Путин: Ўзбекистонга ташриф давомида салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланади
Россия президенти Владимир Путин келгуси ҳафтада Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга ошириши, ташриф якунларига кўра қатор ҳужжатлар тўплами имзоланиши ҳамда АЭС қурилишига старт берилишини маълум қилди.
“Кейинги ҳафтада Ўзбекистонга амалга ошириладиган ташриф давомида Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказамиз. Музокаралар якунларига кўра, ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатлар пакети имзоланади”,- деган Путин элчилардан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олиш маросими чоғида.
Россия президенти Ўзбекистон – Россиянинг стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси эканини қайд этган. Унинг эътироф этишича, икки томонлама алоқалар барча соҳаларда мустаҳкамланмоқда: сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар соҳалар шулар жумласидан.
Путин Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Ўзбекистондаги илк атом электростанцияси қурилишига старт беришини қўшимча қилган.
РФ президентининг Ўзбекистонга ташрифи 18-19 октябр кунлари амалга оширилади.
Бундан аввалроқ Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги атом электр станцияси (АЭС) Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасида жойлашган Тўдакўл сув омбори яқинида қурилиши маълум қилинганди.