بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Саволга жавоб
Курдистон ва Эрондаги сиёсий воқеалар ривожи
Савол:
Эрон 2018 йил 6 январ куни Курдистон вилоятини Эрондаги норозилик намойишлари ортида турганликда айблади. Эртасига Курдистон вилояти бу айбловни рад қилиб чиқди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, 2017 йил 19 декабр куни Курдистон вилоятида, асосан, Сулаймония муҳофазасида йирик намойишлар бўлиб ўтди ва бу намойишларда Эроннинг роли бор, деган хабарлар тарқади. Шундан келиб чиқиб, Сулаймония муҳофазасининг Эрондаги намойишларга ёки бу иккисининг бир-бирига алоқаси бўлган деб айта оламизми? Бошқача ибора билан айтганда:
- Эронда содир бўлган ва содир бўлаётган ишлар билан Курдистон вилоятида содир бўлган ишларни бир ҳаракат ва айни ҳаракатга қарши реакция, дейиш мумкинми?
- Бу иккиси ўз-ўзидан келиб чиққан ҳаракатми ёки ташқаридан ҳаракатлантирилганми?
- Ташқаридан ҳаракатлантирилган бўлса, у ҳолда, ким ҳаракатлантирган ва намойишларни қўзғашдан мақсад Эрон билан Курдистон вилоятидаги режимларни ўзгартиришми? Аллоҳ Сиздан рози бўлсин!
Жавоб:
Иккала ҳодисани бир ҳаракат ва айни ҳаракатга қарши реакция, деб бўлмайди. Унинг Арбилни айблаши ҳам ўз-ўзидан содир бўлган ҳодисалар натижасидаги кўр-кўрона сиёсатдан (довдираб қолишдан) бошқа нарса эмас. Эрондаги ҳодисалар ортида Арбил турмаганининг сабаби шуки, ҳозирда Арбил ўз вужудига хавф солаётган инқироз билан банд. У ҳозирги шароитида Эрон кўчаларида намойиш келтириб чиқаришга кучи етмайди! Эроннинг довдираб қолгани бир неча томонларга айблов тошини отганидан ҳам кўриниб турибди. Масалан, Эрон расмийлари хорижий кучларни айблаб чиқди. Жума куни Эронинг БМТдаги вакили Ғуломали Хушру ҳам «Эрон намойишчиларнинг хориждан очиқдан-очиқ кўрсатмалар олгани ҳақидаги кучли далилларга эга», деди. (Би-Би-Си арабий, 2018 йил 7 январ). Шунинг учун Эрон довдираб қолгани учун ҳам Арбилни айблади. Мисол учун, «Кеча 2018 йил 6 январ куни Эрон ҳукуматининг мувофиқлаштирувчи кенгаши котиби Муҳсин Ризоий Эрондаги ҳодисалар сценарийси Ироқ Курдистони вилояти Арбил томонидан ишлаб чиқилган, дея баёнот берди…». (Русиял Явм, 2018 йил 7 январ). Курдистон вилояти бу айбловнинг ўз ҳукумати матбуот воизи Свен Дзия тилидан юқорида айтганимиздек рад этди. Шундай қилиб, бу масала бир ҳаракат ва айни ҳаракатга қарши реакция эмас. Қолаверса, ҳар бир ишнинг ўз мақсади ва шарт-шароитлари бўлади. Бироқ, Эрон ва Курдистондаги ҳодисалар ўз-ўзидан бошланди. Кейин ҳодисалар оқимига қараб бу икки юртга алоқадор мақсадларини қўлга киритишни истаган хорижий омиллар ҳар томонлама қуршаб олди. Буни қуйидагича баён қиламиз:
Биринчи, Курдистон вилоятидаги воқеалар
- Турли ахборот агентликлари хабарига кўра, 2017 йил 19 декабрда Сулаймонияда бир неча ойдан бери маошларини ололмаётган ишчи ва ўқитувчиларнинг норозилик намойишлари аланга олди. Сўнг намойишлар бутун Сулаймония муҳофазаси бўйлаб ёйилиб, бошқа минтақаларга, шу жумладан Арбилнинг бир қисмига уланиб кетди… Намойишларга одамларнинг бу даражада тез қўшилиб кетиши – вилоятнинг иқтисодий ишлари жуда танг аҳволда эканини кўрсатади. Бу танглик – Бағдод Киркук муҳофазасини ўз назоратига олиши оқибатида, йирик нефт ресурсларининг Курдистон вилоятида камайиб кетиши ортидан юз берди. Шунингдек, хусусан, Бағдод томонидан вилоятга бошқа турли босимлар ҳам бўлди, масалан, Арбил ва Сулаймония аэропортлари хорижий рейслар учун ёпиб қўйилди. Бу эса, хорижга сафар қилмоқчи бўлган фуқаролар олдида қийинчилик туғдириб, уларни Бағдоддаги халқаро аэропорт орқали учишга мажбур қилди. Ўз навбатида, маҳаллий ҳукумат мулозимларининг коррупцияда ва Курдистон вилояти бойликларини талон-тарож қилишда айбланишлари воқеалар суръатини янада оширди. Намойишлар – айниқса, Масъуд Барзоний ва унинг Курдистон Демократик Партиясига қарши бўлган ҳамда курд партиялари нуфузи юқори бўлган минтақаларда – хашакка тушган ўт каби бир зумда тарқалиб кетди. Яшаш шароитининг янада қийинлашишига олиб келган нарсалардан бири, курд оилаларининг маҳаллий қаршилик ҳаракатларидан хавфсираб, Киркук… каби ерлардан Курдистон вилоятига кўчиб келишлари бўлди… Мана шуларнинг барчаси айни норозилик ҳаракатлари ўз-ўзидан келиб чиққанига далолат қилмоқда.
- Бу намойишлар, асосан, Масъуд Барзоний ва унинг Курдистон Демократик Партияси ҳукмронлиги остидаги Арбил ҳукуматига қарши келиб чиқди. Чунки Барзоний Курдистон президентлигидан бўшатилган бўлса-да, амакиваччаси Ничерван Барзоний ортига яшириниб иш қилмоқда. Намойишнинг Арбил ҳукуматига қарши қаратилганини бир неча жиҳатлардан тушуниш мумкин:
а) Намойишлар Биринчи Сулаймония муҳофазасидан бошланди. Бу муҳофазани инглизлар малайи Масъуд Барзонийга қарши бўлган ҳаракат ва партиялар назорат қилади. Демак, Ўзгартириш ҳаракатининг ватани Сулаймониядир. Шунингдек, Миллий Иттифоқ партиясидаги Талабоний қанотининг ватани ҳам Сулаймониядир. Бу партияларнинг барчаси, гарчи уларнинг оқимини буткул назоратда ушлаб тура олмаса-да намойишлар келтириб чиқариш ва уюштиришга қодир.
б) Ничерван берган баёнотдан гўё намойишлар унинг ҳукуматига қарши қаратилганини тушунса бўлади. Курдча Basnews сайтига кўра, «Курдистон вилояти бош вазири Ничерван Барзоний – вилоятга қарши ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган улкан тил бириктирув мавжуд эканидан огоҳлантирди. Сўнг «Вилоят барқарорлигини бузишни ва намойишларни издан чиқариб, зўравонлик келтириб чиқаришни истовчи томонлар» борлигини таъкидлади. Ничерван Барзоний шунингдек, «Курдистонда беқарорлик келтириб чиқаришга уринаётган яширин «қўллар» бор, биз бунинг олдини олишга ҳаракат қилишда давом этамиз», деди. У «Бу ҳаракатлар бошбошдоқлик сари олиб кетмоқда. Бироқ минтақадаги хавфсизлик органлари бундай ҳолатларни кескинлик билан қаршилайди» дея, исмини очиқламаган айни «қўллар»га ишора қилди. Сўнг «Қаршимизда жиддий таҳдид ва ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган ёмон фитна турибди. Зеро, Сулаймония муҳофазасида содир бўлган иш, хавфсизлик ва барқарорликни издан чиқаришга уринишдир», дея барчани сафларни бирлаштириб, бундай ҳолатни енгиб ўтишга чақирди». (Basnews сайти, 2017 йил 21 декабр). Бош вазир бу билан референдумга Сулаймонияда қаттиқ қаршилик қилган курд партияларига ҳамда америкаликлар ва уларнинг пойтахт Бағдод ва Эрондаги тарафдорлари билан бўлган алоқаларга ишора қиляпти. Барзоний ҳукуматига қарши норозилик намойишларини уюштираётган партиялардан бири Ўзгартириш ҳаракатидир. У Курдистон Миллий Иттифоқ партиясидан ажралиб чиққандан сўнг 2009 йилги сайловлар ортидан юртдаги иккинчи сиёсий кучга айланган эди. Каврон раҳбарлигидаги Ўзгартириш ҳаракати билан Жамоати Исломия норозилик намойишлари асносида Арбил ҳукуматини тарк этди. Жамоати Исломиядаги етакчилардан бири Ёсин Ҳасан Ал-Жазирага берган интервьюсида «Намойишчиларга қарши ўқ узилганидан сўнг Жамоати Исломия билан Ўзгартириш ҳаракати бундай ҳукуматни буткул тарк қилишга қарор қилди. Биз ҳукумат дарҳол ўзини ўзи тарқатиб юборишини ва Миллий Қутқарув ҳукумати тузишни талаб қиламиз», деди. (Ал-Жазира нет, 2017 йил 21 декабр). Ўзгартириш ҳаракати етакчиларидан бири Ироқ Курдистони вилояти парламенти раиси Юсуф Муҳаммад ҳукуматнинг намойишларга нисбатан позициясини заифлаштириш мақсадида ўз истеъфосини эълон қилди. «Би-Би-Си» 2017 йил 26 декабрда бундай хабар қилади: «Ироқ Курдистони вилояти парламенти раиси Юсуф Муҳаммад ҳукуматга норозилик сифатида ўз истеъфосини эълон қилди ҳамда қонуний ҳокимиятни маълум жиноятчи мулозимлар тўдаси эгаллаб олганини таъкидлади. Юсуф Муҳаммад бу тўдани танқид қилиб, «Улар сиёсат, иқтисод, ер, бойликлар ва бошқа ҳаётий соҳаларни монополия қилиб олишган бўлиб, бунинг ўрнига бу нарсаларни вилоятда адолат билан тақсимлашлари лозим эди» деди. Унинг айтишича, Қўшма Штатлар позицияси референдумни рад этишдан иборат бўлган ва буни АҚШ ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон йўллаган мактубдан билиб олиш мумкин. Аммо тарихда олтин фурсат бўлган бундай позицияни вилоят ҳукумати зое кетказди». (Би-Би-Си 2017 йил 26 декабр). Бу Юсуф Муҳаммад билан Ўзгартириш ҳаракатининг тобелигини кўрсатади.
- Шундай қилиб, демак, норозилик намойишлари Барзонийнинг Курд Демократлар Партиясига қарши партиялар назорат қилувчи Сулаймония муҳофазасидан бошланди, унда шу партиялар етакчилари ҳам иштирок этишди, улардан айримларини хавфсизлик кучлари қамоққа олди, кейин бу партиялар Арбил ҳукуматини заифлаштириш мақсадида ундан чиқиб олишди ва бу ҳукуматни тарқалишини талаб қилишди… Сайловлар белгиланган вақтдан бир неча ой олдин парламент раиси истеъфо берди, шунингдек, Бағдоддаги Ибодий ҳукумати ишга аралашиш билан таҳдид қилди… Буларнинг барчаси шунга далолат қиладики, бошида намойишлар ўз-ўзидан табиий келиб чиққан бўлса-да, бироқ иккинчи бир ҳолат Курдистон вилояти билан боғлиқ мақсадларни амалга ошириш учун айни табиийликни хорижий турткилар асосида жиловлаб олди.
Бу иккинчи ҳолат Курдистондаги Барзоний нуфузига қарши бўлган маҳаллий жамоалар босими ҳамда Арбилдаги Барзоний ҳукуматини ағдаришга қаратилган Бағдод босимлари натижасида келиб чиқди. Бундан ташқари, Туркия, Эрон ва Бағдодда – Курдистоннинг ажралиб чиқиши билан боғлиқ референдумга масъул бўлган шахсларни жазолаш керак, деган гап-сўзлар ҳам қулоққа чалинаётган эди. Айни партия ва режимларнинг барчаси Америкага тобе эканини ҳисобга оладиган бўлсак, минтақа билан боғлиқ Трамп маъмурияти сиёсатида қуйидагиларни кузатиш мумкин: яъни, Трамп маъмурияти «биринчи Америка», деган шиор асосида ҳаракат қиляпти. У инглизлар малайлари мавжуд бўлган минтақаларда ўз сиёсатининг нуфузли бўлиши билангина кифояланмай, манфаатлари тақозо қилган пайтда, уларни жазолашга, ҳатто йўқ қилишга ҳам киришди. Бундай ҳолатга Саудияда коррупцияга қарши кампания доирасида ҳамда Солиҳ ўлдирилганидан сўнг Санъода Халқ Конгресси партияси етакчилари билан боғлиқ рўй бераётган ҳодисаларда гувоҳ бўлиб турибмиз. Шунинг учун Америка ўзининг маҳаллий ва регионал малайларини Барзоний ҳукуматига – уни ағдариш ва Арбил ҳукуматидаги инглизлар ҳукмронлигига якун ясаш учун – босим ўтказишга ундаяпти. Агар уни ағдаришга яқин орада қодир бўлмаса, тинимсиз босимлар билан бунга замин тайёрламоқда.
Курдистонда бўлган ва бўлаётган ишлар ҳақида кучлироқ тахмин ман шу.
Иккинчи, Эрон воқеалари
- 2017 йил 28 декабрда портлаган норозилик намойишлари – иқтисодий вазият, одамларнинг яшаш шароити, юқори даражадаги ишсизлик, қашшоқлик ва қимматчилик сабабли келиб чиқди. Ҳисоботларга кўра, бугун Эронда ишсизлик нисбати кўтарилиб кетган. Эрон ички ишлар вазири Абдуризо Раҳмоний Фазлий 2017 йил 1 октябрда берган матбуот конференциясида бундай деди: «Ҳозирда ишсизлик нисбати 12 %га етди, юртнинг араблар яшайдиган Аҳвоз, курдлар яшайдиган Кирмоншох ва Балужистон каби айрим шаҳарларида бу нисбат 60 %дан ошиб кетган. Илмий даража эгалари ҳамда университет битирувчилари ўртасидаги ишсизлик жуда юқори». (Арабийя, 2017 йил 2 октябр). Ҳисоботларга кўра, университет битирувчиларининг 21 %и ишсиз, 15 % эронлик қашшоқлик даражасидан ҳам паст шароитда кун кечиради. Бу эса, худди капиталистик тузумни татбиқ қилувчи бошқа барча юртлар каби, Эронда ҳам айни тузумнинг татбиқ этилиши юртдаги оддий инсонларга салбий таъсир қилганини англатади. Бундан ташқари, бойлик адолатсиз тақсимланиб, бир гуруҳ бойлар қўлида тўпланиб қолган ва бошқа жуда кўп инсонлар ундан маҳрумдирлар… Қашшоқлик масаласи мутлақо ҳал этилмайди. Банкларнинг ҳаммаси судхўрлик асосида ишлайди. Халқаро Валюта Фондининг сиёсат ва кўрсатмаларининг золимона натижаси ўлароқ, юртда капиталистик солиқлар тизими татбиқ этилмоқда. Сўнгги ҳодисалардан олдин, 2017 йил 18 декабрда Халқаро Валюта Фондидан бир гуруҳ делегация Теҳронга келди. Бу делегация ҳар йили Эрон ҳукумати билан маслаҳатлашув йиғини ўтказади. Йиғинда делегация раисаси Катриона Пурфилд маъруза қилиб, эронлик масъулларга бундай деди: «Ҳозир бу ердаги вазиятга ишониб бўлмайди, Эрон молия тизими хавф остида қолган, бундай пайтда ҳукумат банклар ва кредит муассасаларини ташкиллаштириш ва капиталлаштириш фаолиятини қайта кўриб чиқиши лозим». Кейин «Биринчи галда, зудлик билан активлар сифатини текшириш, шунга алоқадор контрагент кредитларини баҳолаш, банкларни капиталлаштириш ва муаммоли қарзларни муолажа қилиш учун вақт бўйича ҳаракат режасини ишлаб чиқиш зарур»лигини таъкидлади. (Эрон глобал расмий саҳифаси, 2017 йил 19 декабр). Шубҳасиз, ҳукуматнинг айни талабларни ижро этиши, қимматчилик, ишсизлик ва қашшоқлик келтириб чиқаради, одамлар жуда ночор аҳволга тушадилар, кейин эса, режимга қарши қўзғалиб, турли йўллар билан ўз қийинчиликларини ифодалайдилар.
- Эрондаги норозилик намойишлари мана шундай келиб чиқди. Юрт шарқидаги Машҳад шаҳридан бошланган бу намойишлар даъвати «йўқолсин қимматчилик», деган шиорлардан иборат бўлди. Лекин Машҳадга чекланиб қолмай, суръат билан бошқа шаҳарларга ҳам кўчди ва бу шаҳару баладиялар сони 80дан ортиб кетди. Намойишларда раҳбарларнинг коррупцияси, ишсизлик ҳамда камбағаллар билан бойлар ўртасидаги фарқнинг кенгайишига нисбатан ғазабланган минглаб ёшлар ва ишчилар синфи иштирок этди. Эрондаги «Шаффофлик ва адолат мониторинги» ташкилотининг идорий кенгаши раҳбари Аҳмад Таваккалий 2017 йил 30 декабрда «Форс» ахборот агентлигига берган интервьюсида бундай деди: «Бу норозилик намойишлари уч омил оқибатида келиб чиқди: биринчи: Халқаро Валюта Фондининг шафқатсиз иқтисодий тартибга солиш сиёсатини қабул қилиш, иккинчи: ҳукумат ва масъулларнинг иқтисодий муаммоларни ҳал этишдаги заифликлари ва ниҳоят: ҳукуматнинг шаффофликдан ва қабул қилган қарорларига жавоб беришдан қочиши». Агар бунга Эроннинг Ливан, Сурия ва Яман каби юртлардаги жангарилари ва агентларига сарфлаётган хорижий харажатлари қўшиладиган бўлса, бу муаммони баттар мураккаблаштириб, эронликлар гарданига қўшимча юк бўлиб тушгани ва бу нарсалар норозилик намойишлари қилишга одамларни мажбур қилгани маълум бўлади. Улар ҳатто режимни ўз халқига хиёнат қилганликда ҳам айбладилар: «Кўпчилик эронликлар ҳукуматларининг Ғазодаги Ҳамасга, Ливандаги Ҳизбуллоҳга, Суриядаги Асад режимига ва Ямандаги Ҳусийларга ёрдам беришларини, нотўғригина эмас балки хоинлик, деб ҳисоблайдилар». (Арабий 21, 2018 йил 1 январ). Булардан Эрондаги намойишларнинг иқтисодий омил сабабли ўз-ўзидан табиий келиб чиққани очиқ кўриниб турибди. Бироқ режим бунга куч билан жавоб қайтарди ва оқибатда ўлганлар, жароҳатланганлар бўлди. «Айрим ҳисоботларда 28 декабр намойишлари бошлангандан сўнг ҳибсга олинганлар сони 1700дан ортиб кетгани айтилади». (Би-Би-Си Арабий, 2018 йил 7 январ).
- Маълумки, ҳар қандай норозилик намойишини агар тўғри ҳал этиш кечикиб кетадиган бўлса, айниқса, уни куч билан ҳал этиладиган бўлса, ўз ортидан у сиёсий норозилик намойишларини олиб келади. Ҳақиқатда ҳам шундай бўлди. Иқтисодий шиорлар ортидан режим ва раҳбарларга қарши сиёсий шиорлар ҳам кўтариб чиқилди. Намойишчилар режимни танқид қилиб, уни минтақа урушларига аралашишда ҳамда бу урушларга миллиардлаб долларларни сарфлашда айбладилар. Бу норозилик намойишларида режимга қарши сиёсий тенденциялар ҳамда режим структураси ва раҳбарларга қарши чиқиш муҳити ҳукмрон бўлди. Ана шунда Европа билан Америка айни ҳодисалардан фойдаланишга киришди. Европа ахборот воситаларида, хусусан, Британия радио-телевидениеси каби инглиз тилидаги ахборот воситаларида Эрондаги намойишларга тарғибот бошланди. Ўз навбатида, Франция президенти Макрон «Ҳаёт» газетасининг Эрондаги воқеалар ҳақидаги саволига бундай жавоб берди: «Бу намойишлар Эрон фуқаролик жамиятининг очиқлигини акс эттирмоқда. Бу нарса мени президент Руҳоний билан телефон орқали боғланишга ундади. Мен унга зўравонликдан сақланиш ва фуқароларга сўз эркинлигини қўйиб бериш зарурлигини эслатдим. Биз Эроннинг намойишчилар талабларини қондириши орқали керакли очиқликни намойиш қилишига мунтазирмиз. Ана шундагина ишлар жараёнига баҳо бера оламиз. Франция ташқи ишлар вазири Ле Дрианнинг белгиланган Эрон сафарига, ундан кейин ўзимнинг сафаримга ҳозирлик кўраётган эканман, Эронни доимий мулоқотга даъват қиламан». (Ҳаёт газетаси, 2018 йил 4 январ).
- Лекин линияга АҚШнинг киргани, тўхталишга арзийди. Президент Трамп Твиттер саҳифасида ёзишни бошлади. У 2018 йил 1 январ кунги ёзувида бундай деди: «Буюк Эрон халқи йиллар мобайнида репрессия остида яшади. У озиқ-овқат ва эркинликка чанқоқ. Эрон бойликлари талон-тарож этилмоқда, инсон ҳуқуқлари бузилмоқда, ўзгартириш вақти келди. Обама маъмурияти имзолаган даҳшатли битимга қарамай, Эрон ҳар соҳада муваффақиятсизликка учрамоқда». Оқ уй матбуот секретари «Трамп маъмурияти Эрон режимининг минглаб намойишчиларни қамоққа олганини ифодаловчи мақолалар олдида чуқур хавотир ҳис қилмоқда», дея баёнот берди. Сўнг «Биз Эрон диктаторларига ўз фуқароларининг асосий ҳақ-ҳуқуқларини бостиришига асло жим қараб турмаймиз, бу режим ҳар бир қонунбузарликлари учун албатта жавоб беради». (Ироқ электрон саҳифаси, 2018 йил 10 январ), дея қўшимча қилди. Шу тарзда Дональд Трамп етакчилигида кўплаб америкалик масъуллар эронлик намойишчиларни биринчи кундан бошлаб ҳукуматга қарши очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлашди. «АҚШнинг БМТдаги доимий вакиласи Никки Хейли жума куни Хавфсизлик Кенгаши олдида Вашингтоннинг эронлик намойишчилар томонида турганини таъкидлар экан, «Улар ўзлари учун эркинлик, оилалари учун фаровонлик ва миллатлари учун ҳурмат-иззат талаб қилмоқдалар», деди. Вашингтон томонидан Хавфсизлик Кенгашининг тезкор йиғинига чақирилиши кенгашнинг бошқа аъзоларини, жумладан, Россияни жаҳлини чиқарди ва Россия вакили Эрондаги норозилик намойишларини «унинг ички иши», деб баҳолади. (Би-Би-Си арабий, 2018 йил 7 декабр». Вашингтоннинг Хавфсизлик Кенгаши йиғинини чақириши Американинг Эрондаги намойишлар тўлқинини жиловлаб олганига далолат қилади. Тезкор чақириғи эса, Хавфсизлик Кенгаши аъзолари учун кутилмаган ҳол бўлди: «Би-Би-Си мухбири Барбара Плеттга кўра, Эрондаги норозилик намойишларини муҳокама қилиш учун Хейлининг тезкор Хавфсизлик кенгашини чақириши Кенгаш аъзолари учун кутилмаган ҳол бўлди. АҚШ Россиянинг йиғинга нисбатан норозилигига қарши босим ўтказишга мажбур бўлди. Қўшма Штатлар вакили Вашингтоннинг эронлик намойишчилар томонида турганини таъкидлар экан, жумладан бундай деди: «Улар ўзлари учун эркинлик, оилалари учун фаровонлик ва миллатлари учун ҳурмат-иззат талаб қилмоқдалар». (Би-Би-Си Арабий, 2018 йил 6 январ).
- Шу ерда ўз-ўзидан бир савол туғилади: Америка Эрондаги намойишларни қўллаб-қувватлаётгани унинг Эрон режимини ағдаришга ҳаракат қилаётганини англатадими? Ёки у ердаги намойишларни жиловлаб олиш орқали унда бошқа бирор мақсад борми? Бунга қуйидагича жавоб берамиз:
Американинг Эрондаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётгани режимни ағдаришга қаратилган, деган гап ҳақиқатдан узоқ бўлиб, бу нарса ўша гапни гапирганлардан чиққан, холос. Дарҳақиқат, Ҳаёт газетасининг 2018 йил 4 январ кунги сонида АҚШ ташқи ишлар вазирининг Ироқ ва Эрон масалалари бўйича ёрдамчиси Андрей Пеекнинг «… Биз фақат намойишчиларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳақида гапиряпмиз, ва ниҳоят, режимнинг кўплаб соҳаларда, айниқса, намойишчиларга нисбатан ўз хатти-ҳаракатини ўзгартиришини истаймиз, АҚШ маъмурияти режимнинг хатти-ҳаракатида ўзгариш бўлишини истайди, Эрон режимида эмас», деган сўзлари нашр қилинди. Ҳа, биз учун Американинг Эрон режимига нисбатан роли маълум. 2013 йил 21 августдаги саволга жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Американинг Эрон инқилобидаги роли бошиданоқ аниқ эди… Эронининг минтақадаги барча сиёсий фаолиятлари Америка лойиҳасига мувофиқ ва у билан ҳамоҳанг равишда олиб борилди». Шунингдек, 2017 йил 23 февралдаги саволга жавоб нашрамизда ҳам бундай дегандик: «Шундай қилиб, Эронинг минтақадаги роли, пухта ўрганилган Америка сиёсатидир ва вазиятга қараб Америка сиёсати талабларига мувофиқ бу роль қисқариб-кенгайиб туради». Демак, Американинг Эрондаги норозилик намойишларини очиқ қўллаб-қувватлаётгани у ердаги мавжуд режимни ағдаришга қаратилган эмас.
- У ҳолда, нима сабабдан Америка намойишлар тўлқинига худди йўқотган нарсасини топгандек маҳкам ёпишиб олди? Бунинг икки сабаби бор:
Биринчи: Жамоатчилик эътиборини Фаластин ва Трампнинг Қуддус тўғрисидаги баёнотидан буриб, Эрон мавзуси билан банд қилиб қўйиш. Ана шунда Эрон минтақадаги биринчи душманга айланади… Кейин барча диққат-эътибор Эронга қаратилиб, Фаластинни босиб олган яҳудийлар вужуди қолиб кетди.
Иккинчи: Қўшма Штатлар Эронга қарши турибди, унинг хавфидан бошқаларни ҳимоя қиляпти деган ҳужжат билан Американинг минтақадаги малайларини сақлаб қолиш учун бир баҳона ўйлаб топиш. Чунки мўминларга энг қаттиқ адоват қилувчи яҳудийлар давлатига Қуддусни пойтахт қилиб бериш тўғрисидаги Трамп баёноти – 2017 йил 7 декабрдаги варақамизда айтганимиздек – Америка малайлари кетига бериладиган тепкидир. Зотан, Қуддус мусулмонлар қалбида ва юрагидадир. Анави малайларнинг Трамп баёнотига сукут қилиб, яна унга малайлик қилиш ва дўстлашишда давом этишлари эса, энг ёмон шармандаликдир. Шу боис, Трампнинг Эронга қарши қаратилган баёнотлари худди чўкаётган одам чўпга осилгани каби, ҳукмдорларнинг ҳам – Трампнинг Қуддус ҳақида берган баёнотларига қарамай – Америкага малай бўлиб қолишларини оқлаш учун бир баҳона бўлди. Бу нарса уларнинг энг катта душман Эронга Америка қарши турибди, деган гапларидан кўриниб турибди. Бундай баҳона эса, энг жирканч гуноҳдир.
قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ
«Уларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, қандай адашмоқдалар-а» [Тавба 30]
Эронда бўлган ва бўлаётган норозилик намойишлари, ташқи баёнотлар, хусусан Америка баёнотлари тўғрисидаги кўпроқ тахмин ман шу.
- Сўзимиз ниҳоясида шуни айтмоқчимизки, мустамлакачи кофир давлатларнинг исломий юртлар тақдири билан ўйнашишларига бирдан-бир сабабчи мана шу рувайбиза ҳукмдорлардир. Улар шу кофир давлатлар буйруғини қабул қилиб, Ислом ва мусулмонлар душманлари билан дўстлашишмоқда. Ваҳоланки, имом Аҳмад ўзининг «Муснад»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан чиқарган (ривоят қилган) ҳадисида Росулуллоҳ ﷺ бундан огоҳлантирганлар:
«إِنَّهَا سَتَأْتِي عَلَى النَّاسِ سِنُونَ خَدَّاعَةٌ يُصَدَّقُ فِيهَا الْكَاذِبُ وَيُكَذَّبُ فِيهَا الصَّادِقُ وَيُؤْتَمَنُ فِيهَا الْخَائِنُ وَيُخَوَّنُ فِيهَا الْأَمِينُ وَيَنْطِقُ فِيهَا الرُّوَيْبِضَةُ قِيلَ وَمَا الرُّوَيْبِضَةُ قَالَ السَّفِيهُ يَتَكَلَّمُ فِى أَمْرِ الْعَامَّةِ»
«Албатта, инсонларга алдамчи йиллар келади. У йилларда ёлғончи ростгўйга, ростгўй эса ёлғончига чиқарилади, хоинга омонат топширилади, омонатгўй хоинга чиқарилади. У йилларда рувайбиза нутқ сўзлайи. Рувайбиза ким? деб сўралди. Шунда Росулуллоҳ: Омма иши хусусида нутқ сўзловчи тентакдир, дедилар». Ҳоким ҳам бу ривоятни «Мустадрак»да ривоят қилган ва (бу исноди саҳиҳ ҳадисдир), деган.
Демак, Умматнинг ушбу мусибати ҳукмдорлардир. Бироқ, Уммат инсонлар учун чиқарилган энг яхши Умматдир. Шу боис – Аллоҳнинг изни ила – бу рувайбиза жобир ҳукмдорлар жабрига Уммат узоқ вақт сукут қилмайди. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ ﷺ бундай жобир подшоҳ замонидан сўнг рошид Халифалик қайтишини башорат қилганлар. Имом Аҳмад ва Таёлисий «Муснад»ида Ҳузайфа ибн Ямондан бундай ривоят қилади:
«ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»
«Сўнг золим-зўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади».
وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَرِيبًا
«Улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» [Исро 51]
24 робиус-соний 1439ҳ
11 январ 2018м