بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
«Куала-Лумпур Ислом саммити 2019»нинг сиёсий воқелиги ҳамда унинг очиқ ва яширин мақсадлари
Доктор Фараж Мамдуҳ
Бу саммит Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад чақириғи билан 2019 йил 18-21 декабр кунлари бўлиб ўтди. Мусулмон юртларидаги муаммоларни ёритиш ва уларга ечим ишлаб чиқиш кўзланган ушбу саммитда Малайзия, Туркия, Қатар, Покистон ва Индонезиядан иборат беш давлатнинг қатнашиши кутилган эди. Аммо Саудиянинг босими билан Покистон ва Индонезия қатнашмади.
Саммит илк бор 2014 йилда ўтказилган бўлиб, бу галгиси иккинчи бор ўтказилиши. Саммитдан исломий юртлар дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва янги ечимлар топиш, шунингдек, мусулмонларнинг, умуман, мусулмон юртларининг аҳволини яхшилаш мақсад қилингани айтилади.
Шу билан бирга, саммитдан дунё бўйлаб барча мусулмон уламолари ва муфаккирларини бирлаштириш ва Ислом ҳазоратини тиклаш ҳам кўзланган бўлиб, унда 53 давлатдан 400га яқин вакиллар қатнашди.
Хўш, Куала-Лумпурда ўтказилган бу саммит аслида қандай, унинг пешонасига омад ёзилганми ёки у ҳам Малайзия ва бутун дунё бўйлаб ўтказилиб келаётган минглаб омадсиз саммитларнинг бирими?! Масалан, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Ҳарбийликка Бетарафлик ҳаракати, Араб давлатлари Лигаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Ислом Уммати бошдан кечираётган муаммоларни ҳал қилишдаги омадсизликлари каби. Ўтган шунча саммитлар ва халқаро ташкилотлар Уммат муаммоларини аниқлаб, ҳал эта олдими?! Улар ҳал этолмагач, энди бундай заиф саммитга ва ундаги маърузаларга нима ҳожат? Бу саммитнинг ортида эълон этилмаган мақсадлар ётибдими? Унинг сиёсий воқелиги нима?
Саммитда қатнашаётган ёки ундаги асосий давлатлар воқелигининг ўзи саммитнинг мусулмон юртларида эҳтимолли ўзгариш қилишга ёки муаммоларини ҳал этишга қодир эмаслигини кўрсатиб турибди. Чунки бу давлатларнинг барчаси сиёсий жиҳатдан олганда, деярли сиёсий иродага эга эмаслар. Чунки улар ё бирор давлатга тобе давлат, Қатар каби ёки бирор давлатнинг таъсири остидаги давлатдир, Туркия ва Малайзия каби. Шундай бўлгач, бу давлатлардан ўзи тобелик қилаётган ёки таъсирланаётган ўша давлатларнинг таъсирисиз бирор ташқи сиёсий ишларни бажара олишларини кутиш мумкинми?!
Кейин, бу давлатлар исломий юртлардаги муаммолар ва масалаларни ҳал қилишга ташаббус кўрсатаётган бўлсалар-да, бироқ, Фаластин, Кашмир, Ироқ, Афғонистон, Сурия, Чеченистон, Босня, Мьянма, Сомали каби давлатлардаги мусулмонларнинг эскию янги ва қонли масалаларини бир марта бўлса ҳам ҳал қилишганини кўрмадик. Аксинча, бу давлатлар муаммонинг ечими эмас, балки муаммонинг бир қисми бўлиб келишяпти. Ҳатто улар мусулмонлар муаммолари ва инқирозларида мустамлакачи давлатлар фойдасига шерик бўлишяпти. Масалан, саммитга келмаган Покистон Кашмир ва Афғонистон масаласида, Туркия билан Эрон Сурия масаласида мустамлакачиларга шерикдир. Ёки Қатар каби давлатлар мусулмонларнинг қатли ом қилинишга ва азоб-уқубатлар чекишига миқ этмай, қўл қовуштириб қараб туришибди… Яҳудийлар вужуди билан муносабатларни нормаллаштириб, иқтисод ва нефть соҳасида бевосита ёки билвосита алоқа ўрнатиб ётишибди.
Мана, Эрдоган шу йил Хитойга борганида уйғурлар масаласини бу давлатнинг чики иши, деди-ку?!
Шунинг учун ва юқоридаги фактларга биноан, онгли мусулмон киши бу каби саммитларга шубҳа билан қарайдиган ва буларнинг ортидаги асл мақсад нима, дея ўйлайдиган бўлиб қолди.
Бу давлатларнинг бу каби саммитдан мақсадлари, ўзларининг ҳақиқий бурчларини бажаришмаётганини яшириш эмасми, ахир, мустамлакачиларнинг Ислом ва мусулмонларга қарши ҳамлалари қаршисида ўз армияларини ҳаракатга келтириб, Умматнинг мазлум фарзандларига нусрат-ёрдам бериш уларнинг бурчику?!
Ёки Ислом давлати орқали исломий ҳаётни қайта бошлашга бўлган ҳайқириқлар ва талаблардан чалғитиб, янгича исломий қўллаб-қувватловни топишмоқчими?! Ёки исломий дея даъво қилинган бундай саммитлардан исломий юртлардаги ҳаракатлар, партиялар, уламолар, муфаккирлар ва фаолларни жиловлаш мақсад қилинганми? Улар ушбу давлатларни тамсил этган оддий мусулмонларга тўғри келмайди деган баҳона билан уларга барҳам бериш осон бўлиши учун уларни мўътадилга ва экстремистга ажратиш кўзланганми?
Бу каби саммитлар ортида шу ва бошқа кўплаб ёвуз мақсадлар яширинган бўлиб, уларни ўрганмоқ, фош қилмоқ ва улардан эҳтиёт бўлмоқ лозим. Ҳақиқатдан, ҳам юртларимизда саммитлар қалашиб кетди, аммо мусулмонларга келтирган нарсаси фақат ёмонлик ва вайронагарчилик бўлмоқда. «Терроризм»га қарши кураш саммити билан кескинлик бўрони бунга яққол мисолдир.
Роя газетасининг 2020 йил 1 январ чоршанба кунги 267-сонидан