Жээнбеков Санкт-Петербургга жўнаб кетди
Президент Сооронбай Жээнбеков 20-декабр куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрига учиб кетди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, шунингдек, у Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этади.
Қирғизистон делегацияси таркибида ташқи ишлар вазири Чинибек Айдарбеков, президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиков, Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Алибек Жекшенкулов, бош вазир ўринбосари Жениш Разаков ва иқтисодиёт вазири Санжар Мукнабетовлар бор.
Изоҳ: Маълумки, Евросиё иқтисодий комиссияси 19 ноябр кунги мажлисида Қирғизистоннинг учинчи мамлакатлардан олиб келинадиган автомобилларни божхона расмийлаштиришдаги имтиёзлар даври узайтирилиши борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватламаган эди. 2019 йилнинг 31 декабр куни Қирғизистон учун автомобилларни божхона расмийлаштирувида берилган имтиёзлар даври ниҳоясига етади. 2020 йилнинг 1 январидан Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тарифлари кучга киради. Янги тарифларга кўра, автомобилларнинг божхонада расмийлаштириш бир неча баробар ошади. Масалан, Toyota Camry (2009, двигател ҳажми 2,5 литр) айни дамда 1250 долларга олиб кирилади. 2020 йилда бу машинанинг божхона тўлови 13 600 долларни ташкил қилади. Демак, эндиликда қирғиз бозори ғарб давлатлари стандартларига жавоб бермайдиган рус автомобиллари учун ўз эшикларини кенг очишга мажбур бўлади.
Аслида ЕОИИ ташкил этилганидан буён ташкилотга аъзо давлатлар ташқи савдода ортга кетаётиб зарарга учраётган бўлса, Россия эса аксинча фойда билан чиқмоқда. Масалан, 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида савдо айланмаси жаҳатидан иттифоққа аъзо давлатларнинг барчаси салбий сальдо билан чиққан, яъни импортга нисбатан экспорт кўп бўлган. Улардан фарқли равишда Россияда экспорт кўлами ошган. Аслида ҳам Россияни ЕОИИ ташкил этишдан кўзлаган мақсади шу эди. Бир томондан собиқ мустамлакаларини иқтисодий жиҳатдан ўзига янада кўпроқ боғлаб олиш бўлса, иккинчи томондан ғарб санкцияларига учраган ва уларнинг талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотлари учун бозор очишдан иборат эди. Бугунга келиб Россия бу бозорни янада кенгайтириш учун Ўзбекистон ва Тожикистонга босим ўтказиб келмоқда. Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилиши ортидан МДҲ давлатлари раҳбарларининг навбатдаги норасмий учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Шу учрашув доирасида Путини Мирзиёевга яна бир бор иттифоққа киришни таклиф қилиб кўриши ва ҳатто босим ўтказишга ҳаракат қилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Абдураҳмон Одилов