Шунча йиллар ўтди, сиёсий мақсадда берилаётган заҳри қотил пуллар Шом қўзғолонини парчалашда давом этмоқда

575
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Шунча йиллар ўтди, сиёсий мақсадда берилаётган заҳри қотил пуллар Шом қўзғолонини парчалашда давом этмоқда

Устоз Аҳмад Абдулваҳҳоб қаламига мансуб

Сиёсий мақсадда берилаётган пулларнинг салбий оқибати ва хавфи барчага яққол маълум бўлганига қарамай, унинг хатарлилиги ҳақида шунча мақолалар ёзилса-да, ҳар қандай шароитда бўлинмасин, бу пулни олишда давом этишдан яна кўп марта тинимсиз эслатиш ва огоҳлантиришга тўғри келяпти. Чунки Шом қўзғолони бошланганига шунча йил ўтган бўлишига қарамай, уни тилка пора қилаётган ва ҳаракатини фалаж қилишда ҳануз давом этаётган айнан шу пуллар бўлиб қолмоқда. Шомдаги ушбу муборак, покиза, ўхшаши йўқ қўзғолон ҳамма хавф-хатарга тик боқиб, зулм ва тоғутдан қутулиш ва Исломнинг адолат бошқарувини ўрнатиш йўлида барча молу жонини сарфлашга тайёр бўлиб, Башар Асад режимига қарши табиий суратда бошланди. Ана шунда Ғарб уни йўқ қилиш учун ўзининг бор куч ва имкониятини сафарбар қилди, жиловлаб олиш учун ҳамма услуб-воситаларни қўллади. Бу услубларнинг мутлақ хавфлиси эса, сиёсий мақсадда берилаётган пуллар бўлди. Айнан шу пуллар юртимиздаги барча мусибатларимизга баттар мусибат, балоларимизга яна бало орттирди ва ҳамон орттирмоқда… Сиёсий мақсадда берилаётган ушбу ифлос пуллар масаламизни янада чигаллаштирди, қонхўр режим умрини зиёда қилиб, унга ишларини қайта тартиблаштириб олиши учун вақт-имконият берди.

Ифлос пуллар бериш услуби ҳақ билан ботил ўртасидаги курашда янгилик эмас. Дарҳақиқат, бу иш Росулуллоҳ ﷺга нисбатан ҳам қўлланган эди. Росулуллоҳ ﷺни даъватини буриб, жиловлаб олиш учун Қурайш ул зотга мол таклиф қилган. Ўшанда Утба ибн Робиа Набий ﷺга «Эй амакимнинг ўғли, самодан келтирган бу ишинг учун мол истасанг, молларимиздан тўплаб бериб, сени биздан ҳам бадавлат кишига айлантирайлик. Аммо шон-шараф истасанг, сени устимиздан энг саййидимиз қилиб, сенсиз бирор ишни ечмайдиган улуғимиз қилиб олайлик. Агар подшоҳлик истасанг, тепамизга сени подшоҳ қилиб олайлик. Агар бу келтирган нарсанг, кўзингга кўринаётган нарса бўлиб, уни ўзингдан даф қилолмаётган бўлсанг, табиб излаб топайлик ва сени тузатиши учун мол-давлатимизни сарф қилайлик. Чунки чиндан ҳам кишига бир нарса тегса, уни даволамагунча кетмайди», деди. Росулуллоҳ ﷺ Утбанинг сўзини тугагунча тинглаб турдилар, сўнг «Гапириб бўлдингми Абу Валид?», дедилар. У Ҳа, дегач, «энди мени тингла», дедилар. Утба бошла, деганди, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим», деб Аллоҳнинг ушбу каломини тиловат қилдилар:

حم + تَنزِيلٌ مِنْ الرَّحْمَانِ الرَّحِيمِ + كِتَابٌ فُصِّلَتْ آيَاتُهُ قُرْآنًا عَرَبِيًّا لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ + بَشِيرًا وَنَذِيرًا فَأَعْرَضَ أَكْثَرُهُمْ فَهُمْ لاَ يَسْمَعُونَ

«Ҳо, Мим. (Ушбу Қуръон) меҳрибон ва раҳмли (Аллоҳ) томонидан нозил қилинган. У биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи – арабий Қуръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак улар эшитмаслар» [Фуссилат 1-4]

Росулуллоҳ ﷺ Утбага ушбу оятларни ўқиб берар эканлар, Утба икки қўлини белига қилиб таянган ҳолда оятни тинглади. Росулуллоҳ сурани сажда оятига қадар ўқиб, саждаи тиловат қилдилар. Сўнг «Эй Абу Валид, мана шуларни эшитдинг, энди ўзинг биласан», дедилар. Шундай қилиб, Росулуллоҳ ﷺ Муғиранинг барча таклифларидан бош тортдилар ва қотилнинг тузоғига илинмадилар. Бу эса, биз учун сабоқ, йўлимизни кўрсатиб берувчи белги, шундай ҳолатларда эгалламоғимиз керак бўлган баёндир.

Қадимдан – бирор қўзғолонни бузмоқчи бўлсанг, уни молга ғарқ қил, деган гап бор. Ҳақиқиқатда шундай бўлди ҳам. Шом қўзғолони сиёсий мақсадда берилаётган заҳриқотил пулларга кўмилиб, қўзғолон оқими фожиали натижага етиб келди, тўғри йўналишидан оғиб, бошқа йўлга бурилиб кетди. Чунки қўзғолон режимни ўз инида ағдариб ташлаш учун пойтахт Дамашқ томон йўналиш ўрнига, узоқ-узоқ ҳудудларга кетиб қолди, ағдаришдан узоқлашди, ваҳоланки, режимни ағдариш қўзғолоннинг ўзгармас мақсадларидан бири эди. Бу пуллар жанговар майдондаги гуруҳлар етакчилари чиқарадиган қарорларни ҳам чиқмайдиган қилиб қўйди. Натижада, фронтлар «донор» давлатлар буйруғи билан очиладиган ва ўшалар буйруғи билан ёпиладиган бўлиб қолди… Ҳалаб, Ғута, Даръа сингари кўплаб минтақалар душманга топширилди. Чунки пули боргина қарори бор бўлиб қолди!

Бу заҳарли пуллар айни лаҳзада ҳам қўзғолон жисмини кемирмоқда. Мен бу мақолада сиёсий мақсадда берилаётган пуллар ҳаётнинг сиёсий, ахборот, инсонпарварлик каби ҳамма шаклидаги бўғинларига салбий таъсир қилганини батафсил бирма-бир айтмоқчи эмасман. Чунки бу пулларнинг қандай оқибатлар олиб келгани ҳаммага шундоқ ҳам маълум бўлган. Шунинг учун қўзғолон танида пайдо бўлган бундай саратон безини илдизи билан олиб ташлаб, танани тозаламоғимиз ва аввало, Аллоҳ Азза ва Жаллага, сўнг ўз кучимизга таянмоғимиз даркор. Ана шунда қарорларимизни ўзимиз чиқара оламиз, ўзимизга ўзимиз мустақил бўлиб, нима қилмоқ кераклигига ўзимиз қарор қила оламиз.

Кимдир – у ҳолда, ишларимизни қандай молиялаштирамиз, дейиши мумкин. Унга жавоб бундай: Кимда-ким сиёсий мақсадда берилаётган пулларнинг нақадар хавфлилигини, охир оқибат у шунча берилган қурбонликлару шаҳидлар қонини беҳуда кетказишини, бизни қайта зулм, адолатсизлик ва қулликка олиб келажагини яхши англаган бўлса, у ҳолда, бу шайтоннинг ипини узиб ташламоғи шарт. Унга осилиш оқибати фожиага олиб келаётгани кундай равшан бўлди, энди унга осилишга ҳеч қандай баҳона қолмади. Бас, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини ушламоқ ва ризқдан хавотирланмаслик керак. Чунки ризқ Аллоҳ Субҳанаҳунинг қўлида. Росулуллоҳ ﷺ

«جُعِلَ رِزْقِي تَحْتَ ظِلِّ رُمْحِي»

«Менинг ризқим, найзамнинг соясига боғлиқ қилиб қўйилди», деганлар. Бас, ким Аллоҳнинг арқонини ҳақ-рост ушласа, унга Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг фазли кифоя, Аллоҳ унга душманлари устидан нусрат беради. Зотан, қўли очиқ саҳоватли кишилар ҳам кўп. Қачон улар бизнинг холис йўлимизни ва карами кенг, қудрати улуғ Роббимизга, кейин ўзимизга таянаётганимизни кўрсалар, биз учун молу жонларини аямасликларига асло шубҳа йўқ. Бунга мисоллар жуда кўп. Масалан, яқинда Шом аҳли учун сахий инсонлар кўп садақалар қилишди, ҳатто қиз болалар ҳам қулоқларидаги тилла зиракларини эҳсон қилишди. Демакки, бу заҳриқотил пулни ўрнини босувчи моллар сероб. Аллоҳга ҳамд бўлсин, ҳам ичкарида ўлжалар кўп, ҳам ичкарию ташқарида саховатли мусулмонлар кўп. Бизга етишмаётган нарса мол эмас, тўғри қарордир. Шунинг учун «донор» давлатлар бизга тиқиштирган ипларни узиб ташлаб, душманимиз макридан қутулишимиз учун тўғри қарор қабул қилмоғимиз даркор.

Аллоҳ Таоло бундай деди:

وَقَدْ مَكَرُوا مَكْرَهُمْ وَعِنْدَ اللَّهِ مَكْرُهُمْ وَإِنْ كَانَ مَكْرُهُمْ لِتَزُولَ مِنْهُ الْجِبَالُ + فَلَا تَحْسَبَنَّ اللَّهَ مُخْلِفَ وَعْدِهِ رُسُلَهُ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ ذُو انْتِقَامٍ

«Улар ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар, агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир). Сиз ҳаргиз Аллоҳни ўз Росулига берган ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг, (балки) Аллоҳ интиқом олгувчи қудратлидир» [Иброҳим 46-47]

Роя газетасидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here