Рус cиёсатчиси: Хитой Тожикистонни  аста-секин ютиб юборади

712
0

Рус cиёсатчиси: Хитой Тожикистонни  аста-секин ютиб юборади

Россия давлат Думасининг собиқ вакили, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича тадқиқот марказининг мудири Семён Багдасаров Хитой ҳукумати Марказий Осиёга нисбатан тамахўрлигининг иккинчи босқичини бошлаганлигини билдирди. Багдасаровнинг таъкидлашича, Хитой Тожикистонга берган қарзлари эвазига аста-секинлик билан бу мамлакатнинг муҳим табиий ер ости конларини қўлга киритмоқчи. Бошқача қилиб айтганда, Хитой Тожикистон фуқароларини ўзига қул қилиб, мамлакат бойликларини ямламай ютиш истагида.

Семён Багдасаров бу ҳақида “Спутник” радиосига берган интервюсида маълум қилди. “Спутник” журналистлари билан бўлган суҳбатда собиқ вакил қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Хитойликлар босқичма-босқич суратда Тожикистонни ютиб юборадилар. Тожиклар шарқий Помирдаги 1000 километр квадратдан ортиқ ерни, сўнгра Мурғоб туманидаги ҳосил берувчи ерларни Хитойга беришган. Кейинчалик  Хитой эваз тариқасида қарз беришни бошлади. Яъни “агар пул керак бўлса, биз берамиз, аммо конларингизни бизнинг ихтиёримизга топширинглар” қабилида иш тутишди. Мен шахсан ўзим 90 йилларда  Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича департаментнинг масъул раҳбари лавозимида ишалаганман. Ўшанда бундай усулдан ва унинг оқибатларидан огоҳлантириб, қайтарган эдим. Хитойликлар берган қарзларининг эвазига олтин ва кумуш конларига эгалик қилишади. Яъни аста-секин Тожикистонни ютиб юборади”.

Семён Багдасаровнинг фикрига кўра, айни дамда Хитой янги минтақаларни босиб олишнинг иккинчи босқичини бошлаган ва бу ҳарбий экпансия ҳисобланади.

“Илгари Хитой фақат иқтисодий экспансия билан машғулдир, у ҳарбий экспансия қилишга журъат этолмайди, дейилар эди. Ундай бўлса, энг улкан бандаргоҳ – Араб денгизидаги Адан бандаргоҳидаги база кимга тегишли? Жибутидаги база кимга оид? Тожикистондаги база кимники? Шундан келиб чиқиб айта оламизки, Хитойликларда эндиликда иқтисодий экпансиядан ташқари ҳарбий жиҳатдан босиб олиш режалари мавжуд. Яна шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, улар бизларнинг иттифоқчимиз эмас. Агар вазъият ўзгариб, Россияга қарши ҳаракатланиш шарт бўлиб қолса, бу ишни Хитойликлар  америкаликлардан яхшироқ иштиёқ билан амалга оширишади”, деди Багдасаров.

Маълумки, Хитой сўнгги йилларда Тожикистон ҳукуматининг асосий инвесторига айланган. Тожикистон ташқи қарзининг тенг ярми, яъни бир ярим миллиард доллар атрофидаги маблағ Хитойликларга тегишли.

Хитой томонидан берилган бундай катта миқдордаги қарз кўпчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда. Қирғизистон парламенти вакилларидан бири таъкидлаб ўтганидек, Хитойнинг инвестицияга доир шартномасида бир махсус банд мавжуд. Унга биноан давлатлар Хитойдан олган қарзлари эвазига ўз мустақиллигининг бир қисмидан воз кечишлари лозим, шу жумладан Хитой билан халқаро судда тортишиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.

Ҳали ҳанузгача Хитой ва Тожикистон ўртасидаги қарзга оид шартномалар матни бирор манбада нашр этилмаган ва шартлари аниқ кўрсатилмаган. Тожикистон миллий Банки раисининг муовини Жамолиддин Нуралиев бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди: -“Хитойнинг Тожикистонга ётқизган сармояси Жаҳон банки ёки Халқаро банк қоидаларига биноан ортиқча шартларсиз йўлга қўйилади”.

Аммо Тожикистондаги мутафаккирлар бу ҳаракатларга салбий кўзқараш билан  ёндошиб, Пекининг Тожикистонга нисбатан  бундай “меҳрибончилиги”ни тамаъхўрлик дея баҳолашмоқда. Расмий Пекиннинг эвазсиз, шартсиз сармоя бериши – бу мустамликачиликнинг бир услуби ҳисобланади. Хеч шубҳасиз келажакда берган маблағлари ҳисобига ўз мақсадларини рўёбга чиқариши муқаррар. Зеро айни пайтда  бўйнигача қарзга ботган Душанбе, Хитой берган қарзларни белгиланган муддатда адо қилолмай, мажбуран унинг шартларига рози бўлади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here