Ўзбекистон ва АҚШ ҳарбийлари қўшма машқлар ўтказди
Шу йил 24 февралидан 2 мартига қадар Миллий гвардия Ўзбекистоннинг бошқа хавфсизлик кучлари билан биргаликда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги билан хавфсизлик бўйича ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро мувофиқликни ошириш мақсадида инқирозга қарши қўшма машқлар ўтказган. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълумот тарқатди.
Хабарномада айтилишича, ўзбекистонлик ва америкалик ҳарбийлар дала-ўқув полигонлари ва Ўзбекистон ҳукумати рухсат берган бошқа объектларда “Енгилмас соқчи – 2020” номли ўқув машқларида иштирок этди.
“Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат ва муштарак манфаатларга асосланганди. “Енгилмас соқчи” машқлари каби ўқув дастурлари ва қўшма жавоб машқлари бизнинг Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимиз чуқур ва кенглигини кўрсатади”, деган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм.
Изоҳ: АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиёдаги нуфуз талашиши Ўзбекистонда тўқнашмоқда.
Россия АЭС қуриб бериш ҳамда ўзининг ички бозорларини Ўзбекистон маҳсулотларига очиб беришни ваъда қилиш билан Ўзбекистон режимини ўзига тортмоқчи бўлди. АҚШ эса катта молиявий кредитлар ва инвестиция олиб кириш ҳамда турли даражадаги ҳарбий делегациялар жўнатиш, ўзбек ҳарбийларини ўз юртига таклиф қилиш ва қўшма машғулотлар орқали Ўзбекистонни ўзига жалб қилмоқчи бўляпти.
2018 йил кузида Миссисипи штати миллий гвардияси қўмондони генерал-майор Женсон Бойлс бошчилигидаги АҚШ делегацияси Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига расмий ташриф билан келди. Томонлар ҳарбий-техник ҳамкорликни ва қўмондонлик ва штаб даражасидаги ҳарбий кадрларни тайёрлаш соҳасидаги сўнгги ёндашувларни муҳокама қилдилар.
2019 йил январ ойида Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов ва Ўзбекистон Қуролли Кучларининг бошқа вакиллари Кемп-Шелби ҳарбий базасида “Жанубий ҳужум” Миллий гвардиясининг машғулотларида иштирок этишди. Шунингдек, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва CENTCOM ўртасидаги ҳарбий алоқалар режасини қўмондонлик штабида муҳокама қилдилар.
Ўзбекистонга таклиф қилинаётган бу
икки томонлама манфаатлар, аслида Ўзбекистон хавфсизлиги учун хатарли
ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки АҚШ ва Россияни ҳар бирининг бу минтақада
ўз манфаатлари бўлиб, бирининг манфаати иккинчисиникига тўғри келмайди. Бу эса
Ўзбекистонда халқаро сиёсатга таъсир этувчи давлатлар ўрталарида тўқнашувга
олиб келади.
Абдураҳмон Одилов