Айби очилиб, ёвузлиги ортиб бораётган коррупциячиларни қулатишга қарор қилган Ироқдаги ёшларни репрессив услублар ўз қароридан қайтаролмади

498
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Айби очилиб, ёвузлиги ортиб бораётган коррупциячиларни қулатишга қарор қилган Ироқдаги ёшларни репрессив услублар ўз қароридан қайтаролмади

Устоз Абдураҳмон Восиқ

Ироқда ҳукмрон табақанинг коррупциясига қарши намойишлар давом этмоқда. Бу намойишлар ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан шиддатли тус олиб, тўртинчи ҳафтага кирди. Чунки унга Ироқнинг пойтахтидан тортиб, марказий ва жанубий районларидан оқиб келган турли қатламдаги юзлаб, минглаб инсонлар қўшилмоқда. Намойишларда Ироқдаги вазиятнинг ёмонлашишига ҳисса қўшганларнинг ҳаммасига қарши норозилик кайфияти кучайиб бормоқда. Чунки, Ироқ улкан бойликларга эга бўлишига қарамай, муваффақиятсиз мамлакатларнинг биринчи сафидаги мамлакатга айланиб қолди. «Transparency International» ташкилоти Ироқни ўтган йиллар мобайнида дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар қаторидан жой олиб келганини маълум қилди. Ироқнинг ҳар йили нефтдан ўн миллиардлаб доллар даромад олишига қарамай, унинг аҳолиси, коммунал хизматларнинг етишмаслигидан ҳанузгача шикоят қилмоқда. Бу эса, ёмон турмуш шароитларига қарши норозилик кайфиятини янада кучайтирди. (Ҳурра телестанцияси).

Шунинг учун биз намойишчиларнинг ҳукмрон табақа ишга солаётган турли хил тузатиш киритиш ва кечиктириш чораларига рози бўлмаётганларига ҳамда вақт омилига бўйсунмай, қатъий ва режали тарзда кучаяётганларига гувоҳ бўляпмиз. Зотан, раҳбарлар – вақт ўтиши билан намойишчилар майдонни холи қолдиришга мажбур бўлади, деб ўйлашяпти. Шундай қилиб, ёшларнинг энг муҳим талабларни илгари суриб, то барча талаблари қондирилмагунича норозилик майдонини ҳаргиз тарк этмасликни таъкидлашаётганини, ўзларига қарши репрессив воситалар қўлланаётганидан ҳам қўрқишмаётганини кўриб турибмиз. Дарҳақиқат, манбаларга кўра, кўздан ёш оқизувчи ва овозли гранаталар қўлланиши оқибатида ғазабнок ёшлардан 350-400дан зиёди ҳалок бўлган… жароҳатланганлар ва ногирон бўлиб қолганлар сони эса, мингдан ошади.

Ироқнинг минглаб аҳолиси ҳануз майдонни тарк этмай, гоҳ сон жиҳатидан кўпайишаётган бўлса, гоҳ фуқаровий исёнга ва қонуний мақсадларига тўла эришишга чақиришяпти. Зеро, уларнинг мақсадлари хизмат кўрсатиш ва ишсизларни иш билан таъминланишига чекланиб қолмади. Балки Бағдод, Бобил, Нажаф, Носирия, Зи Қор, Қодисия, Майсан ва Басра шаҳарларидаги плакатларнинг аксарида бир хил талаблар илгари сурилмоқда: Одил Абдулмаҳдий ҳукуматининг истеъфога чиқиши, муддатидан олдин сайловлар ўтказиш, коррупция жиноятлари учун махсус маҳкама тузилиши. Ҳаммасидан ҳам муҳими, намойиш майдонларидаги халқ Ироқдаги мазҳабпарастликка асосланган нуфуз ва амал талашишлар ҳолатига чек қўйилишини қаттиқ талаб қилмоқда. Чунки юрт иқтисодини ҳолдан тойдирган ҳам, халққа 2003 йилдан бери зиён етказаётган ҳам мана шу иллатлардир.

Фаоллар ва намойишчилар бир томонда одамларнинг намойишга келиб қўшилишлари кўпайгани сари, иккинчи томонда репрессия ва террорнинг ҳам кучайганига гувоҳ бўлдилар. Масалан, ўтган жума Бағдоддаги Таҳрир майдони билан Носириянинг Зи Қор райони марказидаги Ҳабубий майдонида қонли портлашлар кузатилди. Шанба куни намойишчилардан қурбон бўлганлар 3 нафарга, турли даражада жароҳатланганлар 30 нафарга етди. Бу ҳол намойишчиларни ораларидан назоратчи комиссиялар тузишга ва фитначилик ишлари билан танилган партия ва жангариларнинг амалга оширмоқчи бўлган хавф-хатарини олдини олиш учун майдонларни кузатиб боришга мажбур қилди. Шундай бир пайтда, номаълум қуролли кимсалар Ироқ Фуқаровий оқими аъзоси, намойишни қўллаб-қувватловчи фаоллардан бири Аднон Рустамнинг жонига қасд қилишди. Улар Рустамни намойишдан чиқиб, уйига кетаётган пайтда Бағдод марказидаги Ҳуррият маҳалласида ўқ отар қурол ёрдамида ўлдириб, кўздан ғойиб бўлишган. Гувоҳлар бу жиноятнинг хавфсизлик кучлари текширув пункти яқинида содир этилганини айтишди.

Юрт жанубидаги Носирия шаҳридаги норозилик намойишчилари намойишларнинг албатта давом этажагини таъкидлаб, «бунинг баробарида, режим содир этаётган репрессив ишлар ҳам давом этишини, лекин намойишни тўхтатиб уйларга қайтиш ва ҳукуматнинг чоралар сароби орқасидан бориш, унинг ёлғон ваъдаларига ишониш мутлақо мумкин эмаслигини, чунки бу Миср ёшлари бошдан кечирган фалаж қилувчи дозалар эканини» жуда яхши англаётганини билдирдилар.

Ироқ ҳукумати яхши ҳаёт кечиришни талаб қилиб чиққанларга қарши қаттиқ зўравонликлар қўллаши билан бирга, мавжуд воқеликни ёритишда ёлғон баёнотлар бермоқда. Мисол учун, мудофаа вазири ўтган октябр ойидан бери Ироқ шаҳарларидаги намойишлар чоғида 320дан ортиқ намойишчининг ўлдирилганини ва минглаби жароҳатланганини «намойишчиларни учинчи томон ўлдирди», дея изоҳлади. Унга кўра, хавфсизлик ходимлари ва намойишчилар ўлими манбаи ҳам «учинчи томон» эмиш. Бу аччиқ-кулгили гап эмасми?! Наҳотки, бригада генерали унвонидаги мудофаа вазири оғзидан шундай гап чиқса?! Яъни, Абдулмаҳдий ҳукумати ва унинг хавфсизлик хизмати юртга қурол кириб келаётганидан бехабар бўлиб, халқнинг ўлимига мана шу нарса сабаб бўлганмиш!

Биз фожиа ва мусибатлар давом этиб, намойишчиларнинг бутун сиёсий жараённи йўқ қилишга қаттиқ турганини кузатар эканмиз, вазирлар кенгашини тамсил этувчи ҳукумат ва унинг депутатларининг халқ ташвишлари ва талабларига мутлақо парво қилмаётганини кўряпмиз. Парламент спикери Муҳаммад Ҳалабусий шу ойда тасдиқлашга тайёрланаётган қонунлар тўпламини эълон қилди. Улар «Сен буни қаердан олдинг»¹ қонуни, федерал суд қонуни, тиббий суғурта қонуни ва пенсия тўғрисидаги қонун кабиларни ташкил қилади.

Намойишчиларнинг бундай ислоҳий ечимларга рози бўлмаётганларини эътиборга олсак, бизга икки ҳақиқат намоён бўлади: Биринчи, курсиларга чирмашиб ўтириб олиб, мансабдан кетишни мутлақо истамаётган ҳокимият раҳбарлари бор. Иккинчи, халқни ҳақиқатдан мутлақ узоқдаги қонунлар билан алдаётганлар бор. Бу бизни инқироздан чиқиш учун қоронғи тоннель охиридаги ёруғлик нуқтасини топиб боришга ундамоқда. Ушбу икки гуруҳнинг ҳар бири ўз позициясида маҳкам турган экан, афтидан, иккаласида ҳам хавфсизлик ечимидан ўзга нарса йўқ кўринади. Хавфсизлик ечими эса, намойишчиларга қаттиқ зарба йўллаб, намойишга якун ясашдир. Бундан Аллоҳ Субҳанаҳунинг ўзи асрасин. Зеро, Америка ҳам, Эрон ҳам, масала мусулмонларга тақалган экан, иккаласи ҳам зулм ва зўравонликдан бошқа нарсани билмайди.

Ҳар ишга қодир Аллоҳдан дуо қилиб, бизни ва барча мусулмонларни Ўзи рози бўладиган чиқар йўлга бошлашини, ёруғ кунларни ато этишини сўраймиз. Халос бўлишимиз ва қайта куч-қудратга эришишимизнинг бирдан-бир йўли Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатида Аллоҳнинг шариати билан ҳукм юритишдир. Буни бизга Аллоҳ Таоло ваъда қилган, Росули карим ﷺ башорат этганлар.

¹ Ноқонуний даромад ва бойишга қарши 2018 йил бошланган кураш қонуни номи

Роя газетасидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here