Россия Сурияни С-300 билан қуроллантиради
Россия Сурияга замонавий С-300 зенит ракета комплексини тақдим этади. Бу ҳақда РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу 24 сентябр, душанба куни хабар берди, деб ёзмоқда ТАСС.
“Сурия қуролли кучларига икки ҳафта ичида замонавий С-300 зенит ракета комплекси тақдим этилади. У 250 километрдан ортиқ масофада ҳаво ҳужуми воситаларини тутиб олиши ҳамда бир вақтнинг ўзида ҳаводаги бир нечта объектни аниқ нишонга олиши мумкин”, – дея маълум қилди мудофаа вазири.
Шойгунинг сўзларига кўра, С-300 ўзининг имкониятлари ва тезлиги билан Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг жанговар салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаши керак.
Июн ойида Сурия президенти Башар Асад Россиядан С-300 зенит ракета комплекслари етказиб берилиши ҳақида хабар бермаслигини маълум қилганди.
“Ушбу комплекслар тақдим этилиши ёки этилмаслиги ҳақида биз ҳеч кимга хабар бермаймиз. Бу қурол, у ҳақида қачон қўлланилса, шунда билиб олишади”, – деган эди Башар Асад.