АҚШ Мирзиёев президентларнинг бошини қовуштирганини олқишлади

705
0

АҚШ Мирзиёев президентларнинг бошини қовуштирганини олқишлади

 АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини олқишлади.

 “Яқинда Тошкентдаги учрашувда Марказий Осиёнинг беш мамлакати раҳбарлари томонидан лидерлик ва узоққа мўлжалланган қарашлар намойиш этилганини кўришдан мамнунмиз. Минтақавий ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлиги учун жуда муҳимдир. Президент Мирзиёев ушбу тадбирга мезбонлик қилгани учун ташаккур”, деган америкалик дипломат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

 Ўз навбатида, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм ҳам Элис Уэллснинг фикрларига қўшилган. У минтақа давлатлари ўзаро жуда яхши келиша олишини таъкидлаган.

“С5+1 яхши. Лекин С5 ҳар қанақа плюссиз ундан ҳам яхши! Ўзбекистонга минтақавий ҳамкорлик йўлидаги етакчилик қилаётгани учун шарафлар бўлсин”, деб ёзади элчи.

 Изоҳ: Маълумки, 29 ноябр куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувдаги асосий масалалардан бири Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мавзуси бўлди. Агар АҚШ Толибон билан келишувга эришиб Афғонистонда тинчлик ўрнатишга муваффақ бўлса, “С5+1” ташкил этишдан кўзлаган асосий мақсадига қарйиб етган бўлади. АҚШнинг “С5+1” форматини ташкил этишдан кўзлаган мақсади, Марказий Осиё мамлакатларини Афғонистон орқали дунё бозорига олиб чиқиш ва шу орқали бу минтақадаги сиёсий-иқтисодий манфаатларга эгалик қилишдир. Бу манфаатларга етиш учун АҚШ минтақада Хитойга қарши кайфиятни кучайтириш билан бир қаторда ва Россия таъсирини чеклашга ҳам жиддий ҳаракат қилмоқда.

 Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича олиб борилаётган жараёнларда фаол иштирок эта бошлади. Бу эса Ўзбекистон АҚШ томонидан минтақада етакчи давлат ролини бажариш вазифаси юкланганини англатади. Аммо шу билан бир вақтда Россия Ўзбекистонни ЕОИИга олиб кириш бўйича босим ўтказиб келяпти. Россия бу ишни қўшни давлатлар қўли билан амалга ошириб келмоқда. Минтақа устида олиб борилаётган геосиёсий курашда Америка Ўзбекистонни рус ҳукуматига қаршисида ёлғиз қолдирмаслигини англатиб қўйиш учун ҳам АҚШ расмийлари шу каби баёнотлар билан чиқишмоқда. Бу эса минтақа устида нуфуз талашиш кураши янада қизишидан далолат беради.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here