабабли бозорлар ҳам, ишлаб чиқаришлар ҳам, экспорт ҳам издан чиқди… молиявий бозорларда бузилиш содир бўлиб, бу нарса нефть ва олтин сингари ҳаётий муҳим товарларга салбий таъсир кўрсатди.
Энди, ушбу касаллик (коронавирус)га келсак, ҳақиқатда у жаҳон иқтисодида навбатдаги кризисни келтириб чиқарди ва унинг кўлами кундан-кунга каттайиб бормоқда. Халқаро Валюта Фонди директори Кристалина Георгиева ўтган феврал ойида бундай баёнот берди: «Янги Коронавирусни назорат қилиш бўйича мавжуд ноаниқлик 2020 йил мобайнида кўплаб салбий сценарияларга тайёргарлик кўришни талаб қилмоқда, эпидемия нафақат Хитой, балки барча дунё давлатларининг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда». У Саудия пойтахти Риёзда бўлиб ўтган G20 молия вазирлари ва Марказий Банклар раҳбарларининг учрашуви сўнггида қилган нутқида «кўплаб салбий сценарияларга тайёргарлик кўрсак яхши бўлар эди», дея қўшимча қилди. Кристалина «Вирус тарқалишидан ташқари бошқа хатарлар ҳам мавжуд. Чунки давлатлар ва компаниялардаги қарзларнинг ошиб кетиши энг юқори даражадаги хатарни ёки молиявий вазиятнинг кутилмаганда оғирлашишини келтириб чиқариши мумкин», деди.
«Capital Economics» бўйича хитойлик бош эксперт Жулиан Эванс-Причард бундай деди: «Вируснинг кенг тарқалаётгани, унинг айни чорак давомида иқтисодни албатта бузажагини англатади». «OANDA» корпорациясидаги бозорлар бўйича бош таҳлилчи Эдвард Мойя бундай деди: «Саёҳатларнинг тақиқланиши иқтисодга жиддий таъсир қилади, деган хавотирларни кучайтирмоқда. Баъзилар эса, Хитойнинг ялпи ички маҳсулотини 2020 йилнинг биринчи чорагида 1 фоизга ёки ундан ҳам қуйироққа тушиб кетишидан хавотирда».
Ушбу вируснинг тарқалиши авиакомпанияларга ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатди. «IATA» (Халқаро Ҳаво Транспорти ассоциацияси)нинг маълум қилишича, «коронавирус туфайли авиакомпаниялар йўқотган умумий даромад 29.3 миллиард долларни ташкил қилиши мумкин». Айни ассоциация баёнотига кўра, вирус тарқалишини олдиндан баҳолаш «Осиё-Тинч океани минтақасидаги авиакомпанияларнинг йўловчилар талабидан 13 %ни йўқотишини кўрсатган».
Бу эпидемиянинг нефть нархига ҳам таъсири бўлди. 2019 йил январ ойидан бери нефть нархи энг паст даражага тушди ва шу сабабли Хитойдаги нефтга бўлган талабга коронавируснинг таъсир кўрсатаётгани инвесторларда хавотир уйғотмоқда. Брент нефтининг бир баррели 53.3 долларга тушиб кетди. АҚШ нефтининг бир баррели ҳам 50 доллардан пастлаб қолди. Нефть нархлари ўтган ойнинг энг юқори даражасига нисбатан 20 %га тушди. Халқаро ташкилотлар коронавируснинг Хитой ичидаги нефтга бўлган талабни кунига 260 минг баррелга камайтирганини, айни касалликни бартараф этувчи вакцинани яратиш имконияти бўлмаган тақдирда эса, ушбу заиф талаб янада чуқурлашишини айтишмоқда. Маълумки, Хитой дунёда энг йирик хом нефть импортчиси ҳисобланиб, кунига ўртача 10 миллион баррел нефть импорт қилади.
Касалликнинг олтин нархига бўлган салбий таъсирига келсак, унинг нархи бир ҳафта ичида энг юқори кўрсатгични қайд этди. Бунга инвесторларнинг хавфсиз бошпана қидираётганлари ҳамда коронавирус тарқалишининг иқтисодий оқибатлари бўйича уларнинг хавотирлари кучаяётгани сабабдир. Айни иллатдан қурбонлар сони кун сайин ортиб бормоқда ва ҳозиргача 2000 шахсдан ошди.
«Коронавируснинг бозорга бўлган таъсири ҳақида ҳали ҳам кўп ноаниқликлар мавжуд. Бу касалликдан ўлиш ва унга чалинишнинг кўпаяётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу эса, келгуси даврда олтинга бўлган талабни кучайтиради», дейди иқтисодчи эксперт Мустафо Нисор.
Воқе-ҳодисалар ва юқорида айтганимиз воқеалар кескин бир иқтисодий ҳақиқатни кўрсатмоқда: у ҳам бўлса, демак, жаҳон иқтисоди ўргимчак тўридан ҳам мўрт экан, деган ҳақиқатдир. Чунки жаҳон иқтисодининг пойдеворлари бузуқ. Авваламбор, бу пойдеворларнинг на илдизи бор, на устун ва таянчи. Қолаверса, юқорида айтганимиздек, валюта тизими ҳақиқий бўлмаган сохта тизимдир. Шунингдек, энг муҳим ҳақиқат шундан иборатки, ушбу бузуқ тизим йўқ қилиниб, унинг ўрнига соғлом раббоний тизим барпо қилинишига бутун жаҳон муҳтож бўлиб қолди. Дарҳақиқат, 2008 йилдаги ипотека кризиси юз берганда жаҳон иқтисодини қоқилиш ва кризисларидан қутқаришга фақат Исломдаги иқтисод низомигина қодир, дея гапирмаган тиллар, ёзмаган қаламлар қолмади.
Бу бизга Ҳақ Субҳанаҳу ва Таолонинг каломини хотирлатмоқда, унда куфр ва унинг бузуқ тизимлари ҳақида бундай дейилган:
أَفَمَنْ أَسَّسَ بُنْيَانَهُ عَلَىٰ تَقْوَىٰ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٍ خَيْرٌ أَم مَّنْ أَسَّسَ بُنْيَانَهُ عَلَىٰ شَفَا جُرُفٍ هَارٍ فَانْهَارَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الظَّالِمِينَ
«Биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризоси асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас» [Тавба 109]
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتاً وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنكَبُوتِ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
«Аллоҳдан ўзга «дўстлар»ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг мўрти ўргимчак уясидир. Кошки улар буни билсалар эди» [Анкабут 41]
Аллоҳ Таолодан сўраймиз: соғлом ҳаёт ва тўғри йўлда бўлмоғимиз учун ушбу кризисларни бутун жаҳонни залолат ва ҳалокатдан қутқарувчи яхшилик дарвозаларини очқичига айлантирсин.
Роя газетасининг 2020 йил 4 март чоршанба кунги 276-сонидан