Трамп: Биз ибн Салмонсиз Исроилни ҳимоя қила олмаймиз
АҚШ президенти Доналд Трамп Муҳаммад бин Салмонни мақтаб, “Исроилни ҳимоя қилиш учун АҚШнинг ундан бошқа ҳеч кими йўқ”лигини очиқ маълум қилди.
Вашингтон Пост газетасига 20 дақиқали интервью берган АҚШ президенти Оқ уй маъмуриятидан ҳеч ким саудиялик журналист Жамол Кашикчининг ўлдирилишида Саудия Арабистонининг Валиаҳд Шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни айбламаслигини билдирди. Трамп ибн Салмонни “ўлкасини садоқат билан севадиган, жуда яхши бошқарув қобилиятига эга, кучли одам” дея сифатлар экан, Саудия раҳбарлигига унинг ўрнига бошқа лидер келишини афзал кўрмаслигини маълум қилди.
Саудия Арабистонининг АҚШдан қурол сотиб олишини мақтаб, нефть баҳоси ва Эронни «боши берк кўчага» кириб қолаганлигини қўшимча қилган Трамп, АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун ибн Салмон ҳокимиятда туриши зарурлигига эътибор қаратди.
“У ерда Исроилни ҳимоя қиладиган ундан бошқа ҳеч кимимиз йўқ!”, дея алоҳида урғу берди Трамп.
Шунингдек, Трампнинг таъкидлашича, агар АҚШ Саудия Арабистонига қурол сотишни тўхтатадиган бўлса, бундан Хитой ва Россия жуда кўп манфаатларни қўлга киритади.
Журналистнинг ўлдирилиши масаласида Вашингтон маъмурияти Саудия Арабистонига санкциялар жорий этиши ёки этмаслиги ҳақида берилган саволга Доналд Трамп “бу борада бир нарса дейишлик учун ҳали жуда эрта”, дея жавоб берди.
Трамп Сухбат давомида кўпинча АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги иқтисодий муносабатларга (яъни, Саудиядан АҚШга оқиб келадиган миллиардлаган долларларга) ва Салмоннинг ушбу муносабатлардаги ролининг муҳимлигига ишора қилди.