“Толибон” Афғонистон билан тинчлик бўйича музокаралар ўтказишга рози эмас

784
0

“Толибон” Афғонистон билан тинчлик бўйича музокаралар ўтказишга рози эмас

  “Толибон” ҳаракати вакиллари Афғонистон билан тўғридан-тўғри музокарага киришишни исташмайди. Москвада Афғонистон масаласида ўтказилган маслаҳатлашувда иштирок этган толибонлар делегацияси вакили Муҳаммад Аббос Станакзай тинчлик бўйича музокаралар фақат АҚШ билан ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақида РИА “Новости” хабар қилмоқда.

 “Бу конференция тўғридан-тўғри музокаралар масаласида эмас”,- деган Станакзай Москвадаги учрашув якунида журналистларга.

 “Биз Афғонистоннинг ҳозирги ҳукуматини қонуний деб тан олмаймиз. Шунинг учун биз улар билан тўғридан-тўғри музокара ўтказмаймиз. Кобул ҳатто бу конференцияга ўз вакилини жўнатмаган”,- дея қайд этган у.

 “Биз америкаликлар билан тинчлик музокараларида биринчи навбатда мамлакат ҳудудидан хорижлик ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни талаб қиламиз”,- дея маълум қилган Станакзай.

 “Толибон” вакили, Москва формати муваффақиятли ўтгани, бу учрашувда толибонлар билан ҳамфикр томонларнинг позициялари маълум бўлгани, ҳақида гапирган.

 “Биз Россияга бу таклиф учун миннатдорчилик билдирамиз ва умид қиламизки, бу тадбир охиргиси бўлиб қолмайди”,- деган у.

Туркистон:

Москва ҳукумати Афғонистонда тинчлик, барқарорлик ўрнатиш мақсадида Толибон билан ҳокимият ўртасини ислоҳ қилмоқчи эмас! Аксинча Россиянинг Афғонистонга нисбатан умумий стротегияси Толибон билан АҚШ ва унинг норасмий вакили бўлмиш Афғон ҳокимияти ўрталаридаги зиддиятларни кучайтиришга қаратилган. Шу нуқтадан қаралса Россия музокарадан қисман манфаатланди десак тўғри бўлади.

Афғонистонда барқарорлик, АҚШ билан Толибон ўрталаридаги шартномага боғлиқ бўлиб, бу шартномага эришиш мақсадида Афғон ҳокимияти, Ўзбекистон давлати, Покистон ва яна бир қатор сиёсий кучлар ҳаракат олиб боришяпти. Россия ҳам музокараларни “барқарорлик, Авғон халқи фаровонлигига тинчликка эришиш” деган олий мақсадлар билан бошлади. Лекин унинг мақсади айтаётган сўзларининг акси ўлароқ, минтақада кескинлик пайдо қилиш билан уруш уруғини сепишдир. Россия аввалги йили ҳам Афғон ҳукмати билан Толибон ҳаракати вакилларини музокарага чақирган эди. Унда ҳам расмий ҳукумат музокарадан бош тортган эди. Бу сафар ҳам унинг қатнашмаслиги аён бўлганига қарамай, атайин Толибонни Афғон ҳукмати ва АҚШга қарши йўналтиришга ҳаракат қилди.

Авғонистонда тинчлик ҳукм суриши, яъни Толибларнинг АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлиши Марказий осиёни Россиянинг таъсири остидан чиқариб юборади. АҚШ Толибонни транзит йўлидан тушган даромад билан бойитиб юборади. Бу билан АҚШ бир неча манфаатларни қўлга киритган бўлар эди: Биринчидан: Толибонни исломий муҳитини бузиш учун кенг имкониятларни қўлга киритади. Иккинчидан: Марказий осиёни ўз таъсири остига олиб Россияни у ердаги таъсирини заифлаштиришга кучли имконият пайдо қилади. Учинчидан: Авғонистонни тўла ўз назорати остига олган бўлади.

Толибоннинг бугунги ҳолати, қачонлардир Тожикистондаги Абдуллоҳ Нурий бошчилигидаги мужоҳидлар бошига тушган ҳолатни эслатади. Улар ҳам расмий музокаралар билан ўралашиб, ҳокимият билан расмий битим тузиб, ҳукм ишларида ҳамкорлик қила бошлаганларида ҳалокатга учрашган эди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here