Россия Қирғизистондаги ҳарбий базасига Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини жойлаштирмоқчи
Россия Қирғизистондаги ўзининг ҳарбий базасига Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини жойлаштирмоқчи. Бу ҳақда РФ мудоффа вазирининг ўринбосари – статс котиби Николай Панковга таянган ҳолда РИА “Новости” хабар берди.
“Мазкур иш доирасида яқин истиқболда учувчисиз аппаратлар бўлинмасини жорий қилиш ва Россия Бирлашган ҳарбий базаси таркибига киритишни режалаштираяпмиз”, – деди Панков Давлат Думасида Россия Бирлашган ҳарбий базасининг ҚР ҳудудида бўлиш мақоми ва тартиблари тўғрисида РФ ва Қирғизистон ўртасида эришилган протоколни ратификация қилиш мавзусида сўзлаган нутқида.
“Навбатдаги босқичда Россия ҳарбий базасига ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини жойлаштириш бўлади. Бундан ташқари, “Қант” аэродроми инфратузилмалари обьектлари реконструкция қилинади”, – дея қўшимча қилди Панков, дея ёзди нашр.
Таъкидланишича, 2019 йил декабрида РФпрезиденти Владимир Путин Давлат Думасига РФнинг Қирғизистондаги ҳарбий базаси тўғрисидаги Битимга ўзгартириш киритиш бўйича протоколни ратификация қилиш учун тақдим қилган эди, бу ўзгартишларга кўра Россия ўзининг базаси таркибига учувчисиз аппаратлар бўлинмасини киритиши мумкин.
Изоҳ: 2-3 феврал кунлари Ўзбекистонда бўлган АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Марказий Осиё давлатлари ҳақида “…Улар Хитой ва Россия таъсири бор минтақада жойлашган. Биз улар бажаришини хоҳлаётган, Америка бу ерда қилаётган иш уларнинг тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятини, қонунлар асосида шаффоф бошқарувга эришишини қўллаб-қувватлашдир”,- деганди. Ўзбекистонга келишидан олдин Қозоғистондаги учрашувларда қозоқ ҳукуматини АҚШ компаниялари билан ҳамкорликни кучайтиришга ва Хитойнинг Шарқий Туркситондаги мусулмонларга қарши олиб бораётган сиёсатига қарши АҚШ билан бирга бўлишга чақирган эди.
Помпеонинг Қозоғистон ва Ўзбекистонга амалга оширган сафаридан сўнг АҚШ Давлат Департаменти янги дастурини эълон қилди. Дастурга кўра, Европа, Евросиё ва Марказий Осиёда Россиянинг дезинформацияси ва ташвиқотига қарши туриш, унинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш учун 763,8 миллион доллар миқдорида хорижий ёрдам ва 24 миллион доллар миқдорида аниқ мақсадларда молиялаш (турли ахборот нашрлари қўллаб-қувватлаш тарзида кўмак бериш) кўзда тутилган.
АҚШнинг Марказий Осиёга қаратаётган бундай жиддий эътибори Россияни қарши чоралар кўришга ундаши табиий. Чунки, Россия Марказий Осиёни ўзининг экинзори сифатида кўришга кўникиб қолган ва бу минтақага АҚШни суқулиб киришини жим кузатиб турмайди. Шу сабабли ҳам у минтақада ўзининг ҳарбий иштирокни янада кучайтиришга интилмоқда. Бунинг учун энг қулай йўл Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларини кучайтириш ва ўзини минтақадаги тинчлик гарови сифатида кўрсатишдан иборат. Агар Ўзбекистон ёки Қозоғистон Россиянинг зимдан бераётган “огоҳлантириш”ларига эътибор қилмай АҚШ билан яқинлашишни давом эттирадиган бўлса, Россия сўнги услуб “терроризм” таҳдидини пайдо қилиш ва бир нечта сунъий терактлар ҳам уюштириши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.
Абдураҳмон Одилов