Қирғизистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари Фарғонада учрашишди

605
0

Қирғизистон ва Ўзбекистон Бош вазирлари Фарғонада учрашишди

Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош вазирлари раислигида икки давлат чегарадош вилоятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон республикаси Бош вазири Сапар Исаков давлатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, дўстлик, яхши қўшнилик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилганини таъкидлади.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябр кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикасининг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг чегараолди вилоятларидаги ваколатли вакиллари кенгашини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми имзоланган эди. Мазкур кенгаш томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш, доимий мониторинги ва таҳлилини олиб бориш, айниқса, чегараолди вилоятлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш, турли таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда муаммоларни амалий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади», дейилади ЎзА хабарида.

Йиғилишда чегараолди ҳудудлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо-иқтисодий, инвестициялар жалб этиш, туризм, маданий ва маърифий соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида фуқаролар учун шароитларни яхшилаш ва назорат-ўтказиш пунктлари сонини кўпайтириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги саноат корхоналари ва тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Қўшни мамлакат вакиллари иштирок этган кўргазмада бир қатор манфаатли шартномалар имзоланди.

“Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилаётгани икки томон учун ҳам катта имкониятлар яратмоқда. Мамлакатимизда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб катта. Ҳозирги кунда автомобиллар, эҳтиёт қисмлар, трикотаж маҳсулотлари сотиб олмоқдамиз. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан дунё бўйлаб инвестициялар жалб қилиш, тадбиркорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратиб бериш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар таҳсинга сазовор. Биз ўзбекистонлик тадбиркорлар билан туризм соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишни мақсад қилганмиз”,- деди Қирғизистон республикаси инвестицияларни жалб этиш ва ҳимоя қилиш агентлиги директори Э.Момунқулов.

 Йиғилишда чегараолди вилоятлар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, истиқболли ва кенг кўламли ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кенгашнинг навбатдаги йиғилишини Қирғизистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди.

Кўрилган масалалар юзасидан протокол имзоланди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here