Гарчи ҳукмдорлари ўлик бўлса-да, мусулмонлар тирик умматдирлар

782
0

Гарчи ҳукмдорлари ўлик бўлса-да, мусулмонлар тирик умматдирлар

Абу Ҳамза Хутвоний қаламига мансуб

Ислом Уммати тирик Умматдир. У имон ва Исломи билан тирикдир. Умуман, у Исломни севади, исломий шаръий аҳкомлар татбиқ этилишини истайди, куфр ва кофирларни ёмон кўради, уларнинг ғайриилоҳий қонунларини рад қилади, динни бошқарув, сиёсат ва ҳаётдан четлатишга чақирган кимсалардан нафратланади. Умматнинг жуда-жуда кўпчилиги ҳукмдорларига ишонмайди, уларни ҳурмат қилмайди, барчаларини мустамлакачи кофир қўлидаги бир арзонгаров қўғирчоқ, деб билади, уларнинг балоларга гирифтор бўлишини кутади. Шунингдек, Уммат сарой уламоларига ҳам ишонмайди ва уларни тоғут ҳукмдорлар нима дейишса-маъқуллайдиган ҳайбаракаллачилар, деб ҳисоблайди.

Ислом Уммати буларнинг барчасини яхши англаб, ҳеч қандай гумон аралашмаган аниқ нарса, деб билмоқда. Тоғутларни ағдариб, ўзидан тортиб олинган салтанатини қайтариб олиш учун уларнинг энг қаттиқ азоб билан ушланишини кутмоқда. Бироқ у айни лаҳза келгани ҳақида бонг урадиган ва илк қадамни ташлайдиган кишини кутмоқда. Шунинг учун биз Умматни араб қўзғолонлари оловининг учқуни чиқиши биланоқ отилиб чиққанини, ўзгариш нидосига журъат ва мардлик ила лаббай деганини, исломий шиорлар ила уни қалбан қабул қилиб, тирик Уммат эканини исботлаганини гувоҳи бўлдик… У ўзининг Ислом йўлида қурбонлар беришга, ўз қонларини тўкишга доим тайёрлигини кўрсатди… Ўзгариш карвони билан тенгма-тенг юришга қодирлигини, бу билан қачон фурсати етиб, шароит муҳайё бўлса, Ислом байроғини баланд кўтаришга лойиқ Умматлигини намоён қилди.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Анъом сурасида бундай дейди:

أَوَمَن كَانَ مَيْتاً فَأَحْيَيْنَاهُ وَجَعَلْنَا لَهُ نُوراً يَمْشِي بِهِ فِي النَّاسِ كَمَن مَّثَلُهُ فِي الظُّلُمَاتِ لَيْسَ بِخَارِجٍ مِّنْهَا كَذَٰلِكَ زُيِّنَ لِلْكَافِرِينَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

«Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга инсонлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (имонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқолмайдиган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга имонлари қандай чиройли кўринса), кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди» [Анъом 122]

Демак, инсон имон келтиришдан олдин фикран ўлик эди. Чунки залолатда тентираб-адашиб юрганда Аллоҳ унга Ислом билан жон ато этди ҳамда Росулуллоҳга эътиқод, амал, турмуш тарзи ва хатти-ҳаракат билан эргашишга муваффақ қилди. Натижада, инсон залолат ва нафс-ҳаво зулматидан Исломнинг ҳақ ва ҳидоят нурига кўчиб ўтди. Гўё у ўлим оламидан ҳаёт оламига кўчгандек. Шу маънода, демак, куфр ва залолат ўлик бўлса, имон ва Ислом тирикликдир. Шунинг учун Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло анфол сурасида бундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَجِيبُواْ لِلَّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُم لِمَا يُحْيِيكُمْ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللَّهَ يَحُولُ بَيْنَ الْمَرْءِ وَقَلْبِهِ وَأَنَّهُ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Росули сизни абадий ҳаёт берадиган нарсага даъват қилар экан, уни қабул қилинглар. Билингларки, Аллоҳ киши билан унинг қалби ўртасини эгаллаб турур ва албатта Унинг ҳузурига тўпланурсизлар» [Анфол 24]

Ушбу ояти каримада Аллоҳ Субҳанаҳу يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ «Эй мўминлар», дея бизга имонимизни эслатмоқда ҳамда Аллоҳ ва Росули чақириғини итоат, амал ва риоя билан қабул қилишни талаб қилмоқда. Бас, агар бу талабни қабул қилсак, бизга жон киради, агар уни қабул қилмасак – гарчи мўмин бўлсак ҳам – ўлик қолаверамиз. Шу боисдан Аллоҳ Таоло бизни доим итоатда бўлишни, суюкли Росулимиз A бизга олиб келган ҳар бир нарсани олиб, Исломдаги ҳар бир нарсага амал қилишни эслатди. Масалан, ҳашр сураси билан анфол сураларидаги ушбу каломи каби:

وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

«Пайғамбар сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир» [Ҳашр 7]

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَلَا تَوَلَّوْا عَنْهُ وَأَنتُمْ تَسْمَعُونَ

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Росулига итоат қилингиз ва (Қуръонни) эшитиб туриб, ундан юз ўгириб кетмангиз!» [Анфол 20]

Шундай қилиб, кимда-ким шаръий аҳкомларни татбиқ қилинишига ҳаракат қилса, бу йўлда амални доим тарк этмаса, албатта, у Аллоҳ билан бўлган алоқасини идрок этаётган тирик инсон бўлади ва ҳақиқий тириклик мана шу ҳисобланади. Кимда-ким Аллоҳга нисбатан эътиборсиз бўлса ва Ислом даъватини етказишда эринчоқлик қилса, албатта, у Аллоҳ билан бўлган алоқасини қийиб-узган бўлади ва у ўлик ҳисобланади.

Мудом, Ислом Уммати шаръий аҳкомларни татбиқ этилиши учун жон куйдириб, шунга чанқоқ экан, демак, унинг тирик-жонли эканига асло шубҳа йўқ. У нусратга ва ғолибликка лойиқ. Айни дамда унинг ҳукмдорлари ўликдирлар. Чунки улар ғайриинсоний куфр қонунларини татбиқ қилишмоқда, илмоний ва худосизлик маърифатини ёйиб, ўз халқларига қарши курашишмоқда, мустамлакачи кофир хўжайинларини рози қилишга бор кучларини сарфлашяпти, буларни азбаройи шу ўткинчи тахтларини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширишяпти, бошқа мақсадда эмас.

Бу ҳукмдорлар мусулмон оламида бечора мусулмонларнинг қатли ом қилинаётганини, эркаклар, аёллар, болалар ва қариялардан мусулмон бўлганлари учун ўч олинаётганини, қочқинга айлантирилиб, оч қолдирилаётганини кўра туриб, миқ этишмаяпти. Мана, ўтган ой Африканинг Буркина-Фасо, деган давлатида ғайримусулмон қабила, мусулмон қабиладан ўнлаб мусулмонни даҳшатли равишда қириб ташлашди… Бу каби қотиллик айни давлатнинг репрессия остида яшовчи ўн саккизта мусулмон қишлоқларида содир этилган. Аммо бу бечоралар бирорта ҳам ёрдам берувчи кишини топмадилар, ҳатто оммавий ахборот воситалари ҳам бу ҳақда гапирмади. Шарқий Туркистонда мусулмонлар диёри улкан қамоқ лагерига айланмоқда… У ерда жинояткор Хитой мусулмонларга қарши турли зулму ситамлар кўрсатишяпти. Ҳатто шу даражадаки, мусулмонларни намоз ва рўза каби ибодатларини қилишни ҳам тақиқлашяпти, шу орқали динларидан чиқариб, динсизга айлантиришга уринишяпти… Шунингдек, уларни никоҳ қуриш ва фарзанд кўпайтиришдан турли ифлос услублар билан маҳрум қилишяпти. Бироқ мусулмон юртларидан бирортаси уларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилмаяпти, ваҳший Хитойнинг бундай хатти-ҳаракатига лоақал эътироз ҳам билдиришмаяпти. Биз уларни шундай қилиш ўрнига, Шарқий Туркистондан келган уйғур мусулмонлардан айримларини ўз юртларидан жинояткор Хитойга – қамасин ва қатл қилсин учун – экстрадиция қилишаётганини гувоҳи бўляпмиз!! Ўзаро эса, бу давлатлар сохта қарама-қаршилик билан овора бўлиб юришибди ҳамда жамиятни бузиш ва разолат тарқатиш мақсадида Ғарбнинг нопок цивилизациясига оид тушунчаларини ёйишмоқда.

Бироқ Ислом халқлари мана шундай оғир шароитда яшаб, заифлик ҳолатини бошдан кечираётган бўлсалар-да, уларни яккаю ёлғиз сақлаб турган қўрғони Исломга бўлган имонларидир. Мана шу имонлари уларни тойилишдан сақламоқда… Ғарбнинг ёлғон сохта цивилизациясига оид фикрий курашига алданишдан ҳимоя қилмоқда. Чунки мусулмон оилаларнинг жипслиги ва никоҳ билан боғлиқ шаръий аҳкомларга қаттиқ амал қилиши иккинчи қўриқловчи қўрғондирки, бу уларни Ғарб давлатлари бошдан кечираётган ва кенг кўламда ёйилиб кетган бузуқ иллатлардан сақламоқда. Энди, ушбу мусулмон халқлар орасида мабдага асосланган исломий ҳизбларнинг борлиги, уларнинг рошид Халифаликни барпо этиш, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш ва исломий шаръий аҳкомларни ҳаётнинг ҳамма соҳаларида кенг кўламда тўла татбиқ қилиб, исломий ҳаётни қайта бошлаш мафкурасини маҳкам ушлаганлиги эса, учинчи қўрғондир. Янада мустаҳкам ушбу қўрғон Умматнинг ҳаракат компасини тўғри йўналишга солмоқда.

Мана, Уммат ушбу учта қўрғони билан, кофирларнинг қақшатқич ҳужумлари қаршисида афсонавий қоя мисол собит туришга ҳамда сабр қилиб, рошид Халифалик давлатини ва Ислом диёрини барпо этиш учун фаолият қилаётган учинчи қўрғон вакиллари билан бирга ҳаракат қилишга қодир бўлиб турибди.

Аллоҳнинг изни ила, ушбу Халифалик Умматга қайтса ва Уммат ҳам Халифаликка қайтса, ана шунда мусулмонлар ноумидлик, тушкунлик, барбодлик ва синиш нима эканини билмайдилар.

Роя газетаси сайтидан олинди

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here