Тошкентда олти давлат бош штаб бошлиқлари учрашади

832
0

Тошкентда олти давлат бош штаб бошлиқлари учрашади

 21 феврал куни АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари Жозеф Вотел Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари штаб бошлиқлари билан учрашади, деб хабар қилмоқда РИА Новости.

 Тошкентда  бўлиб ўтадиган учрашувга Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари иштирок этади.

 Анжуманда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда кибер жиноятчиликка қарши кураш масалалари муҳокама қилинади.

 Ўзбекистондан анжуманда Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов иштирок этади.

Изоҳ: АҚШ билан Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари Ўзбекистонда тўқнашди.

 Россия Ўзбекистонга АЭС қуриб бериш, ички бозорларини ўзбек маҳсулотларига очиб бериш ҳамда Афғонистонда “ИШИД” ваҳимасини бўрттириб кўрсатиш орқали Ўзбекистонни КХШТ доирасида ўзига тортмоқчи бўляпти. АҚШ эса катта молиявий кредитлар ва инвестиция олиб кириш билан Ўзбекистонни ўзига ром қилмоқчи. АҚШ инвестиция ва савдо соҳасида ҳамкорлик даражасини юқорига кўтариш мақсадида янада кўпроқ битимларни бажаришга қарор қилди.

 “Кеча сенатор Сафоевдан руслар билан кўпроқ битимлар имзоланганлигини билдик. Биз инвестиция ва савдо даражасини кўтариш мақсадида янада кўпроқ битимларни бажаришимиз мумкинлигини тушундик. Ўзбекистон билан имзоланган меморандумларимиз бу ҳали бошланиши, биз фақат олдинга ҳаракат қилмоқдамиз”, – деган эди Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм ўтган йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида.

 Бундан ташқари, АҚШ Марказий Осиёда Ўзекистонни лидерга айлантиришга ҳаракат қилиб турли сиёсий ишларни ҳам олиб бормоқда. Бунга сўнги вақтларда Ўзбекистон пойтахти Тошкентда АҚШ бошчилигида бўлиб ўтаётган конференциялар мисол бўла олади.

19 феврал куни Тошкентда бўлиб ўтган ва икки кун давом этган “Марказий Осиёда ўзаро муштараклик: таҳдидлар ва янги имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда дунёнинг қирққа яқин давлатидан 100 дан ортиқ вакилларнинг иштирок этишди. БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ташкил этилган мазкур конференцияда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия ва Хитой каби етакчи давлатлар, Европа Иттифоқи, Шимолий кенгаш, Америка давлатлари ташкилоти, Арктика маслаҳатлашув кенгаши минтақавий тузилмалари, Жаҳон банки, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа инвестицион банки ва бошқа халқаро молия институтлари ҳам ҳозир иштирок этишди.

 Мазкур конференция тугаши ортидан Ўзбекистонга АҚШ марказий қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотел ташриф буюрди.

 Ҳа, Ўзбекистон бу икки катта давлат ўртасида талашда қолди. Лекин Ўзбекистонга таклиф қилинаётган бу икки томонлама манфаатлар, аслида Ўзбекистон хавфсизлиги учун хатарли ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки АҚШ ҳам, Россия ҳам Ўзбекистон билан фақат иқтисодий манфаатлар учунгина алоқа ўрнатишмоқчи эмас. Балки уларнинг ҳар бирининг бу минтақада ўз манфаатлари бўлиб, бирининг манфаати иккинчисиникига тўғри келмайди. Бу эса Ўзбекистонда халқаро сиёсатга таъсир кўрсатувчи давлатлар ўртасида тўқнашув кутилаётганидан дарак беради.

Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here