Транспорт вазирлиги: Банкдан олинган 9.5 миллион доллар фақат чет эл консултантларига тўланади
Қирғизистон транспорт вазири ўринбосари Жогору кенешга ҳисобот бераётиб, йўл қурилиши учун грант асосида “Осиё ривожланиш банки” томонидан берилган 9.5 миллион долларнинг 7.16 миллиони фақат чет эл консултация хизмати учун берилганини айтди. Грантнинг қолган қисми ҳам, лоиҳа етакчилиги, яъни фақат маслаҳатчи кенгашга сарфланиши вазирлик томонидан тасдиқланди. Жогори кенешда вазир ўринбосарининг таъкидлашича, конкурс асосида танлаб олинадиган йўл қуриш бўйича консултатив гуруҳ (маслаҳатчилар гуруҳи) фақат чет эл компанияларидан бўлиши шарт. “Осиё ривожланиш банки қурилиш учун пул бермайди. Фақат лоиҳаларни консултатив гуруҳлар орқали назорат қилиш учун грант ажратади” деди вазир ўринбосари.
Шундай савол туғилиши табиий: асфалт йўл қурилиши учун чет элдан шунча харажатга маслаҳат гуруҳини таклиф қилишнинг нима кераги бор? Жавоб шуки, халқаро глобал сиёсий ва иқтисодий система шу асосда қурилган….. акс ҳолда йўл қурилишига грант берилмайди!
Қирғизистоннинг умумий қарзи 4.5 миллиардга етди. У яна йўл қурилиши учун қарз олишда давом этяпти. Коррупцияга ботиб қолган вазирлик йўл қурилишига сарфланган харажатларни бир неча баробар ошириб кўрсатади. Шунинг учун Қирғизистонда энг коррупция кучайган тармоқ транспорт министрлиги ҳисобланади. Улар қураётган йўлларнинг сифатсизлиги шу даражадаки, йўлни қуриб битгунча, бошланган томони яна бузилиб, таъмирга муҳтож бўлиб қолаверади. Яъни йўл қурилиш ишлари охири кўринмайдиган айлана жараёнга айланиб қолади. Шунинг учун ҳукуматларимиз, ишлаб чиқариш ёки ўзимиздан чиқаётган хом ашёларни қайта ишлаш тармоқлари учун халқаро банклардан қарз сўрашга уриниб ҳам кўришмайди. Инвестор ва донор давлатлар ҳам, бу коррупциялашган айлана схемадан жуда манфаатдор.
Халқаро грантлар халқаро сиёсат томонидан назорат қилинади. Бой донор давлатлар томонидан қолоқ аграр давлатлар учун йўллар қуриш, ичимлик суви, канализация тизими сингари тармоқларни қуриш ёки таъмирлаш ишларига грант сифатида маблағлар ажратиб туради. Бундай ишлар оламий глобаллашган иқтисодий тизимни Халқаро сиёсатга қарам ҳолда ушлаб туриш мақсадида қилинади. Грантлар учинчи олам, яъни аграр ва қолоқ давлатлар учун юқоридаги сингари кераксиз лойиҳаларга ҳамда фақат Ғарбга қарашли компанияларнинг ўзлари яна қайтариб олиб кетадиган шартномалар асосида белгиланган ишларга ёки шунчаки давлатни қарзга ботириб, уни ривожланишига йўл қўймайдиган тармоқларгагина ажратилади.
Агар шу грантлар бўлмаганида, исломий юртлар ўз қуввати билан ўз манфаатларини ўзлари рўёбга чиқариш йўлида оғир ва енгил саноатни йўлга қўйишга мажбур бўлар эдик! Куфр етакчиларига қул бўлиб, бор мулкимизни улар билан бўлишиб ёки шунчаки олдириб қўймаган бўлар эдик! Ер ости ва усти бойликларимизни ўзимиз учун кераклигини ковлаб олиб, ўз эҳтиёжларимизга сарфлаган бўлар эдик.
Бугун биздан олиб чиқиб кетилаётган энергетика ресурслари ва бошқа хом ашёлар тақчиллигининг сабаби, Ғарб оламидаги одамларнинг юқори яшаш даражасини таъминлаш бизнинг гарданимизга юклаб қўйилганидадир. Яъни мустамлакачи Ғарб дунёда икки стандартли яшаш даражасини ушлаб туриш мақсадида, бизни уларга энергетика ва хом ашё етказиб туришга мажбурламоқда.
Тараққиёт кучайиб бораётгани сари бизнинг ресурсларимизга бўлган уларнинг талаблари ҳам кучайиб бораяпти. Оқибатда бир-бирлари билан хом ашё базалари талашиб ҳар-хил сохта урушлар ва қўпорув амалиётларини уюштирашади. Асосийси, улар бизнинг ўз хом ашёларимизни ўзимиз қайта ишлай олмаслигимиздан манфаатдордир. Ҳатто оддий йўл қурилишини ҳам ўзимиз қура олмаймиз!
Қизиғи шуки, Қирғизистон ҳокимияти ва депутатлари ҳам шу хулосага рози. Улар, ҳатто ўзимиз қурсак бўлмайдими деган ҳаёлга ҳам кела олишмаяпти! Чунки халқаро илмоний бошқарув системасининг камчиликларини кўриш, унинг зулмларини инкор қилиш ва ўз халқи манфаати йўлида у зулмларни олдини олишга ҳаракат қилишга ундовчи мафкура сиёсатчиларни йўналтираётган мавжуд сиёсий доира табиатида мавжуд эмас! Миллионлаган қарзга ботиб йўл қурдирамиз. Кейин қарзни тўлай олмай мамлакат ерлари ёки бошқа манфаатларини куфр давлатларига қарзимиз эвазига бериб юборамиз!..
Абдураззоқ.