Яҳуд аскари ярадорларга ёрдам бераётган ҳамшира қизни отиб ўлдирди
Фаластиннинг Хон Юнус минтақасида хизмат қилаётган кўнгилли ҳамшира Резан Нажжор ярадорларга ёрдам бераётган пайда яҳуд аскарлари томонидан ифторликдан аввал отиб ўлдирилди. Ҳамшира қизнинг яҳуд снайперчиси томонидан отиб ўлдирилганлиги аниқланди.
Фаластинлик 24 ёшли ҳамшира қиз Резан Нажжор Қуддусни муҳофаза қилиш жараёнида яҳуд аскарлари тарафидан отилган ўқдан жароҳат олган ярадорларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун кўнгилли равишла фаолият юритаётган эди. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ғазодаги матбуот котиби Ашраф ал-Кудра ўзининг ёзма баёнотида, кўнгилли ҳамшира Нажжор яҳуд аскарлари тарафидан Ғазонинг жанубидаги Хон Юнус шаҳрида отиб ўлдирилганлигини маълум қилди. Ҳамшира қиз бир ҳафта олдин “Фаластиндаги Буюк юриш” чодирда унаштирилган эди.
Фаластинлик мусулмонлар тарафидан яҳуд босқинига қарши Ғазо соҳилида ўтказилаётган қуролсиз, тинч намойишнинг ўнинчи ҳафтаси давом этмоқда. Яҳуд аскарлари қуролсиз норозилик намойиши ўтказаётган мусулмонларга қарши ҳақиқий ўқлар билан ҳужум қилмоқда. Яҳуд аскарларининг ҳужумлари натижасида шу кунгача 110 нафардан ортиқ мусулмонлар ҳалок бўлди ва минглаган намойишчилар жароҳат олди.