Ўзбекистон Россиядан катта партияда “Тайфун” зирҳли автомобилларини сотиб олди

775
0

Ўзбекистон Россиядан катта партияда “Тайфун” зирҳли автомобилларини сотиб олди

Россиянинг энг замонавий юқори ҳимояланган, 4х4 ғилдирак схемасига эга “Тайфун-К” К-53949 зирҳли автомобиллари Ўзбекистон армияси томонидан қуролланиш учун олинди.  

 Ушбу ҳарбий техника Ўзбекистонда май ойида “Чирчиқ” полигонида ўтган танк биатлони бўйича мусобақаларда илк бор пайқалган. Айни вақтда техника барча синовларни муваффақиятли ўтган.

Ўзбекистон К-53949 зирҳли автомобилларини қуролланиш учун олган илк хорижий давлат бўлди. 

“РИА Новости” ахборот агентлигига манбанинг маълум қилишича, Ўзбекистон ушбу ҳарбий техникадан йирик партияда сотиб олди. Автомобиллар жорий йилда етказиб берила бошланади. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2019 йилда Россиядан БТР-82А ҳамда “Тигр” зирҳли автомобилларини, “Сопка 2” радиолокацион станцияларини ҳам сотиб олган эди. Ундан ташқари Ўзбекистон ва Россия орасида 12 та Ми-35М – жанговар – транспорт вертолётларини  сотиб олиш ҳақида шартнома ҳам имзоланган.

Изоҳ: Ўзбекистон ўз армиясини 2020 йилга қадар энг янги қуроллар билан қайта таъминлашни ва модернизациялашни режалаштирган. Ҳарбий қўшинлар Ҳавога қарши мудофаа воситалари, вертолётлар, бронетанк техникаси, артиллерия тизимларига эга бўлади. Табиийки, қўшинларни қайта қуроллантириш улкан маблағларни талаб қилади. 2018-йили Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги ҳаражатлар миқдори ЯИМнинг 4%ини ёхуд 1,4 миллиард долларни ташкил этган.

 Армияни қуроллантириш учун йилига ажратиладиган 1 миллиард доллардан зиёд маблағ АҚШ ва Россия ҳарбий-саноат мажмуалари учун етарлича катта бозор ҳисобланади. Шу сабабли ҳам улар бир-бирини Марказий Осиё қурол бозоридан сиқиб чиқариш мақсадида ҳаракатни бошлаб юборишди. Жорий йилнинг июл ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм Тошкентда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда: “Бизда ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳада Ўзбекистон томони, ушбу давлат хавфсизлик кучларига асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича ўзаро ҳамкорлик бўлган. Бу нафақат ҳарбий жиҳатдан, балки божхона, ички қўшинлар бўйича ҳам амалга оширилган. Бундан олдин ҳарбий техника, хусусан, енгил зирҳланган транспорт воситалари, учувчисиз учар қурилмалар, дарё катерлари, жуда катта ҳажмда техник жиҳозлар – формалар, каскалар, тунги кўриш воситалари, рациялар етказиб берганмиз”, – деган эди.

 Бундан ташқари,  феврал ойида АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел сенатнинг ҳарбий масалалар бўйича қўмитаси эшитувида Тошкентнинг Америка қуролларини олиш бўйича билдираётган қизиқишлари ҳамда диверсификация борасидаги режалари “Ўзбекистонни Россиядан ҳарбий харидларни амалга оширишдан узоқлаштиришнинг ноёб имконияти” эканлигини айтиб ўтган эди. 2015-йили АҚШ Ўзбекистонга 300 дан ортиқ зирхли ва пистирмадан ҳужумга ўтувчи транспорт воситалари (MRAP) ҳамда зирхли қутқарув машиналари (ARV) етказиб берганди. Маълумки, ҳарбий техника ва қурол-яроқ билан бирга ундан фойдаланишни ўргатувчи мутахассислар, маҳаллий ҳарбийларни тайёрловчи инструкторлар, техникалар учун эҳтиёт қисмлар, ўқ-дорилар… зарур бўлади. Оқибатда эса шу давлат ҳарбий соҳада тўлалигича у ёки бу давлатга қарам бўлиб қолади.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here