Ҳусанов: Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса мигрантларнинг патент тўлови бекор бўлади

678
0

Ҳусанов: Ўзбекистон ЕОИИга қўшилса мигрантларнинг патент тўлови бекор бўлади

 Ўзбекистон сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлиси арафасида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида ўтказилган йиғилишда сенаторлар Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилган тақдирда меҳнат мигрантларининг Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилгани учун ундириладиган патент тўловининг бекор бўлиш ё бўлмаслиги билан қизиқишди.

 Қўмита йиғилишида Халқаро меҳнат ташкилотининг Иш билан таъминлаш соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги конвенцияси ижро этилиши юзасидан ахборот берган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Ўзбекистон ЕОИИга қўшилган тақдирда патент тўлови бекор бўлишини маълум қилди.

 “Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилгандан кейин патент тўлови бекор бўлади. Иттифоққа аъзо давлатларнинг фуқаролари тенг ҳуқуқли бўлиб қолади”, – деди Нозим Ҳусанов.

 Аввалроқ сенатор Одилжон Иминов Ўзбекистон Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлса, ўзбекистонлик мигрантлар ҳаёти қулайлашиши, меҳнат муҳожирларига бўлган муносабатда ижобий ўзгаришлар пайдо бўлишини айтган эди. 

 Изоҳ: Россия Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиб кириши учун кучли босим ўтказаётгани тобора ошкор бўлиб бормоқда. Шу сабабли ҳам ўзбек ҳукумати иккинчи ёки учинчи даражали амалдорлар орқали одамлар қулоқларини кўниктириш ва бу ташкилот ҳақида оммада иложи борича ижобий фикрни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун энг мақбул ечим гўёки  Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбекистонликлар манфаатлари кўзланаётгандек муҳитни пайдо қилишдан иборатдир. 

 Ўз вақтида қирғиз ҳукумати ҳам Россия босими остида мамлакатни иттифоққа олиб киришда “Қирғизистон учун 170 миллион кишилик бозор очилиши, иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланиши ва иқтисодиёт соҳасида ягона сиёсат юритилишини” ваъда қилишган эди. Аммо ташкилотга аъзо бўлгандан буён ўтган 4 йилдан ошиқроқ вақт буларнинг барчаси Россия босимидан қутулиш учун қабул қилинган қарор ва ваъдадан бошқа нарса бўлмаганлигини кўрсатиб турибди. Қирғизистон ташкилотга аъзо бўлганидан буён халқ ва давлат учун бирор ижобий ўзгариш содир бўлмади. Фитосанитария ва ветеринария талабларига жавоб бермаганлик баҳонаси билан қирғиз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ташкилотга аъзо бошқа давлатларга ўтказмаслик, меҳнат муҳожирларига хайдовчилик гувоҳномаси баҳонаси билан босим ўтказиш, Россиядан жўнатилаётган пул маблағлари учун чеклов жорий қилиш ва яна бошқа кўплаб ишлар бу ташкилот Россиянинг иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқариш учун ташкил этилганлигига далолат қилади. Қирғизистонда бўладиган парламент сайловлари яқинлашиб боргани сари депутатлар ҳам халққа яхши кўриниш илинжида иттифоққа аъзо бўлиш Қирғизистон учун ҳеч қандай фойда келтирмагани ҳақида гапира бошлашди. Ҳолбуки, аксари ҳозир ҳам депутат сифатида фаолият олиб бораётган Жокорку Кенешнинг V чақирилишидаги депутатлари 2015-йил 20-май куни ўзлари ҳатто танишиб ҳам чиқмаган “Қирғизистоннинг ЕОИИга қўшилиш тўғрисидаги” қонунни қарийиб бир овоздан тасдиқлаб беришган эди.

26-ноябр кун бўлиб ўтган ЖКнинг иқтисодий ва молиявий қўмитаси йиғилишидаги Кенжебек Бокоев ҳам айни шу масалани кўтарган эди.

  “Яна, бизга валюталарнинг ҳам тўсқинликсиз ҳаракат қилиши ҳақида гапирилган эди. Лекин, бунга ҳам чекловлар бор. Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганидан кейин Қирғизистон барча фронтларда ютқазди, айниқса қишлоқ хўжалигида. Нима учун Россия ва Қозоғистондан тирик ҳайвонларни импорт қилишади-ю, Қирғизистондан олиб кириш мумкин эмас”, – деди Бокоев…

Абдураҳмон Одилов 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here