Россия Туркияга С-400’ни етказиб беришни бошлайди
Россия Туркияга 2 ойдан кейин С-400 зенит ракета мажмуаларини етказиб беришни бошлайди. Бу ҳақда “Ростех” корпорацияси раҳбари Сергей Чемезов маълум қилди.
“Ҳаммаси жойида, ўйлашимча, 2 ойдан кейин мажмуаларни етказиб беришни бошлаймиз. Аванс тўловлари амалга оширилган, кредит расмийлаштирилган. Кредит пуллари сарфланган, техника ишлаб чиқарилган. Унинг устига, биз мутахассисларни ўқитишни якунладик”, – деб айтган Чемезов НТВ телеканалига берган интервьюсида.
Чемезов бу ҳақда ҳозирда ўтаётган Петербург халқаро иқтисодий форуми вақтида айтиб ўтган.
Маълумки, АҚШ Туркиянинг С-400’ларни сотиб олишига қарши чиқмоқда ва Анқарага санкциялар солиш билан таҳдид қилмоқда. Туркия ўз навбатида мажмуалар АҚШга хавф солмаслигини ва Анқара уларни сотиб олишдан воз кечмаслигини айтиб келади.
Шартномага кўра, Россия Туркияга тўртта С-400 дивизионини етказиб беради. Шартнома қиймати 2,5 млрд долларни ташкил қилади.