Сергей Шойгу навбатдаги “совуқ хабар” билан Тошкентга келди 

0
681

Сергей Шойгу навбатдаги “совуқ хабар” билан Тошкентга келди 

 Афғонистондаги вазият барқарорлашмаяпти, бу ушбу мамлакат орқали террорчилик гуруҳларининг чегарадош давлатларга ўтиши учун имконият яратади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон ҳарбий идораси раҳбари Абдусалом Азизов билан музокараларда айтиб ўтди. Бу ҳақида “ТАСС” хабар бермоқда.

 Шойгунинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик “мутлақо аниқ ва жуда муҳим хусусият касб этади”.

 “Бу албатта, биринчи навбатда Ўзбекистон чегараларидаги барча хавф ва таҳдидлар билан боғлиқ. Шу ерда Суриядан қўшни давлатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга кўчиб ўтаётган халқаро терроризм хавфининг ўсиб бораётганини ҳам тилга олмасликнинг иложи йўқ”,- деди у.

 Шойгу халқаро терроризм хавфининг тарқалиши муносабати билан, Россия катта сонли ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларни ўқитишга, шунингдек, республикага ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш учун ўқитувчиларни юборишга тайёрлигини маълум қилди. У Россиядаги ўқув муассасаларида ўқиётган ҳарбий мутахассислар сонини “бир неча фоизга эмас, бир неча баробар ошириш”ни таклиф қилди.

 Россия вазири сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари Россияда яхши билимга эга бўлмоқда.

 “Шунингдек, алоҳида режани, яъни дастурни тайёрлаш ҳам муҳим деб ҳисоблаймиз, уни эса сиз билан Россияда августда бўлиб ўтадиган “Армия-2018” Халқаро ҳарбий-техник форум чоғида кўриб чиқишга умид қиламиз, ушбу жараёнда сиз билан ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлисини ҳам ўтказишимиз мумкин”,- деди Шойгу.

 Сергей Шойгу 21 май куни Тошкентга келди. 22 май куни Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Сергей Шойгу билан музокаралар олиб бориши, унда икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий, ҳарбий-техник ва ҳарбий таълим йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари хусусида сўз юритилиши хабар берилган эди.

 “ТАСС” хабарига кўра¸ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди.

 Протокол бўйича ўтказилган расмий музокаралардан сўнг Мирзиëев ва Шойгу ëпиқ эшиклар ортида яккама-якка гаплашган. Бир соатдан ошиқ давом этган бу суҳбатда муҳокама қилинган мавзулар жамоатчиликка маълум қилинмади.

 Туркистон:

Ўзбекитон президенти Шавкат Мирзиёев 15-17 май кунлари АҚШга амалга оширган расмий сафари давомида икки давлат ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида ўзаро алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга ҳамда беш йиллик ҳарбий режани қабул қилиш ҳақидаги битимни имзолаган эди. Мирзиёевнинг бу сафари ва икки ўртада тузилган шартномалар Россия ҳукуматини хушёр торттирган шекилли, Мирзиёев сафардан қайтиб келганидан бир неча кун ўтиб, 21 май куни Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон орқали гаплашиб олишгани маълум бўлди. Телефон мулоқотдан кейин эса Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу навбатдаги ваҳимали хабар билан Тошкентга келди. 

NO COMMENTS