Эрон иқтисодининг таназзулга юз тутиши халқнинг норозилигига сабаб бўлмоқда!

0
593

Эрон иқтисодининг таназзулга юз тутиши халқнинг норозилигига сабаб бўлмоқда!

Эронда юзага келган иқтисодий инқирозга қарши кўплаб шаҳарларда, шу жумладан, пойтахт Теҳронда минглаб одамларнинг норозиликлари кучайиб бормоқда. Эрон президенти Ҳасан Руҳоний давлат телевиденияси орқали халққа мурожаат қилиб, бирдамликка ва АҚШнинг ҳийласига учмасликка чақирди. Руҳоний ўз мурожаатида  иқтисодий инқирозга оид ҳукумат бошқарувига қаратилган танқидларга раддия билдирар экан, мавжуд ҳукуматнинг истефога чиқишини инкор қилди.

“Агар баъзилар ҳукуматни “қўрқди ва ўз йўналишидан чекинди”, деб  ўйлаётган бўлса, нотўғри ўйга борибди. Ҳукумат асло истефо бермайди”, дея таъкидлади Руҳоний.

Маҳаллий матбуоти хабарларига кўра, Эрон Олий раҳбари Али Хоманаийнинг ҳарбий маслаҳатчиси генерал-маёр Яҳё Раҳим Сафави мамлакатда тартибсизликларнинг юзага келишида Эрон ҳукуматининг бошқарувини танқид қилган. Ҳукумат халқнинг  муаммолари билан шуғулланмаганлигини, бу эса, халқ орасида бир қанча ноқулайликларга сабаб бўлганлигини билдирган Сафави, баъзи гуруҳлар бу вазиятни режимга қарши норозиликка айлантиришга уринаётганини қайд этди. Эрон иқтисодий, маданий ва ижтимоий муаммоларга дуч келганлигини тилга олган Сафави президент Ҳасан Руҳоний бошчилигидаги ҳукуматни танқид қилиб, “бу ҳукумат бўлмаса эди, мамлакат янада яхшироқ бошқарилиши кўриниб турибди”, деди.

Ҳозирда Эроннинг пойтахти Теҳронда ва яна бир қанча шаҳарларда, иқтисодий инқирозга қарши норозиликлар намойишлари давом этмоқда. Парламентга қараб юра бошлаган намойишчиларга қарши Эрон полицияси кўз ёшартувчи газ билан тўсқинлик қилган. Мазкур намойиш 2012 йилдан буён Теҳронда бўлиб ўтган намойишларнинг энг каттаси сифатида баҳоланмоқда.

Хабарларда айтилишича, намойиш чоғида “Диктаторга ўлим” каби шиорлар янграмоқда. Вақти-вақти билан намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашув ҳам юз беряпти. Парламент раисининг ўринбосари ҳукуматни мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилишга чақиргани айтилмоқда.

NO COMMENTS