Хитой Тожикистон алюмин заводига 545 миллион долларлик инвестиция киритади

504
0

Хитой Тожикистон алюмин заводига 545 миллион долларлик инвестиция киритади

 Хитойнинг China Machinery Engineering Corporation давлат корхонаси Тожикистонда “Талко” алюминий компаниясининг модернизацияси билан шуғулланади. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар қилди. 

 Лойиҳа икки йилга мўлжалланган, қиймати 545 миллион долларни ташкил қилади.

 Модернизация давомида Хитой томони алюминий ишлаб чиқариш қувватини йилига 300 минг тоннага етказиш режалаштирмоқда.

 Хитой қандай шартларда “Талко”га сармоя киритиши ҳозирча номаълум.

 Изоҳ:

 Бугунги кунда Хитойнинг иқтисодий қуввати ҳаддан зиёд ошиб, дунёдаги иккинчи иқтисодга айланди. Хитой ўзида тўпланиб қолган улкан маблағни ўзининг иқтисодий босқинчилигини амалга ошириш йўлида сарфлаяпти. Маълумки, Хитой сўнгги йилларда Тожикистон ҳукуматининг асосий инвесторига айланди. Тожикистон ташқи қарзининг тенг ярмидан кўпи айнан Хитойга тегишли. Тожикистонда парламент биносидан тортиб таълим муассасаларигача Хитой қуриб беряпти. Хитой ҳукумати ўз бюджетидан узоқ муддатли кредитлар ажратиб, Тожикистонда маъмурий биноларгача қуриб беряпти. Ўтган йили Тожикистон парламенти биносининг Хитой ҳукумати томонидан қайта тикланишига ҳам расмий Пекин ўз бюджетидан 1,5 миллиард юан ажратган эди. Аммо бирор марта Хитой ва Тожикистон ўртасидаги қарзга оид шартномалар матни ошкор этилмаган ва шартлари аниқ кўрсатилмаган. Шартлар аниқ кўрсатилмаган бўлишига қарамай Хитойни берган қарзларини пул кўринишида қайтариб олиш қизиқтримайди. Балки у қарздор давлатдан ер ва ер ости қазилма бойликлари ҳисобидан тўлашни шарт қилади.

 Айрим манбаларда келишича, Хитойнинг инвестицияга доир шартномасида бир махсус банд мавжуд. Унга биноан давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан Хитой билан халқаро судда тортишиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.

 Тожикистоннинг аввалги қарзлари учун Хитой Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан ер ости қазилма бойликлари сероб бўлган 90 минг гектар ерини тортиб олиб қўйди. Тожикистон ва бошқа “учинчи олам” давлатлари Хитой ёки бошқа давлатлардан олган қарзларининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун шароит яратиб берувчи станоксозлик, машинасозлик каби оғир саноат тармоқларга сарфлаш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўришмайди.  Саноат ривожланишининг гарови бўлган оғир саноат йўлга қўйилмас экан, бизнинг юртларимизда ҳатто оддий парламент биносини ҳам ёки ерга асфалт ётқизишни ҳам ўзимиз эплай олмаймиз! Чунки ҳар бир иш учун ўзига мос техника ва керакли анжомлар лозим бўлади. Бу анжомларнинг деярли ҳаммаси оғир саноатга алоқадор корхоналарда ишлаб чиқарилади.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here