Трамп АҚШ иқтисодиётидаги ёмон ҳолат учун марказий банкни айблади
АҚШ президенти Доналд Трамп биржалардаги ставкаларнинг кескин пасайгани учун АҚШ марказий банкини маломат қилди. Трампнинг даъво қилишича, Америка иқтисодиётдаги муаммоларнинг келиб чиқиши фақат АҚШ марказий банкига бориб тақалади.
Трамп ўзининг твиттердаги расмий саҳифаси орқали берган баёнотида АҚШ Марказий банки бозорларни ва «тижорий урушлар»ни яхши тушуна олмаслигини танқид қилди.
“Иқтисодиётимиздаги ягона муаммо АҚШ Марказий банкидир. Улар бозорнинг тилини англамайди. Тижорий урушнинг аҳамиятини ёки кучли долларни, ҳатто мамлакатимиз чегаралари сабабли ҳукуматнинг ёпилиши кераклигини ҳам тушунишмайди. АҚШ Марказий банки худди кучли голф ўйинчисига ўхшайди. Ўзининг баллини ошира олмайди, чунки у тўпни енгил уришни билмайди”, деди АҚШ президенти.
Хабарларга кўра, Доу Жонс биржасининг индекси душанба куни 650 баллга тушиб кетган. Доу Жонс 1931 йилдан юз берган буюк инқироздан буён биринчи марта бунчалик ёмон ҳолатга дуч келганлиги айтилмоқда.
Хитой билан юзага келган кескинлик, Оқ уй ва Конгресс орасидаги бюджет масаласида келишмовчиликлар ҳамда Трампнинг АҚШ Марказий банки раҳбари Жером Пауэллни ишдан бўшатиши ҳақида тарқалган миш-мишларнинг бу пасайишда катта таъсири бўлганлиги айтилмоқда.