Америка базаси – Бакиев режимининг ҳалокати

826
0

Америка базаси – Бакиев режимининг ҳалокати

 “Оқилга ишора кифоя” дейилганидек эътиборингизга “АКИpress”да чоп этилган қуйидаги мақолани хавола қиламиз. (Рус тилидан таржима қилинган https://kg.akipress.org/news:630293)

 К. Бакиевнинг дипломатик ҳалокати хроникаси

 Жорий йил июлида америкалик ҳарбийлар Қирғизистондан чиқиб кетганига беш йил тўлади. 2014 йил 11 июлда қирғиз томони талаби билан АҚШ ҳарбий базаси ўз ишини тўхтатган эди.

 Америка ҳарбийлари Қирғизистонга дастлаб 2001-йил сўнгида АҚШнинг 11-сентябр ҳужумларидан сўнг бошлаган аксилтеррор “Барқарор озодлик” амалиёти доирасида келиб жойлашган. Ўша йили Асқар Акаев америка ҳарбий базасини фуқаровий “Манас” аэропорти ҳудудида жойлаштиришга рухсат берган. Бироқ, бундан 10 йил аввал, 2009-йил 3-январда президент Курманбек Бакиев – оқибати ўз режимининг қулашига асос бўлган – шов-шувли баёнот берди. Мазкур баёнотдан сўнг унинг ҳаракатларини Россия ҳукумати очиқчасига коррупция, кланчилик ва оилавий бошқарувга боғлаб фош қилиб юборди.

 АКИpress бу қандай содир бўлганини 2016-йилда эълон қилган материаллар орқали эсингизга солади.

 2009-йил 3-февралда Кремлда Қирғизистон ва Россия президентлари Курманбек Бакиев билан Дмитирий Медведев учрашуви бўлиб ўтди ва унда Россия Қирғизистонга 2 миллиард доллардан ошиқ инвестиция киритишни ваъда қилди. Бундай саҳийларча шартнома –кейинчалик матбуот анжуманида айтилганидек – халқаро даражадаги савдо қуроли бўлган. Матбуот анжуманида россиялик журналист Бакиевга Бишкекдаги Америка авиабазаси тақдири ҳақида савол берганда қирғиз президентининг унга жавоби тайёр эди: Базани чиқариб юборамиз!

 Бакиев ўз баёнотида: коалиция кучларининг авиабазаси Қирғизистонда узоқ туриб қолгани, база тургани учун АҚШ мамлакатга компенсация тўламаётгани, шунингдек, америкалик ҳарбий тарафидан Қирғизистон фуқаросининг ўлдирилиши бўйича жиноий иш тергови охирига етказилмаётганини айтди. Бакиевнинг айтишича, қисқаси, база билан боғлиқ муаммолар тўпланиб қолган, шу сабабли Қирғизистон базани чиқариш бўйича барча ички тартиб-қоидаларни кўриб чиқишни мақсад қилиб қўйган.

 Президентнинг бу баёноти Россия билан ҳам, АҚШ билан ҳам узоққа чўзилган савдолашишларга олиб келди. Бу савдолашиш қандай олиб борилганини WikiLeaks эълон қилган америкалик дипломатларнинг ҳужжатлари яққол кўрсатиб беради. Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси мактубларига (депеша) мувофиқ “Ганси” авиабазаси бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи 2008-йил октябр ойида бошланган.

 “АКИpress” мазкур ҳужжатлар асосида собиқ президент Бакиевнинг 2009-йили “Манас” авиабазасининг чиқариб юборилиш муносабати билан – оқибатда унинг режимига мина қўйган – дипломатик ҳалокат хронологиясини келтиради.

 2008-йил 2-октябда ўша вақтдаги президент маъмурияти бошлиғи Медет Садиркулов – Қирғизистон “Манас” авиабазаси туфайли Москванинг “дахшатли босими” остида қолгани ҳақида – АҚШ элчиси Татиана Гфэллерга маълумот беради. Садиркуловнинг айтишича, русларнинг ғазабланишининг асосий сабаби – АҚШнинг Грузияни қўллашидаги риторикалар бўлмоқда. МДҲ саммитида бу масалани – бунинг эвазига минтақадаги трансчегаравий сув муаммоларидаги ўзбек мавқейини қўллаб-қувватлаш учун – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов кўтаради. Садиркулов агар оқибатлари ёмон бўладиган бўлса, Қирғизистон АҚШдан қўшинини олиб чиқиб кетишни сўрайди ва “бу бизнинг шуни хоҳлаётганимиздан эмас, балки бизда бундан бошқа танлов қолмаганлиги учун”, дейди. МДҲ саммитидан кейин Садиркулов америкаликларга “босимга бардош берилгани” ҳақида хабар қилади. Шундан сўнг Бишкекка АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер учиб келади. Элчи Гфэллер 2008-йилнинг 17-октябрдаги махфий мактубида, ёрдамчи базанинг “хавфсизлигига” эришилгани ҳақида ёзади. Элчи бу фикрни 2008-йилнинг 31-октябридаги хулосавий мактубида ҳам ёзган.

 2009-йил 14-январда, Бакиев маъмуриятининг янги раҳбари Данияр Усенов – Москванинг 2,5 миллиард долларлик сармояси эвазига Бишкек базани чиқариш бўйича таклифни қабул қилишга яқин эканлигини – АҚШ элчисига маълум қилади. Элчи Гфэллер буни “махфий” белгиси остидаги хати орқали ўз раҳбариятига хабар қилади.

Унда Усенов “Манас” базасини ёпиш учун Россия 2,5 миллиард доллар таклиф қилгани ҳақида хабар қилгани айтилган.

Усеновнинг сўзларига кўра, президент Бакиев таклифни қабул қилишга яқин, бироқ, агар АҚШ 10 йил мобайнида йилига 500 миллион доллар таклиф қилса, у ҳолда вазиятни сақлаб қолса бўлади.

Элчи бу ҳақда: бу одатдагидек қирғизча тактика – кўп пул ундириш керак, бироқ, база чиндан ҳам ёпилиши мумкин – деган фикрни билдиради. Гфэллер, агар Пентагон базани сақлаб қолишни хоҳласа, у ҳолда яқин ойларда Қирғизистонга музокаралар учун команда жўнатишни тавсия қилади.

 21-январда Бишкекка АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Петреус учиб келди. Элчи унга – бош вазир Чудинов базанинг ёпилиши бўйича ҳеч қандай расмий музокаралар бўлмагани ва Россия ёрдами билан база ўртасида боғлиқлик йўқлигини – айтганини маълум қилади. Элчи, “Биз вазиятга барқарор, бироқ, нозик деб қараймиз”, – деган хулоса чиқаради. Яна “қирғиз томонга қўшимча иқтисодий имтиёзлар берилмагунча, база яна хавф остида қолади”, дейди.

23-январда элчи махфий хатда бундай деб ёзди: “генерал Петреуснинг ташрифи – базани сақлаб қолиш мақсадида биргаликда янги, фойдалироқ иқтисодий ёрдамлар пакетини тайёрлаш учун – америкаликларга бир ойча вақт ютиб берди”. Шунингдек, элчи агар бундай бўлмаса база 2009-йилда ёпилишини ҳисоблаб чиққан. Яна у 50 миллион доллардан зиёд янги нархни ҳисоблаб берган.

29-январда Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Власов Россия томонидан 2,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам тариқасида берилиши, шунингдек, бу шартнома 3-февралда К. Бакиевнинг Москвага амалга оширадиган ташрифида имзоланишини тасдиқлади. Ўшанда Россия элчиси: “Мен дўстларимизни сотиб олмасликни авзал кўрар эдим”, – деган.

30-январда Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Замира Сидикова – Бакиев 2008-йили декабрда – Россиянинг иқтисодий ёрдами эвазига базани чиқаришга қарор қилганини тасдиқлади. Шунингдек, у АҚШ янада қимматроқ нарх таклиф қилиш билан базани сақлаб қолиши мумкинлигини айтади ва музокаралар олиб бориш учун команда жўнатишни таклиф қилди. Унинг айтишича, 3-февралдан кейин нарх сезиларли даражада ошади.

2009-йил 2-февралда элчи Гфэллер президент маъмурияти бошлиғи Д. Усенов ва ТИВ раҳбари Сарбаев билан учрашди. Усенов “Манас” базасини сақлаб қолиш учун бажарилиши керак бўлган талаблар рўйхатини топширди:

-1,8 млрд долларлик ташқи қарздан кечиш;

-Базанинг ижараси бўйича 2006-йилдан бери тўпланиб қолган 150 млн доллар “қарзни” тўлаш;

-ҳарбий база мақоми “транспорт ва логистика марказига” айлантирилган ва база қирғиз хизматлари томонидан қайтариладиган янги шартнома тузиш;

-Базани Бишкекдан Ўшга кўчириш;

-“Жануб-Шимол” энергия коридорини барпо этувчи қўшма корхонага 2 млрд. доллар ажратиш;

-База ижараси учун ҳар йили 300 млн доллар бериш;

-йилига 0,75% билан, дастлабки 10 йили тўловсиз 500 млн долларлик кредит ажратиш;

-хайдовчи Иванов (АҚШ ҳарбий томонидан отиб ўлдирилган) ва Ясинов (америкалик дипломат машинада уриб юборган) оиласига миллион доллардан компенсация тўлаш.

Д. Усеновнинг сўзларига кўра, ушбу шартлар бажарилиши К. Бакиев билан Давлат котиби Хиллари Клинтоннинг телефон орқали мулоқотларига шароит яратмоқчи.

3-февралда Москвада Бакиев Қирғизистон АҚШдан авиабазани олиб чиқиб кетишни талаб қилишини расман маълум қилди.

5-февралда АҚШ элчиси турли манбаалардан олинган маълумотларни тахлил қилиб: Бакиевнинг ҳаракатлари муддатидан олдин ўтказиладиган президентлик сайловига тайёргарликдан иборат, у сайловга 30-апрелга қадар ажратилиши ваъда қилинган 450 млн доллар Россия маблағини сарфламоқчи,- деб ёзди. Унинг фикрича, АҚШ 2 млрд долларга рақобат қилмайди, бироқ, 450 млн долларлик миқдорга тўлиқ рақобатдошлик қила олади. Шунингдек, баёнотда яна шундай дейилади, элчихона қирғиз тарафи Вашингтон томонидан “Манас” бўйича қўшимча таклиф кутаётгани тўғрисида билвосита ахборот олди.

12-февралда элчи Гфэллер Вашингтонга “Манас” бўйича ўз таклифини жўнатади. У Москва билан ҳам, Бакиев билан ҳам паралел музокаралар олиб боришни таклиф қилади. Элчи Россияга база 2011-йили ёпилади деб кафолат беришни таклиф қилади. Иккинчидан, Москвага буни таклиф қилиш орқали улар русларнинг Ўрта Осиёдаги ҳукмронлигини қайта тиклаш туйғуларини қитиқлаб, бундан фойдаланиши мумкин. Агар Москва бунга рози бўлса, америкаликлар улардан – Бакиев билан музокаралар олиб борилаётганда – бетараф қолишларини талаб қилишлари керак. Элчи, ҳарбий база Бакиев учун бир товар каби, шу сабабли у одамни шунчаки сотиб олиш мумкин, дейди.

17-февралда президентнинг янги маслахатчиси Муратбек Иманалиев АҚШ элчисига Бакиев қилган ишларидан жуда афсусда эканлиги ва “Манас” деб аталган бу бўтқадан чиқиш чораларини излаётганини маълум қилади.

Элчи Иманалиевнинг сўзларини келтиради: “Бакиев менга қўнғироқ қилиб илтимос қилди: “Америкаликлар музокараларга қачон келишади? Мен нима қилишим керак?”. Иманалиев Бакиевни узоқни кўра олмаслигини махаралайди. У унга шундай дебти: “Сенинг ҳукуматинг ютқазди. Сен Россия билан бундай ёмон шартномага бормаслигинг керак эди. Бу тузоқ бўлган. Россия ваъда қилган пулни ҳеч қачон бермайди”. Шунда Бакиев нима қилишим керак деб сўрабди. Иманалиев: “Москвага бир томонга чипта сотиб ол” депти. Иманалиевнинг сўзларига кўра, Америка базага мувофиқ ҳақ тўлаши керак, албатта ошиқча эмас. У яна, Бакиевнинг яқинлари – “тентаклар” (президент маъмурияти бошлиғи Усеновни айтяпти), улар хали ҳам “аҳмоқ” Бакиевни база учун қиммат нарх сўрашга мажбурлашмоқда, деган.

 АҚШ элчиси шундай хулосага келади, Усеновнинг реал бўлмаган талабларидан сўнг сукут сақлаш сиёсати ўз натижаларини беряпти, шу сабабли, америка томонида база учун мақбул нархга келишиб олиш имкони бор.

25-февралда элчи президент маъмурияти бошлиғи Усенов, ТИВ раҳбари Сарбаев, президент маслахатчиси Иманалиевлар билан алоҳида-алоҳида учрашади. Усенов музокараларни – базада америкалик ҳарбийлар бўлмаслиги керак; Россия ҳудуди орқали транзит қилинганидек, Қирғизистонда ҳам базадан ноҳарбий юкларни ташишда фойдаланиш керак – деган шартлар билан бошлашни таклиф қилди. Кейин Иманалиев базани ҳарбийларсиз сақлаб қолинишини беманилик деб атади. Чунки, у ҳолда базани сақлаб қолишдан маъно қолмайди, юкларни эса Қирғизистонни четлаб ҳам ташиш мумкин. Унинг фикрича, музокараларда уч томон иштирок этиши керак: Қирғизистон, АҚШ ва Россия. У ажойиб таклиф киритди – базанинг номинигина ўзгартириб, ўзини ҳарбий база сифатида сақлаб қолиш. Ўша куни кечқурун Сарбаев телефон қилиб, президент Бакиевнинг номидан гаплашаётганини айтди. Унинг айтишича, Қирғизистон “Манас” ҳарбий базасини АҚШ ҳарбийлари билан сақлаб қолиш бўйича музокаралар олиб боришга тайёр. 

2009-йил 2-апрелида бевосита музокаралар бошланди. Элчи Гфэллер ёзганидек, унда элчи Джексон Дональд бошчилигидаги Давлат департаменти ва Пентагондан ташкил этилган қўшма делегация қатнашган.

Бу орада 2009-йилнинг баҳорида қирғиз-рус музокаралари натижасида Россия Қирғизистонга 2,15 млрд долларлик иқтисодий ёрдам пакетини ажратишга розилик берди. Ёрдам жумласидан 1,7 миллиард доллари Норин дарёсидаги Камбар-Ата ГЭС-1 қурилишига, 300 млн доллари – давлат ривожлантириш Фондига, 150 млн доллари – ижтимоий тармоқларни молиялашга ажратиладиган бўлди. Шартномага мувофиқ 450 миллион доллар 30-апрелга қадар ўтказиб бериладиган бўлди.

Сўнгра россия томони кредитнинг – қирғиз томони ваколатларини текширишга имкон берувчи кичик бир қисми – 450 млн долларлик маблағни ажратди. Бироқ, кенг реклама қилинган, президентнинг ўғли Максим Бакиев бошқарган Қирғизистон ривожлантириш Фонди Бакиевлар оиласининг асосий даромад манбаига айланди. Фонд ҳукумат томонидан назорат қилинмас, у президент оиласига тегишли бўлиб, унга фойда олиб келар эди. 600 млн сомлик маблағга эга Фонд эндиликда Россиянинг 300 млн долларлик кредити ҳисобидан бойиди

Кейинчалик рус ҳукумати Россия томонидан ажратилган 450 млн доллар “ўз ўрнига сарфлангани йўқ” деб хабар тарқатди. Қирғиз ҳукумати ажратилган маблағни – даромад олиш учун – бошқаларга кредит берувчи фонд ташкил этишга сарфлади. Ривожлантириш Фонди президентнинг ўғли бошқарган “Ривожлантириш, инвестициялар ва инновациялар Марказий агентлиги (ЦАРИИ)нинг бўлими эди. Россия Қирғизистон қўшимча маблағларни олишга тайёр эмас деб топди ва кредитнинг қолган қисмини бермай музлатиб қўйди.

Вашингтон “Манас” базасини йўқотишга рози эмаслигини кўрсатди. Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббс: “Биз Қирғизистон ҳукумати билан вужудга келган вазиятни бартараф қилиш мақсадида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, – деди. Оқ уйдаги бир манба ахборот воситаларига: Вашингтонга грант, кредит, пул ва инфраструктура каби бир қатор иқтисодий рағбатлантириш воситаларини излашга тўғри келади”, – деди.

Ўша йилнинг баҳорида Бишкекка АҚШ делегацияси келди, албатта қуруқ қўл билан эмас, балки президент Барак Обаманинг мурожаатини олиб келади. Бу ҳам шунчаки эмас – Гфлеер ўз хатларида айтганидек – ТИВ раҳбари Сарбаев музокаралар вақтида Обаманинг мактуби бўлишини илтимос қилган ва мактуб қўлига текканида қалтираб кетган.

2009-йили 22-июнда АҚШ ва Қирғизистон “Манас” аэропортида транзит юк тошиш Марказини ташкил этиш бўйича шартномани имзолашди.

Натижада Қирғизистон Россиядан 450 млн доллар ёрдам олди, бироқ, Америка ҳарбий базаси ўз ўрнида қолди. АҚШ ҳар йили 60 млн доллар компенсация тўлайдиган бўлди. Ҳуқуқий жиҳатдан авиабаза тугатилди – яъни америкалик ҳарбийлар дислокацияси ўрнига – илинган ёзувгина алмаштириб қўйилди.

Бир ойдан сўнг – 2009-йил 23-июлда – Бакиев президентликга  иккинчи муддатга қайта сайланди.

 Россия ўз муносабатини очиқ билдирмади, бу ишни ўз назорати остидаги ахборот воситаларига қолдирди. Россиялик ахборот воситалари режали тарзда Максим Бакиев билан атрофидагиларининг жиноий ҳаракатларини оча бошлади, жумладан унинг молиявий бошқарувчиси Евгений Гуревичнинг хорижий давлатлардаги жиноий жараёнларини очди.

Қирғизистон ва Россия ҳукумати даражасидаги музокараларда молиявий ёрдам тақдири тўғрисидаги саволлар кўп тилга олина бошланди. Ҳатто президент Медведев оғзидан очиқчасига Қирғизитонга қаратилган сўз чиқди: “Бу мамлакатларнинг орасидаги айримлари билан бизнинг масалаларимиз бор… Улар бизнинг шерикларимиз, бироқ бу биз уларга асоссиз имтиёзлар бераверишимизни англатмайди”. Бир оздан сўнг Россия нефт махсулотларига бож жорий қилди, бу эса мамлакатда бензин нархи тез кўтарилиб кетишига олиб келди. Россия раҳбариятининг бунга қадар Бакиев ҳақида айтмай келган фикрларини бир неча ойдан кейин фош қилиш имконига эга бўлди – Бакиевлар оиласи ва улар атрофидагиларининг очкўзлиги 2010-йил апрелида ҳокимиятни куч билан алмаштиришга олиб келди

7-апрел кунги Бишкекдаги қонли ходисаларга баҳо бериб, Россия президенти Дмиритий Медведев: “Бакиев режимининг қулаши – Қирғизистон халқининг манфаатларидан ҳисобланган давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга лаёқатсизлиги, шунингдек, сўнги йилларда пайдо бўлган коррупция, кланчилик ва оилавий бошқарувга боғлиқ”, – деди.

Россия бош вазири Владимир Путин: “Бакиев ўз ўтмишдоши Аскар Акаев босган ертароқни қайта босди”, – деди.

Бунинг устига Россия янги ҳокимиятни дарҳол тан олди.

2011-йили президент бўлганАлмазбек Атамбаев лавозимга киришар экан илк қадамларидан бирини – америкалик ҳарбийларни чиқариш деди ва АҚШга 2014-йилга қадар вақт берди, чунки, база бўйича шартнома муддати шу вақтда тугар эди. 2014-йил 11-июлда АҚШ Қирғизистондан ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетди.

Бундан олдин 2012-йили Россия билан Қирғизистон ўртасидаги шартномалар пакети имзоланди – Россия Камбар-Ата ГЭС-1 ва Юқори Норин каскади қурилишига 2 млрд долларлик инвестиция ваъда қилди, бунинг эвазига Қантдаги ҳарбий аэродром ва мамлакатнинг газотранспорт тизимини деярли текинга олди.

2015-йили мамлакатимиз Россия билан бўлган барча шартларни бажарди – Америка ҳарбий базасини чиқарди, Божхона иттифоқига кирди ва Қантдаги рус базасини 2032-йилга қадар қолдирди.

Декабрда Атамбаев – Россия ички инқирозлар сабабли ГЭС каби катта миқёсдаги  лойиҳаларни амалга оширишга қудрати етмаслигини, шу сабабли Қирғизистон янги инвесторлар излашини маълум қилди…

Шундай қилиб, икки оламий держава – АҚШ ва Россиянинг ҳарбий база атрофида Қирғизистон билан бўлган тарихи мана шундай…

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here