АҚШ президенти “Суриядан чиқамиз” деди, ташқи ишлар вазири “хабаримиз йўқ” деди
АҚШнинг Огайо штатида нутқ сўзлаган президент Доналд Трамп яқинда АҚШ кучлари Суриядан олиб чиқилишини маълум қилди. Трамп иқтисод ҳақида қилган нутқида АҚШнинг Суриядаги сарф-харажатларига тўхталар экан, “Биз жуда тез кунлар ичида Суриядан чиқиб кетамиз, бироз бошқалар ҳам бу масала билан шуғуллансин. Халифалик деган нарсани 100 фоизга йўқ қиламиз. Ҳаммасини қайтариб оламиз”, деди.
“Сурияда туришимизнинг ягона сабаби ИШИД эди, бошқа сабаби йўқ эди. Биз мақсадимизга эришдик. Энди қўйиб берайлик, бошқалар ҳам шуғуллансин”, дея қўшимча қилди у.
Трампнинг баёнотидан сўнг матбуот анжуманида Трамп сўз очган “АҚШ армиясининг Сурияни тарк этиш режаси” ҳақида саволларга жавоб берган АҚШ Давлат департаментининг матбуот котиби Хезер Науерт бундай режадан хабари йўқлигини билдирди.
“Трампнинг бундай режаси борлигидан хабаримиз йўқ”, деди АҚШ Давлат департаментининг вакили.
Трамп ўтган ойда қилган нутқида ҳам АҚШ кучларининг тез орада Суриядан чиқиб кетиши кераклигини айтган эди. Бироқ “чиқиб кетиш” жараёни ҳақида батафсил тўхталмаган эди.
Пентагоннинг маълум қилишича, Сурияда АҚШнинг 2000 аскари бор. АҚШ Суриянинг Дайр аз-Зур минтақасида йирик ҳарбий базани қураётгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалгнига ҳам ҳали кўп бўлмади. Сурия демократик кучлари ҳам бу базанининг қурилаётганини тасдиқлаган эди.