АҚШ божга тортиладиган Хитой товарлари рўйхатини кенгайтирди

457
0

АҚШ божга тортиладиган Хитой товарлари рўйхатини кенгайтирди

 АҚШ Хитойдан импорт қилинадиган ва 10% божга тортиладиган 200 миллиард доллар қийматли товарларнинг қўшимча рўйхатини тайёрлади. Бу ҳақда савдо музокараларида иштирок этаётган АҚШ вакили Роберт Лайтхайзер хабар бермоқда.

 Президент Дональд Трамп маъмурияти Хитойнинг “адолатсиз савдо амалиётини ўзгартиртиришни” истамаётгани сабабли шундай чораларни кўришга мажбур.

 “Бу Хитой савдо сиёсатининг АҚШга етказаётган зарарини бартараф этиш учун қилинган ва қонунда кўзда тутилган муносиб жавобдир”, – деди у.

Лайтхайзернинг сўзларига кўра, ўтган жумадан бошлаб, АҚШ божхона хизмати Хитойдан импорт қилинаётган ва умумий қиймати 34 миллиард доллар бўлган маҳсулотларга 25% бож сола бошлаган. Яна 284 номдаги ва умумий қиймати 16 миллиард доллар бўлган Хитой маҳсулотларига худди шундай божларнинг жорий қилиниши Трамп маъмурияти томонидан кейинроқ эълон этилади.

 “Бунга жавобан Хитой ҳам АҚШдан импорт қилинаётган, умумий қиймати 34 миллиард долларга тенг товарларга бож жорий қилди ва бу рўйхатни яна 16 миллиард долларлик маҳсулотлар билан тўлдириш билан таҳдид қилди”, – деб давом эттирди савдо вакили.

 “Хитойнинг бу ҳаракатлари ва савдо амалиётини ўзгартирмаётганига жавобан, президент Трамп Хитойдан келтирилаётган ва қиймати 200 миллиард доллар бўлган қўшимча товарлар гуруҳига 10% бож жорий қилиш топшириғини берди”, – деди Лайтхайзер.

Унинг айтишича, 10% божга тортиладиган товарлар рўйхати яқин орада Federal Register ахборотномасида эълон қилинади. Бу гуруҳ товарларига бож тахминан 2 ойдан сўнг жорий қилинади.

Трамп Хитой билан савдоларда юзага келаётган ва йилига 500 миллиард долларга етаётган дефицит унга ёқмаслигини кўп марта такрорлаб келган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here